41

Махсус репортаж: ҳуқуқбузар болаларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?

ЖАМИЯТ 09.10.2019, 15:06
256
Махсус репортаж: ҳуқуқбузар болаларга қандай ёрдам беришимиз мумкин?

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан репортажда бунга жавоб топамиз

Сўнгги вақтларда интернет тармоқларида бироз “сайр” қилсангиз, турли янгиликлардан бохабар бўлишингиз аниқ. Табиийки улар орасида кўнгилни хира қиладиганлари ҳам топилади. Айниқса, болалар ёки ўсмирлар ҳақидаги салбий хабарлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. 

Маълумот ўрнида:

Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлари профилактикаси бош бошқармасининг маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 7 ойи мобайнида вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилган вояга етмаганлар сони 4711 нафарни ташкил этган. 2018 йилда бу кўрсаткич 7176 тани ташкил этган эди. Аниқланган болаларнинг энг кўп қисми — 3216 нафари 14-17 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. 

Аксарият одамларда, профилактика инспекторлари “қўлига тушиб қолган” вояга етмаганлар махсус марказга жўнатилса, у ерда улар жазоланади, деган фикр шаклланиб қолган. Аслида-чи? Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жўнатилган болалар тақдири қандай кечади? Назоратсиз қолган болалар билан қандай ишлар олиб бориляпти? Ҳуқуқбузар болалар профилактика жараёнида бундай марказларнинг ўрни қандай? Ушбу саволларга жавоб топиш учун Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли Тошкент вилояти  Янгийўл тумани Вояга етмаганларига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида бўлдик.  Кўп йиллардан бери раҳбарлик қилиб келаётган Шаҳноза Ҳидоятова марказ фаолияти билан таништирар экан, бу ер алоҳида эътиборга муҳтож болалар дардини эшитиш, муаммоларини ўрганиш, уларни жамиятга нормал фикрли фарзанд сифатида қайтаришга кўмаклашадиган энг муҳим маскан эканлигини билдирди. 

                                                     “Бу жазо беришмуассасаси эмас”

Шаҳноза ҲИДОЯТОВА, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари:

— Бу марказга ҳудудларда профилактика инспекторлари томонидан аниқланган, назоратсиз, қаровсиз, адашиб қолган, ҳуқуқбузарлик содир этган, ўзбошимчалик билан уйдан кетган, ўқув муассасаларини тарк этган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда махсус таълимга жойлаштириш бўйича ҳужжатлари расмийлаштирилаётган  болалар вақтинчалик сақланади. Кўпчилик ўйлагандек, бу жазолаш муассасаси эмас! Қабул қилиш жараёнида ҳар бирининг иш ҳужжатларини ўзининг иштирокида ўрганиб чиқиб, индивидуал суҳбатлар олиб борамиз. Шахсан мен уларга ўз фарзандларимдек муносабатда бўламан, эркалатаман ҳам. Чунки бу ердаги болаларни ҳеч ким эшитмаган, оила, мактаб, маҳаллада ҳам эътиборсиз қолишади. Шунинг учун ҳам уларни эшитишга ҳаракат қиламан. Ахир боланинг ҳам ўзига яраша хохиш-истаклари бор, улар ҳам ўйнаб-кулгиси келади. Билиб-билмай қилган хатоси ёки ҳаётда топмаган ўрни учун уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! 

Биз уларга яхшилик асосида қурилган муносабатлар билан ҳам мақсадга эришиш мумкинлигини, ҳаёт фақат ёмон одамлардан иборат эмаслигини тушунтириб борамиз. 

                                          Тарбияланувчилар нималар билан банд?

— Марказда 20 га яқин ходим мавжуд бўлиб, улар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан бирга, уларни кун тартибида ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш билан ҳам шуғулланишади. Ҳаётда асқотадиган кундалик юмушларни қилиш ўргатилади. Асосий машғулотларда болаларга ҳуқуқбузарликлар бўйича республикада амалга оширилаётган ишлар айтилиб, жамиятдаги ҳар бир фуқаро айбига яраша жазо олиши хабардор қилинади. Тиббиёт ходимларимиз эса ҳафтада бир марта тиббий саводхонликка бағишланган суҳбат, амалий машғулотлар ўтказишади.

 

                                         Марказнинг ҳуқуқий ёрдами нимадан иборат?

— Марказимизга келган ҳар бир бола алоҳида хусусиятга, юрагида катта-кичик бўшлиққа эга бўлишади. Улар бу ерга келиб қолгач, келгусидаги тақдири қандай қарорга боғлиқ эканлигини билмайди. Ҳаттоки қонун доирасида қандай ҳуқуқ ва мажбуриятга эга эканлигидан ҳам бехабар. Биз шуларни инобатга олган ҳолда, уларга ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашамиз. Минг афсуски, биздаги болалар орасида ўз ота-онасидан кучли нафратланадиганлари, ўзлари босган нотўғри қадамда айнан уларни айблайдиганлари бор. Ундайлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилади.

Шунингдек, турли яшаш шароитида катта бўлган, сабабларга кўра йўлдан адашган, атрофдагилар билан муносабати ёмон ўсмирлар жам бўлишган. Уларгаўз-ўзини тарбиялашни ўргатамиз.

 

                            “Телефон сал бўш қолса “нега мени эслашмаяпти” деб асабийлашардим”

— Мен бу марказга 3 марта қайта тушишим, - дейди 17 ёшли Ж. исмли қиз. Биринчи марта 2016 йилда 1 ой бу ерда бўлдим. Ўзимни яхши тутганим учун суд ажрим қилиб мени уйга қайтарди. Иккинчи марта 2017 йилда Қўқондаги махсус мактабга жўнатишди. У ерда 2 йил кўчага чиқмадим. Кўп қийналдим. Ҳар сафар ўзгаришга ҳаракат қилардим. Лекин уйга қайтишим билан дугоналар “юр-юр” деявергач, яна тунги ҳаётга қайтгим келиб қоларди. Кечки базмларга бормасам, худди нимадандир қуруқ қолиб кетгандек ҳис қилардим. Хаёлим тезроқ кун ботса-ю, кийиниб кўчага чиқиш дардида эдим. Телефон сал бўш қолса “нега мени эслашмаяпти” деб асабийлашардим. Дадам йўқ. Онам Россияда. Опам билан яшардик. Кечқурун у ухлаганда чиқиб кетиб, саҳарда уйғонгунича келиб ётардим. Ҳеч нимани сездирмасдим. Лекин кўча ҳаёти шунақа жонга тегиб кетдики, бу марказга учинчи марта тушганимда кўзим очилди. Пулинг бўлса,дугоналар бор экан. Бу ердалигимда ҳеч бири йўқламади. Вақтида гапига қулоқ тутмаган онагинам мен учун қайғуради. Шундан жуда эзиламан. Бугун эса тунги клубларсиз ҳам яхши яшаса бўларкан, деган хулосага келдим. 

                                              “Ёмон жой”га кетди, у ерда жазосини тортади, деб айтишяпти”

Исмини ошкор этишни истамаган тарбияланувчи:

— Ўқитувчиларим билан ҳеч чиқиша олмасдим, доим “ёмонсан, ёмонсан” деяверишса, баттар асабийлашиб дарсидан чиқиб кетардим. Мактабга бормай қўйганим учун мени бу марказга жўнатишди. Аслида ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ. Шунчаки мени тушунишмасди. Лекин марказга келганимдан кейин ўқитувчиларим ҳаммани олдида мени мисол келтириб “ёмон жой”га кетди, у ерда жазосини тортади, деб айтишаётган экан. Менга бу ерда ҳеч ким ёмон муносабатда бўлмаяпти. Бу ерга келиб онам қадрига етдим. Хатоларим ҳақида ўйлаб олишга, ўзим билан ўзим қолишга фурсат бўляпти. Қилган хатти-ҳаракатларимдан жуда афсусландим. Агар имкон берилса, биринчи навбатда онамдан кечириб сўраб, яна ўқишни давом эттиришни хоҳлайман.

Жамиятнинг навниҳоллари бўлмиш вояга етмаганларнинг айримлари ўз келажагини афсус-надомад билан бошлаётгани ачинарли ҳол, албатта. Аммо бундай бўлишига аслида ким айбдор? Қандай сабаблар вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва назоратсизликнинг авж олишига замин яратяпти? “Даракчи” газетасининг навбатдаги сонида бу мавзу мутахассислар иштирокида таҳлил қилинади. Бизни кузатишда давом этинг.

 

 

  • Ушбу марказ 9 ой давомида 780 дан ортиқ болалар билан ишлади.
  • Марказга жўнатиладиган вояга етмаганлар ёши 13? ёшдан 18 ёшгача бўлиб, улар энг кам муддатдан 30 кун муддатгача, истисно ҳолларда эса суд ажрими билан 45 кунгача сақланиши мумкин.
  • Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ҳар бир бола учун мактаб ёшигача ёки мактаб ёшида бўлган болалар физиологик ҳолатини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат нормалари ажратилади. 4 маҳал овқатланишади. Уйқу соатлари белгиланган.

                                                                                                            Сабоҳат УЗОҚОВА 

                                                                                                            Фото: Муниса НОРБОБОЕВА

 

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+13° ясно
Курсы валют
9455.24
USD 21.9
10438.58
EUR 84.55
147.25
RUB 1.5
rightuz