42

Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди

ЖАМИЯТ 14.09.2019, 14:44
487
Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга оид масала кўриб чиқилди.

“Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом муҳокама этилди. Ушбу масала бўйича Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинди.

Маълумки, ушбу ҳужжат аввал ишлаб чиқилган, лекин у намунавий характердаги ҳужжат сифатида қабул қилинган эди.

Бироқ, оилавий тантана ва маросимларда тавсияларга риоя этмаслик, дабдабабозликка йўл қўйиш кўпайгани сабабли Низомни қатъий ҳужжат сифатида жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Низомда маросимларни ўтказиш вақти, меҳмонлар сони каби жиҳатлар билан бирга маросимлар билан боғлиқ хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам тартибга солинган.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказиш бўйича талаблар қўйилган. Эндиликда тўйхона, кафе ва ресторанларда оилавий тадбирларни ўтказишда оилавий тадбир иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этилади.

Оилавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган тўйхонанинг инфратузилмаси (эҳтиёт чиқиш йўллари, кузатув камералари, автотранспорт воситаларини сақлаш жойлари ва ҳоказолар) лозим даражада бўлиши, атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик зарур.

Концерт-томоша вақтида овоз кучларининг миқдорини 70 дцбдан оширмаслиги, озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиши лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.

Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Бундай чораларнинг бундан буён мажбурий характер касб этиши юртдошларимизнинг бошқалар олдида уялиб қолмаслик учун мажбуран ортиқча харажат қилиши каби ҳолатларга чек қўяди. Тўй қилиш баҳонасида ўзини кўз-кўз қилишга интилаётган, минглаб одамларни, ўнлаб қўшиқчиларни чақириб ортиқча дабдабага йўл қўяётганларни тартибга солишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жамият муҳитини соғломлаштиради, юртдошларимизнинг бошқа муҳим мақсадларини амалга ошириш, турли соҳаларда ютуқларга эришишига йўл очади.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+20° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz