АсосийJamiyat

Энергетикларимиз Афғонистондаги носозликларга портлаш сабаб бўлганини айтишмоқда

'Энергетикларимиз Афғонистондаги носозликларга портлаш сабаб бўлганини айтишмоқда'ning rasmi

15-16 сентябрь кунлари Афғонистондаги электр узатиш тармоқлари (тармоқ устунлари) жангарилар томонидан портлатилгани ҳақида хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалган эди. 

 “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Ахборот хизматининг таъкидлашича, 2019 йил 14 сентябрь соат 14:00дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган электр энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй бериб, бу одатдагидан қарийб 3 марта кам эканлиги қайд этилган. 

Шунингдек, 24 сентябрь куни соат 17:00 лар атрофида узатиш қувватида қисқа муддатли узилишлар пайдо бўлиб, тахминан 17:40 ларда тармоқда яна юклама пайдо бўлгани, аммо орадан ярим соат вақт ўтгач, мавжуд қувват даражаси меъёрдагисидан қарийб 4,5 марта пасайиб кетган.

Буни қарангки, 2019 йил 9 октябрга ўтар кечаси, аниқроғи тунги соат 01:40 да Афғонистон Ислом Республикасига етказиб берилаётган электр энергиясининг миқдори 0 (ноль) даражага тушиб кетди. 

“Da Afghanistan Breshna Sherkat” мутасаддиларидан олинган маълумотларга қараганда, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Саланг довонидан ўтувчи “Пули-Хумри” ва “Чимтала” подстанцияларини боғловчи 220 кВли ҳаво линиясининг 386-таянч устунига зарар етган.

2019 йил 9 октябрь куни соат 09:56 да экспорт фақатгина Мозори Шариф йўналиши бўйича тикланган ва бу умумий экспорт қийматининг 10–13 %ни ташкил этади. Сўнгги маълумотларга кўра, жанговар ҳаракатлар туфайли носоз ҳолга келган устунлар 3-4 кун ичида таъмирланади.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Марказий Осиё электр энергияси Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 32-йиғилишида Афғонистон Ислом Республикаси вакили — “Da Afghanistan Breshna Sherkat” масъул ходими, Балх вилояти электр тармоғи корхонасининг техник масалалар бўйича директори жаноб Муҳаммад Омон иштирок этиши кутилмоқда. 

Ахборот хизмати маълумотида қўшни Афғон юртининг энергетика тизимида қандай янгилик ва муаммолар борлиги ҳақида афғонистонлик мутахассисдан ўша куни батафсил маълумот олиниши айтилган.

 

 

 

    Бошқа янгиликлар