7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг олтинчи йиллик семинари иш бошлади. У “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусига бағишланган.
Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Акмал Саидов кириш сўзи билан очди.
Қуръон тиловат қилинди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, ИҲТ Бош котибининг вакили Маҳа Акил ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг вакили Ричард Коменда нутқ сўзлади.
Сўзга чиққанлар Йиллик семинар иштирокчиларини қутлаб, анжуман ишига муваффақият тиладилар.
Халқаро форум иштирокчилари эсдалик учун биргаликда суратга тушдилар.
Анжуман 8 октябрда якунланади. Тадбир дастурига кўра, халқаро семинар иштирокчилари учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат уюштирилади.