АсосийJamiyat

Ироқдан оғир шароитда қолаётган 64 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди

'Ироқдан оғир шароитда қолаётган 64 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди'ning rasmi

Бугун Тошкент маҳаллий аэропортида Ироқ давлатидан қайтган 64 нафар болалар кутиб олинди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, махсус тузилган ишчи гуруҳ томонидан Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда қолаётган 64 нафар болани ватанимизга қайтаришга муваффақ бўлинди.

“Меҳр 2” дея номланган мазкур инсонпарварлик операцияси доирасида юртимизга олиб келинган 39 нафар ўғил ва 25 нафар қиз болаларнинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган болалар бор.

Ишчи гуруҳ томонидан айни пайтда турли хил халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқароларининг тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солганликлари учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатларга озодликдан маҳрум этилган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича уларнинг розиликлари олинган.

Таъкидлаш лозимки, ушбу аёллар турмуш ўртоқларининг айримлари айни пайтда халқаро террористик ташкилотлар сафида қолаётган бўлса, бир қисми жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топишган, қолганлари эса Ироқ ва Сурия қамоқхоналарда жазо ўташмоқда.

Эндиликда болалар барча қулайликларга эга бўлган соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилиши кутилмоқда. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишлари кўзда тутилган. Сиҳатгоҳда болалар учун иссиқ овқатлар ташкил этилиб, уларга янги кийим-кечаклар берилиши айтилмоқда.

Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш ҳамда боғча, мактабларга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар