42

«Шунча ташкилот турганда аёл нега ўз муаммоси билан ўзи қолиб кетиши керак?» – Элмира Боситхонованинг бир иш кунига назар (Видео)

ЖАМИЯТ 05.10.2019, 14:23
Теги: Видео
529
«Шунча ташкилот турганда аёл нега ўз муаммоси билан ўзи қолиб кетиши керак?» – Элмира Боситхонованинг бир иш кунига назар (Видео)

Kun.uz вакиллари «Раҳбар билан бир кун» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг бир иш кунига гувоҳ бўлди.

Маълум бўлишича, қўмита раиси иш кунини соат 8:20да бошлаб, анча кеч якунлайди.

«Бугунги кун бошланишидан аввал, кечаги иш кунимиз соат 23:30да тугаганини ҳақида гапирмоқчи эдим. Соат 00:00да уйга келдим. Давлатимиз раҳбарининг талаблари бу – яъни, хоналарда, креслоларда ўтириб ҳаракат қилиш бугунги кунга умуман тўғри келмайди. Бугунги кунда қилаётган ишларимиздан самара деярли бўлмаслиги ёки жуда ҳам паст бўлишининг яна бир муҳим сабаби бу – ҳамкорликда ишлашни билмаймиз.

Биз, мабодо қандайдир хатолик бўлиб қолса, унга ким жавоб беради, деган қўрқув билан қилинган ишлардан воз кечиш ҳолатимиз ҳам бўлади. Ёки бўлмаса, ютуқ бўлса, бу фақат менинг ютуғим, бунда унинг иштироки йўқ деб, ҳамкорларни ҳам писанд қилмай, ўзимизнинг ютуғимиз дейилганидан ҳамкорлик ҳолатлари бузилишига сабаб бўляпти», – дейди Боситхонова.

Лойиҳа тасвирга олинган кун пайшанба, яъни қўмита раисининг қабул куни эмаслигига қарамай, Элмира Боситхонова мурожаат билан келганлар борлиги, уларни қабул қилиши кераклигини айтди. Шундан сўнг фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаётган масалалар юзасидан қўмита ваколати доирасида кўрсатмалар, ҳал қилиш бўйича эса юристга топшириқлар берилди.

9:30. Ҳудудий қўмиталар раҳбарлари билан кундалик мулоқот бўлиб ўтди. Бу сафар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон вилояти хотин-қизлар қўмиталари раисларининг тизимдаги турли масалалар юзасидан фикрлари тингланиб, уларни ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сўнг «Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун Ёшлар иттифоқи биноси томон йўл олдик. Йўл-йўлакай раис жамиятдаги турли долзарб масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бугунги кунда глобализация таъсири натижасида маҳалланинг мавқейи бироз пасайди. Маҳалла-кўйда юзимни ерга қаратдинг, деган сўзлар аввал эшитиларди. Чунки маҳалладаги тартиблар билан ҳисоблашиш масалалари аввал юқорироқ эди», дейди у.

Боситхонова ҳозирги кунда жамият учун аҳамиятли мавзуга айланган тўйлардаги дабдабалар мавзуси бўйича ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ҳозирги дабдабаларда оёқ остида ишқаланаётган пулларни кўрганда даволаниши керак бўлган болаларнинг чеҳраси кўзимга кўринади. Қандай қилиб бунга тўғри қараш мумкин? Бу парокандаликнинг, қадриятларимиз нақадар пароканда бўлаётганининг белгиси. Бу пулларга қанча боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди. Тўйлардаги пул сочишлар – инсонийлик тамойилларига зид, виждонга хиёнат», – дейди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

10:20. Ёшлар иттифоқига етиб келдик. Бу ерда раис «Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик-танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимини очиб берди ва бошланғич ташкилотлар фаолиятини тўғри олиб бориш тўғрисидаги тақдимоти билан чиқиш қилди.

Тадбирдан чиққан Элмира Эркиновнадан, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар иш жойидан ҳақ тўланадиган таътил берилиши, бу вақт мобайнида унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдоридаги нафақа (халқ тилида «бола пули») 2013 йилдан буён фақат нодавлат ташкилотларида ишлайдиган аёлларга тўланаётгани ҳақида фикр билдиришни сўрадик.

«Бу масалани режаларга киритганмиз. Бу – аёлларни қўллаб-қувватлашдаги энг бўш томонимиз. Масалан, совет даврида бу нарса аниқ белгиланган эди, мустақил бўлганимиздан кейин 25-26 йил давомида давлат бюджетини иқтисод қилиш аёлларга бериладиган нафақа пуллари ҳисобига қисқариш бўлди.

Хотин-қизлар қўмитаси бу борада Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда куни кеча давра суҳбати ўтказдик. Депутатларимиз билан ҳам кўришдик – биз жамоат ташкилоти сифатида Олий Мажлисга ўз таклифларимизни киритамиз», – деди у.

12:10. Элмира Боситхонова Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги оилавий поликлиникада «Аёллар саломатлик маркази» ишини кўриш учун борди ва скрининг масалалари бўйича мажлисда иштирок этди.

«Ҳамкорлик масаласидаги нуқсонларни сездим. Бу йиғилишга ҳар бир маҳалладаги мутахассислар келиши керак эди», - дея ҳамкорликда ишлаш бўйича йиғилганларга ўз фикрларини билдирди у.

Элмира Эркиновна тиббий кўриклар ҳақида гапира туриб, шундай деди:

«Бизда битта катта хавф бор. Қайси мактабда ёки ўқув муассасасида тиббий кўрик бошланса, дарров ҳамма ерда шов-шув бўлиб кетади. Худди қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиши ғайритабиий ҳолатдек. Биз тиббий кўрикларни шу даражада ўтказишимиз керакки, бу авваламбор тиббий маданиятнинг кўрсаткичи бўлиши керак. Қонунимиз бўйича ҳар бир фуқаро бир йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиши керак».

«Аёл пенсияга чиққанидан кейин энг бахтли куни – пенсия келадиган кун»

Поликлиникадан сўнг йўл йўл кўрсаткичимизни Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида жойлашган «Дўстлик» МФЙ, Ўзбекистон участкаси далалари томон бурдик. Йўл давомида раис Қуйи Чирчиқ энг оғир туманлардан бири бўлгани, Президент томонидан намунавий ҳудуд деб аталиб, ҳозирда ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилаётгани ҳақида гапириб берди. Манзилимизда бизни туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Кифоят Эрмуҳаммедова кутиб олди ва тумандаги ўзгаришлар билан бирма-бир таништиришни бошлади.

14:10. «Агро кластер» МЧЖнинг Ўзбекистон участкаси ҳудудида далада ишлаётган аёллар билан суҳбат қурилди. Раис уларга кластер ва фермер хўжалиги ўртасидаги фарқ ҳақидаги савол билан мурожаат қилди. Суҳбат иштирокчиларидан бири бўлган аёл фермерлик вақтида ойига юз минг сўм олингани, кластерда эса меҳнат дафтарчаси очилгани, келажакда пенсия олишини айтиб ўтди.

«Илоҳим пенсия олиш даврларига етказсин. Биласизларми, аёл пенсияга чиққанидан кейин энг бахтли куни – пенсия келадиган кун», дея ният билдирди Боситхонова.

«Аёлларни ҳимоя қилиш учун шунча ташкилот бўлганида нега аёл ўз муаммоси билан ўзи қолиб кетиши керак?»

15:10. Далада меҳнат қилаётган аёллар билан бўлган суҳбатдан сўнг «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинига келдик. Маҳалланинг фаол аёллари билан мулоқот қилинди. Суҳбат давомида раис фаолларга «Оиладаги муаммоларга маҳалла аралашиши шартмикан?» деган савол билан мурожаат қилди ва уларнинг бу борадаги фикрларини билишга қизиқди.

Элмира Боситхонова Сурхондарёда фарзандини ҳожатхонага ташлаб юборган аёлни эслади:

«Нега бундай воқеа содир бўлди? Ўйлаб кўрайлик. Буни ёмон ҳаракат деб айтишдан олдин қиз шу аҳволга тушганида атрофида меҳрибон аёллар бўлиб, ечим йўлларини топиш ўрнига, у ечимни жиноят орқали топди. Болани ҳожатхонага ташлади. Бунда жамият, давлат идоралари, тиббиёт, профилактика инспектори, Хотин-қизлар қўмитаси айбдор. Аёлларни ҳимоялаш учун шунча ташкилот бўлганида нега аёл ўз муаммоси билан ўз қолиб кетиши керак?»

Маҳаллада бўлган йиғилишда фуқаро Дилором Рашидова раисга иш сўраб мурожаат қилди. Бунга жавобан фуқарога касбий кўникмаларни бериш, иш масаласида маслаҳат олиш мақсадида қўмитанинг бандлик масалалари бўйича мутахассиси туманга юборилиши айтилди.

16:20. Маҳалладаги мулоқотдан сўнг уй-жой билан таъминланган фуқаро Жадра Ермекбаеванинг хонадонида бўлдик ва унинг турмуш шароити билан танишдик.

Шундан сўнг «Беруний барака чеварлари» тикув цехига отландик.

«Қўмитамизнинг ҳудудлардаги раҳбарлари жойларда президентимиз берган бу уйларни тарқатдим, иш қилдим, деб ҳисоблашяпти. Бу иш эмас. Бу уйни биз қурмадик. Давлатимиз раҳбарининг ҳаракатлари. Уйда яшаш имкониятларини яратиш – бизни хизматимиз», дейди Элмира Эркиновна.

16:50. «Беруний барака чеварлари» тикув цехида малака курсида ўқиган 100 нафар хотин-қизларга яратилган шароитлар билан танишдик. Тикув цехи яқинида жойлашган «Беруний беклар пойабзаллари» цехида оёқ кийим ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирдик.

Шу билан Қуйи Чирчиқ туманига сафар поёнига етди ва Тошкент шаҳрига қайтдик.

18:30. Раис қўмита биносига қайтгач, қўмита делегациясининг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифига бағишланган йиғилишда иштирок этди. Хориждаги ватандошлар билан ишлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Кабинетига қайтгач, Элмира Боситхонова бизга юзланди:

«Аёлларимиз марказдан келган раҳбарга ўзининг дарди билан чиқиш масаласи ҳам бор. Мана, Қуйи Чирчиқда маҳаллада учрашганимизда бир аёл ўзининг бандлиги масаласи бўйича мурожаат қилди. Фабрика олдида ҳам тўрт нафар аёл муаммолари билан мурожаат қилди. Шу хулосага келдимки, эртага у ерга ҳам бандлик масалалари, ҳам ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассисларимизни юбораман. У ана шу аёлларнинг муаммосини ўрганиб, ечим йўллари топиш бўйича менга таклиф билан кириши ва бу таклифларнинг ечим йўлларини топиш бўйича давомий ишлар амалга оширилиши керак.

Барча йўналиш – аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам бериш, оилани қўллаб-қувватлаш, қизлар тарбияси бўйича қилинадиган ҳамма ишимиз бўйича йил якунигача режаларимиз бор. Қадам-бақадам ижро механизмларини шакллантириш ва унинг аниқ ижросини амалга ошириш бўлса, бу кабинетда ўтириб, қандайдир қоғозларни, дастурларни шакллантириб, уни имзолаш ва чекка ҳудудларга юбориш билан ҳеч қандай иш амалга ошмаслигини давлатимиз раҳбари бизга ҳам айтдилар. Биз ҳам буни ўзимизнинг тажрибамизда кўрдик. Ижро механизмларини аниқ амалга ошириш билан натижага эришамиз».

Суҳбатимиз давомида Хотин-қизлар қўмитаси раиси никоҳ шартномаси, оиладаги ажралиш жараёнларида аёлларнинг ҳуқуқлари, тўйлардаги дабдабалар, ўқув муассасаларида тиббий кўрикларни ташкил этиш, ҳимоя ордери каби масалалар борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Суҳбатни якунлаб, Элмира Эркиновна билан хайрлашдик. У ҳали ишлари борлигини айтиб, кабинетида қолди.



Комментарии

Нукусда юқори синф ўқувчилари ўртасида янгича ҳарбий-спорт эстафетаси ўтказилди (Видео)

21.10.2019, 09:37

Разведкачиларнинг тўсиқли йўлагини енгиш, гранатани габаритга тушуриш, нишонларга қарата пневматик милтиқдан ўқ узиш ва яна бир қанча синовларга бой бўлган янгича ҳарбий мусобақанинг илк ғолиблари...
Қашшоқлик чегараси юқори бўлган Европа Иттифоқи мамлакатлари маълум бўлди (Видео)

18.10.2019, 17:17

Европа статистика агентлиги маълумотларига кўра, ҳар бешинчи европалик ёки бўлмасам 109 миллион киши ижтимоий изоляция ҳолатига ёки қашшоқлар қаторига тушиб қолиш хавфи остида турибди. Бу...
Филиппин аҳолиси кучли зилзиладан ваҳимага тушди (Видео)

18.10.2019, 17:03

Филиппинда кучи деярли 6,5 баллга тенг бўлган зилзила рўй берди. Ҳодиса аҳоли ўртасида ваҳима келиб чиқишига сабаб бўлди. Ер ости силкинишлари мамлакатнинг Минданао оролида қайд этилган....
Умра зиёратини амалга ошираётган зиёратчилар учраган ЙТҲнинг видеоси эълон қилинди (Видео)

18.10.2019, 16:52

Саудия Арабистонида 39 нафар зиёратчини олиб кетаётган автобус иштирокида йирик йўл транспорт ҳодисаси рўй берди.Мамлакат ОАВ хабарларига кўра, автобус юк автомобили билан тўқнашиб кетиши ортидан...
Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+9° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz