42

“Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди

ЖАМИЯТ 09.10.2019, 23:51
90
“Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди

“Пойтахт” бизнес марказида телерадиоэшиттиришлар соҳасига оид ҳуқуқий асосларни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонуннинг мақсадлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси замонавий телевизион бозордаги барча талабларни ҳисобга олади ва мамлакатимиз телевидениесини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда ушбу қонун лойиҳаси олтита боб, 38 та моддадан ташкил топган бўлиб, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат  regulation.gov.uz порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Янги қонун бир неча йил давомида маҳаллий телевидениени ривожлантириш йўналишларини белгилаб беради. Чунки унда Ўзбекистон ҳудудида эфир, кабель, спутник, IP-TV, ОТТ технологиялари ва трансляциянинг бошқа турлари орқали миллий ва хорижий телерадиоканалларини шакллантириш ва тарқатиш соҳасидаги ягона тамойиллар ва қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Бир вақтнинг ўзида у телевидение ва радиоэшиттиришлар хизматлари истеъмолчиларининг ишончли маълумотдан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, телерадиодастурлар яратиш ва тарқатишнинг демократия тамойилларига амал қилинишини кафолатлайди.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги қонун маҳаллий телеканаллар ва радиоканаллар фаолиятида қўлланибгина қолмай, айни дамда Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган хорижий телерадиоканаллар ишини ҳам тартибга солади.

Қонун чиқарувчиларнинг мазкур ташаббуси Миллий телерадиокомпания ва маҳаллий телеканаллар вакилларининг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди. Ўзбекистонда фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий телеканаллар реестрини тузиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, телевидение ходимлари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. 

Тадбирда маҳаллий телеканаллар аудиториясига таъсир кўрсатаётган замонавий интернет-технологиялар ҳақида тўхталиб ўтилди. Бу муаммо Қозоғистон мисолида кўриб чиқилди. У ерда ҳар йили хорижий веб-манбалар тобора оммалашиб бораётгани сабабли, Қозоғистон телеканаллари аудиторияси кескин камайиб кетмоқда. Аксарият ўзбек телеканаллари интернет тармоғида IP-TV технологиялари ёрдамида трансляция қилинаётганини ҳисобга олиб, мутахассислар томонидан ушбу инновацияларнинг фойда ва зарарлари муҳокама қилинди.

Шундай қилиб, янги қонун қабул қилинганидан сўнг, давлат, хусусий, ижтимоий ва хорижий теле ва радио ташкилотлар миллий телерадиоэшиттиришлар тузилмасига киради. Қонун лойиҳасига мувофиқ, юридик шахслар ва Ўзбекистон фуқаролари ахборот тарқатувчи ташкилотни таъсис қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Айни дамда хорижий муассиснинг улуши 30 фоиздан ошмаслиги керак.

Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Миллий телерадиокомпания, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси вакиллари, маҳаллий телеканаллар раҳбарлари қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Ўз мухбиримиз.

Комментарии

Тема дня: Фото
Погода: Ташкент
+9° ясно
Курсы валют
9448.53
USD -6.71
10553.06
EUR 114.48
147.70
RUB 0.45
rightuz