Анқарада Россия, Туркия ва Эрон давлат раҳбарлари иштирокида Суриядаги инқирозни бартараф этишга бағишланган саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда Еuronews.com нашри хабар берди.
Саммит иштирокчилари музокаралар конструктив руҳда ўтганини таъкидлашди. Россия томони Суриянинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш борасидаги мажбурий шарт сақланиб қолганини таъкидлади. Президент Владимир Путин Америка қўшинларининг тез орада Суриядан олиб чиқиб кетилишига умид қилаётганини маълум қилди.
У АҚШ қўшинларининг бу ерда бўлиши ноқонуний эканлигини айтиб ўтди. Ўз навбатида Туркия президенти Ражеп Тойиб Эрдоған суриялик қочоқларнинг бир қисмини ортга қайтариш имконияти мавжудлиги ҳақида маълум қилди. Расмий Анқара Сурия ҳудудида ташкил этмоқчи бўлаётган хавфсиз ҳудудга ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган 2 миллионга яқин суриялик қочоқларни жойлаштиришни режалаштирган.