АсосийJamiyat

"Тилбузар"ларга чора кўриш вақти келмадими?

'"Тилбузар"ларга чора кўриш вақти келмадими?'ning rasmi

21 октябрь – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун. Шу муносабат билан Самарқанд давлат университети илмий котиби, доцент Мардон БОЛТАЕВ она тилимиз билан боғлиқ айрим фикр-мулоҳазаларини баён қилди

Бу йил ушбу тарихий санани нишонлаш мамлакатимизда янада кенг ва тантанавор бўлишига қонуний асос бор. Чунки ушбу санага ҳам Президентимиз алоҳида эътибор қаратиб, “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор чиқарди.

Дарҳақиқат, ўттиз йил. Бу вақт кекса тарих олдида қисқа бир муддат бўлса-да, аслида айтишгагина осон. Ўттиз йил олдин туғилган болалар ўн яшар болали ота-она бўлишди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниши арафасида – 1989 йилнинг январидан октябригача бутун республика аҳли қонун лойиҳаси тўғрисида фикр-мулоҳаза, муносабат билдиришга интилган эди. Бундай ҳаяжонли, эҳтиросли, кучли тўлқинли муносабат билдириш онлари шу билан якунланиб қолгани йўқ. Халқимизнинг ўз давлат тилига, қабул қилинган янги ёзувига бефарқ эмаслигини бундан икки йил олдин бошланган лотин ёзуви асосидаги янги алифбомиз тақдирига доир баҳслар, жорий йил май-июнь ойларида рус тилини расмий тил сифатида тан олиш таклифини кўтариб чиққан бир гуруҳ "зиёли"лар баҳона бўлиб ўтган қаттиқ баҳс-мунозаралар ҳам кўрсатди. Чунки тил ҳам, ёзув ҳам шу миллатнинг, шу давлатнинг маънавий, моддий бойлиги бўлиб қолмасдан, дунёнинг бошқа мамлакатлари қаторида мавжудлигини, эришаётган тараққиётини, дунё ҳамжамиятида тутган ўрнини белгиловчи энг асосий омиллардан бири экани ҳеч кимга сир эмас.

Босиб ўтилган йўлга эътибор қаратадиган бўлсак, мустақиллик туфайли “Давлат тили ҳақида”ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш борасида катта ишлар амалга оширилганини таъкидлаш лозим. Она тилимизга нисбатан қўллаб келинган қарийб бир ярим асрлик таҳқир-у тазйиқлар, ижтимоий-ҳуқуқий чекловлар тугатилди. Тилимиз тор – оила, бозор, тўй-ҳашам, маҳаллий тил доирасидан, кенг – давлат миқёсида қўлланиладиган тилга айланибгина қолмай, миллатлараро, давлатлараро муомала тили, ҳужжатлар тили доирасига кўтарилди.

Қонун туфайли ўзбек адабий тилининг жамиятдаги ижтимоий вазифаларини адо этишда оқсатиб қўйилган илмий-расмий услубларнинг тараққий этишига кенг имконият яратилди, илмий ва расмий доираларда қўлланилиши кафолатланди. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда, маданият ва спорт, илм-фан, техника ва технологиялар соҳасида эришилган ютуқларни акс эттирувчи адабиётлар, қомусий луғатлар, янгича мазмундаги дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. Саксон мингдан ортиқ сўз ва ибораларни қамраб олган беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, саксон беш мингдан ортиқ мустақил сўз шаклларини ўз ичига олган кирилл алифбосидаги “Ўзбек тили имло луғати”нинг нашр этилиши мустақиллик даври маданиятимизнинг катта ютуғи бўлди, десак муболаға бўлмас. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши ҳам катта воқеа бўлди.

Лотин ёзувига асосланган янги алифбонинг қабул қилиниши ўзбек тилининг чет мамлакатларда ўрганилишини янада осонлаштирди. Америка Қўшма Штатларининг яқинда тайинланган элчиси Даниел Розенблум жанобларининг Ўзбекистонга келиши олдидан интернет ва телевидение орқали ўзбек тилида ирод қилган эркин ва мазмундор нутқи кўпчилигимизни ҳаяжонлантирди. Ўзбекистон телеканаллари орқали бериб борилаётган бошқа давлатлар фуқаролари, олимлари, тадбиркорларининг ўзбек тилидаги чиқишлари таҳсинга сазовор бўлмоқда.

Ютуқларимиз кўп, аммо уларни кўз-кўз қилиб, бу борада мавжуд муаммоларни, йўл қўйиб келинаётган камчилик ва нуқсонларни хаспўшлаш билан муваффақиятларимиз кўпайиб қолмайди. Шунинг учун бажарган ишларимизга танқидий кўз билан қараб, қилиниши лозим бўлганлари ҳақида кўпроқ тўхталсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Давлат тили ҳақида”ги қонунимиз атиги 24 моддадан иборат. Аммо шу 24 тагина моддани ўттиз йилдан буён ҳаётга тўлиқ татбиқ эта олмай келаётганимиз шу юртнинг бир фарзанди сифатида кишини ўксинтиради. Сўзимнинг исботи сифатида қонуннинг биргина – еттинчи моддасига мурожаат қиламан. Унда: “Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади”, дейилган. Расмий амал қилинадиган доира эса боғча, мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, хусусий корхона ва муассасалар, оммавий ахборот воситалари, радио, телевидение, театрлар, музейлар, ҳокимият, суд, прокуратура, вазирликлар, Қуролли Кучлардан тортиб Олий Мажлисгача бўлган улкан тизимни ташкил этади.

Бугунги кунда ўзбек адабий тили қонун-қоидалари, талаффуз меъёрларига мана шу доира қамровида риоя этилмаётганини ким билмайди?! Кўпчилигимиз нафақат кўча-кўйда, норасмий мулоқотда, ҳатто ишхонада, таълим жараёнида, маънавий-маърифий тадбирларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда ҳам ўзбек адабий тилида гапириш ўрнига ўз шевамизда сўзлашга одатланиб қолмаяпмизми?! Бу айримлар ўйлаганидек, арзимас муаммо эмас. Ушбу муаммонинг ечимини топиш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш керак, деган саволлар фақат мутахассислар, филолог-олимлару ўқитувчиларнинг олдида кўндаланг бўлиб тургани йўқ.

Ўзбек адабий тилини чуқурроқ ўрганишни, энг аввало, оиладан бошлаш керак, боланинг тили чиқаётган пайтдан бошлаб унга ўзбек адабий тилида гапиришни ўргатиш зарур. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, умуман, катталарнинг болалар олдида ўзбек адабий тилида чиройли, мазмунли гапириши уларга кучли ва ижобий таъсир этади. Шунингдек, ўзбек адабий тилида равон, ёқимли, таъсирчан гапира олиш кўп жиҳатдан телевидение, радиода хизмат қилаётган моҳир журналистлар, мухбирлар, ҳақиқий санъаткорлар, сухандонларнинг ўз вазифасига меҳр-муҳаббат, тилсеварлик, элпарварлик, ватанпарварлик масъулияти билан ёндашиши ва бу борадаги беминнат, фидокорона хизматларига ҳам боғлиқ.

Афсуски, бугунги кунда “ZOʻR TV”, “MY 5” каби бир қатор телеканалларда фаолият юритаётган журналистлар, мухбирлар, телебошловчилар ва бошқаларнинг ўзлари ўзбек адабий тилига риоя қилмаётгани, яна ҳам тўғрироғи, ўзбек адабий тилини зарур даражада билмаслиги ошкор бўлиб қолмоқда. Айниқса, дастурга таклиф этилган айрим таниқли шоиру ёзувчилар, хонандалар, актёр ва актрисалар, спортчилар, турли соҳа вакиллари адабий тил меъёрларига мутлақо риоя қилмайди. Улар ўз шеваларида сўзлаши билан адабий тилимизни билмаслиги, билганларининг эса адабий тилимизга нописанд қараши, ўзини бошқалардан устун тутиши сезилиб туради. Бу эса телетомошабинларнинг, айниқса, ёш авлоднинг ўзбек адабий тилини унинг шеваларидан фарқламаслигига, ўзлари яхши кўрган машҳур шахсларга кўр-кўрона тақлид қилишига олиб келмоқда. Наҳотки, телебошловчилар, уларнинг ҳурматли суҳбатдошлари ўзбек адабий тили меъёрлари ҳақида озгина бўлса-да, тасаввурга эга бўлмаса, улар ҳам шу юртда туғилиб ўсмаган, шу юрт мактабларида, олий таълим муассасаларида таълим олмаган бўлса, наҳотки маълумот, таълим ва тарбияни қайсидир маҳаллий шевада олган бўлса, афсус…

Ҳамма кўрсатувларни шевада олиб бориб, дастурлар номларини ажнабий тилларда қўяверсак, адабий тилимизнинг ҳоли не кечади?! Ким бунга жавоб беради? Бу кетишда бундан беш юз йил бурун бутун умрини ярим Осиёда тарқалган туркий қавмларни гўзал адабий тил қамровига бирлаштиришга бағишлаган ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратларининг бетакрор асарларини кейинчалик Хоразм, Тошкент ва бошқа шеваларда ўқишга мажбур бўлмаймизми?!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзлари билан айтганда, “китоб ўқиган одамнинг маданияти, маънавияти, онги, фикрлаши ўзгаради”, кўп китоб ўқиш ўзбек адабий тилини чуқур ўрганиш ва билиш учун асос бўлади. Пулдор тадбиркорларимиз қасрмонанд, қимматбаҳо қандиллару жимжимадор безакли тўйхонаю базмхоналар қуриш билан чекланиб қолмасдан, китоб дўконлари, кутубхоналар, маданият-маърифат уйлари, боғча, мактаб, йўлу кўприклар, маиший хизмат марказлари, ҳаммомлар қуришни ҳам ўйласалар, мамлакат ва фарзандларимиз келажаги учун янада фойдалироқ бўлар эди.

Ўзбек адабий тилини чуқур билиш учун, аввало, қонунда белгиланганидек, корхона-ташкилотлар, таълим муассасаларида ўзбек адабий тилида, нутқ маданиятига риоя қилган ҳолда сўзлашиш, мулоқот қилиш, юксак муомала маданиятини йўлга қўйиш ва уни назорат қилиш зарур.

Ўзбек адабий тилини ривожлантириш, унинг ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклларининг энг зарур қонун-қоидалари ва уларга риоя қилишга доир ҳаммабоп ва оммабоп илмий ишлар, ўқув, услубий қўлланмалар яратиш, уларни ўрта умумтаълим мактаблари, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва техникумлар, олий таълим муассасаларига, таълим тизими, нашр ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари билан боғлиқ барча муассаса-ташкилотлар, радио ва телевидение ходимларига етказиш керак. Такрор бўлса ҳам олий таълим муассасаларида “Она тили ва адабиёт”, “Нутқ маданияти”, “Давлат тилида иш юритиш асослари” каби фанларни асосий ўқув фанлари қаторида ўқитишни давом эттириш талабаларнинг ўзбек адабий тилини янада чуқурроқ ўрганишига, уни амалда қўллай билишига яқиндан ёрдам беради.

Телевидение, радио ва интернет орқали берилаётган барча материаллар ўзбек адабий тилининг грамматик қонун-қоидалари, талаффуз меъёрлари, янги имло қоидаларига мос равишда бўлиши устидан қатъий муҳаррир назоратини ўрнатиш, бу қоидаларга риоя этмайдиганларга нисбатан чора кўрилишини жорий этиш зарур. Телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари таҳририятларида фаолият юритаётган журналистлар, мухбиру бошловчиларнинг она тилини чуқур билишига алоҳида эътибор қаратиш ва уларнинг масъулиятини янада ошириш лозим. Улар тайёрлаётган материалларда шевачиликка йўл қўйилмаслиги, шевага хос сўзларнинг очиқ-ошкора тарғиб этилишини тақиқлаш керак. Шундай қилинмаса, телевидение шеваларни кўз-кўз қилиш майдони бўлиб қолаверади ва адабий тилимиз ўрнини шевалар аралашмасидан иборат тушунарсиз қурама тил эгаллаб олиши мумкин.

Нашриёт-матбаа корхоналарида янги алифбода нашр этилаётган бадиий, илмий, илмий-оммабоп асарларнинг имловий, ишоравий, услубий хатоларсиз нашр этилишини таъминловчи масъуллар тайинланиши, компьютер дастурлари яратилиши лозим. Олий таълим муассасаларида радиостудия ва телестудиялар ташкил этиш, уларда нутқ маданиятига риоя қилиниши, нутқ маданияти мунтазам тарғиб этилиши керак. Шунингдек, талабалар билан ўтказиб келинаётган маънавият соатларида ўзбек адабий тилининг грамматик қонун-қоидаларига риоя қилиш, адабий тилни ривожлантириш, она тилимизга бўлган муҳаббатни янада кучайтириш ва нутқда ҳуда-беҳудага шева ҳамда бошқа тилларга оид сўзларни ноўрин, аралаштириб қўллайвермасликка доир тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш зарур.

Таълим тизимида фаолият юритаётган барча профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, талабаларнинг ўзбек адабий тилининг грамматик, талаффуз ва имло қонун-қоидаларига риоя этишини қатъий талаб қилиш ва “тилбузар"ларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш зарур.

Олий таълим муассасаларини битириб чиқаётган бўлғуси педагогларнинг якуний давлат аттестацияси синовларида, мактабгача таълим муассасалари мураббийлари, бошланғич таълим ўқитувчиларини ишга олаётганда ҳам уларнинг оғзаки ва ёзма саводхонлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, олий таълим муассасаларига ишда қолдириш ёки ишга қабул қилишда ҳам педагогларнинг янги алифбо ва имлода саводхонлигини, ўзбек адабий тилини қай даражада билишини ҳисобга олиш зарур.

Барча муассасалар, ташкилот ва корхоналарда расмий иш қоғозлари юритишда уларнинг янги алифбо ва имлода тайёрланишини талаб қилиш керак. Ҳозир эса, аксинча, янги алифбода ёзилган ҳужжатлар қабул қилинмасдан, кириллчада тайёрлаб келиш талаб этилмоқда. Бу эса янги алифбода савод чиқарган ёшларнинг дадил иш бошлашига тўсиқ бўляпти.

Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг дарс бериш маҳорати ўрганилганда, аттестациядан ўтказишда уларнинг ўзбек адабий тилида тўғри, равон, мантиқли, жозибадор, таъсирчан нутқ сўзлай олишини ҳам ҳисобга олиш керак. Керак бўлса, ёш ўқитувчилар учун “Ўқитувчининг нутқ маданияти” фанидан машғулотлар ёки маслаҳатлар ташкил этиш лозим.

Ўрта умумтаълим мактаблари, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг бадиий асарлар мутолаасини янада кенгайтириш, уларнинг китобхонлик борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш, улар орасида янги-янги танловлар ўтказиш, ғолибларни моддий ва маънавий рағбатлантиришни мунтазам давом эттириш ҳам ўзбек адабий тили ривожига муносиб ҳисса бўлади.

“Давлат тили ҳақида”ги қонун ижросини таъминлаш, янги алифбомизни тўлиқ жорий этиш, ўзбек адабий тилини равнақ топтириш учун барчамиз ўзимизни дахлдор деб билсак, Онамиз, она Ватанимиз, Она тилимиз олдида ўз фарзандлик бурчимизни, масъулиятимизни чуқур ҳис қилсак ва амалда шунга мос ишларни қилишда ўрнак бўлсак, бу борада катта юксалишлар бўлиши шубҳасиз.

    Бошқа янгиликлар