Қўл жанги ва жанговор самбо спорт турлари устаси, сўнгги пайтларда ўзини ММАда синаб кўраётган ҳамюртимиз Бекзод Нурматов ҳаётдан кўз юмди, дея хабар берди "Оламспорт" нашри.
Нурматов уч кун аввал, яъни 4 октябрда Чеченистоннинг Грозний шаҳрида Россиянинг Absolute Championship Akhmat ММА-промоушени томонидан ташкил этилган АСА 100 юбилей турнирида иштирок этган эди.
Юртдошимиз ҳакамлар қарорига кўра мезбон спортчи Беслан Исаевга имкониятни бой бериб қўйганди. Ҳакамлардан икки нафари Исаев, яна бири Нурматовнинг ғалабасини таъминлаганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари курсанти, қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони, бир неча карра Жаҳон Кубоги соҳиби бўлган 27 ёшли ҳамюртимизнинг профессионал фаолиятидаги кўрсаткичи 11-2 эди.
Ҳозирча Бекзод Нурматовнинг ўлими сабаблари маълум эмас. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, унинг ўлимига инсульт, яъни мияга қон қуйилиши сабаб бўлган.