Му5
46

Зулфиқор – ислом тарихидаги энг машҳур қилич

МОЗИЙДАН САДО 14.10.2019, 09:26
903
Зулфиқор – ислом тарихидаги энг машҳур қилич

Диний  манбаларда, халқ оғзаки ижодида “Зулфиқор” атамасига тез-тез дуч келамиз. Бу ном хулофои рошидиннинг тўртинчиси – Али ибн Абу Толиб (р.а.)га тегишли экани ҳам кўпчиликка маълум. Аммо, бу қиличнинг тарихи, уҳақидаги афсона ва ҳақиқатлардан ҳамма бирдек огоҳ эмас.

                            Зулфиқор нима дегани?

         Бу ном ҳатто мусулмонлар орасида эркак кишининг исмига ҳам айланган. Араб тилидан таржима қилинганда “умуртқа, бўғилмлар эгаси”, “тўлқинсимон изли” сингари маънолар беради. 

Зулфиқор ислом тарихидаги энг машҳур қилич ҳисобланади. Буюк ҳамюртимиз Абу Исо ат-Термизийнинг “Шамойили Муҳаммадия” асарларида келтиришича, пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг   еттита ёхуд ўн битта қиличлари бўлган. Ҳар бирининг алоҳида номи бўлиб, энг машҳури Зулфиқор бўлган. Пайғамбаримиз уни ҳар доим ўзлари билан олиб юрганлар. 

Анас (р.а.)нинг айтишларича, мазкур қилич дастасининг уч қисми қопламаси  кумушдан бўлган. Қиличнинг тиғи илоннинг айри тилини эслатган. Унда араб тилида “Ло фато ило Али, ло сайф илло Зулфиқор” байти билиган бўлиб, унинг таржимаси “Алидан бошқа қаҳрамон, Зулфиқордан бўлак қилич йўқ” деган маънони билдиради. Айрим манбаларда бу фикрни Пайғамбаримиз (с.а.в.)га нисбат берсалар, бошқа манбаларда бу шунчаки араблардаги нақл деб қаралади. 

Исломдан аввал ҳам машҳур бўлган бу қилични маккалик Марзуқ ас-Сақил исмли уста ясаган. У Расулуллоҳга (с.а.в.) ўтгунича Мунаббиҳ ибн Ҳажжож деган кимсага тегишли бўлган. Милодий 624 йилда Бадр жангида ўлжа қилиб олингач, у пайғамбаримизга тақдим қилинган. Шунингдек, ўша пайтдаги Миср ҳукмдори Муқавқис бу қилични пайғамбаримизга ҳадя этгани ҳам айтилади. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин  қилич Ҳазрати Алига ва ул зотнинг авлодларига ўтган. 

                            Афсоналар тилга кирганда...

         Зулфуқор номи халқ оғзаки ижодига, достон ва эртакларга, халқ қиссаларига сингиб кетган. Улардан айримларини эслатиб ўтамиз: 

Қиличнинг даставвал жаннатда осиғлиқ тургани, кейин Жаброил (а.с.) ушбу қилични Расулуллоҳ (с.а.в)га олиб чиқиб берганлари ҳақида ҳам ривоятлар юради. Нақлларга кўра, қиличнинг узунлиги беш метр, оғирлиги 105 килограмга тенг бўлган. Албатта, бундай катталик ва оғирликдаги қурол билан жанг қилиш мумкинлигига ишониш қийин. 

Қиличнинг иккита учи бўлиб, ривоятларга кўра, уларнинг бири илм, иккинчиси адолатни тамсил этган. Қиличнинг бир учи ғанимни яраласа, иккинчиси дўстларга шифо бағишларкан. Ҳазрати Али қилични қинидан суғураётган пайтда эҳтиётсизлик қилганлари боис, тиғнинг уч қисми иккига айрилиб қолган. Шунингдек бу қилич ҳалол, иймонли, қалби пок инсонларга асло жароҳат етказмас эмиш. 

         Ҳазрати Али ҳақидаги халқ қиссаларида бу қилич билан турли туман қаҳрамонликлар зикр этилади. Ҳазрати Али бир куни улкан аждаҳо билан жанг қилганларида махлуқ ул зотни ўз домига тортган. Ҳазрати Али қилични кўндаланг тутганча, аждаҳонинг қорнига кириб бораверган. Қилич дамининг кескирлиги сабабли аждаҳо қоқ иккига бўлиниб кетганини сезмай қолган. 

         Ҳазрати Али жангдан бўш вақтларида қилични осмонга ирғитганлар. Қилич тинчлик пайтларида  ғайридинларнинг чегарасида ҳавода муаллақ туриб, мусулмонларни қўриқлаган. Жанг бошланган пайтда Ҳазрати Алининг нидоларини эшитиб, қилич ул зотнинг қўлларига келиб тушган. 

Зулфиқор ҳақидаги маълумотларнинг қай бири афсона, қай бири ҳақиқат – аниқлаш қийин. Буларга ишониш-ишонмаслик ҳар кимнинг қалбига ҳавола.

                            Зулфиқор қаерда? 

Динимиз қудратининг тимсолларидан бири бўлган “Зулфиқор” қиличи ҳақида баҳс-мунозаралар шу кунга қадар давом этиб келаётир. Унинг кечмиши ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, қиличнинг асл нусхаси 11-асрдан сўнг умуман йўқолган. Айрим ривоятларга кўра, Зулфиқор Ҳазрати Али билан билан бирга дафн этилган. Кейинги тахминга кўра, Ҳазрати Али вафотларидан аввал ушбу қилични денгизга чўктиришни васият қилганлар. Нажафда Ҳусайн ибн Али (р.а.) қилични сувга ташлаган эканлар. Бошқа ривоятларига кўра, қилични шиаларнинг охирги имоми Маҳдий ўзлари билан олиб, ғорга кириб кетганлар. 

            Ислом олимларидан Ибн Сирин (653-729) Усмон ибн Саъднинг ушбу фикрларини келтириб ўтадилар:  «Мен ўз қиличимни Самурнинг қиличига ўхшатиб ясадим. У эса, қиличини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қиличларига ўхшатиб ясаган эканлар. Ушбу қилич кейин Ҳазрати Алига ўтган. Ундан эса, унинг фарзандларига қолган. Ҳазрати имом Ҳусайндан сўнг қилич унинг ўғли Али ибн Ҳусайнга ўтган. 

Ибн ал-Касирнинг “Бидоя ан-ниҳоя” асарида келтирилишича, Али ибн Ҳусайн оталари имом Ҳусайннинг қотили – Язид ибн Муоивиянинг олдига, Дамашққа юриш қилганда, ушбу қилич ҳам уларга ҳамроҳ бўлган. Муҳаддислардан Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида ёзилишича, Ибн Маҳрам Али ибн Ҳусайннинг яқин сафдошларидан бўлган ибн Маҳрам ундан қиличини сўраган. “Менга Расулуллоҳнинг қиличларини берасанми? Мен уни сендан олиб қўйишларидан қўрқаман. Аллоҳга қасам, агар уни менга берсанг, ҳеч ким то мени ўлдирмагунча қилични қўлимдан ололмайди” деган экан. 

Зулфиқорнинг учи айри бўлгани боис, қадимда мусулмон давлатларида айнан униг шаклини эслатувчи қиличларни тайёрлаш урф бўлган. Шунинг учун ҳам бугунга қадар “Зулфиқор” деб тахмин қилинадиган бир қанча қиличлар дунёнинг турли ҳудудларида, жумладан Истанбул шаҳридаги Тўпқопи музейида, Мисрдаги Қоҳира музейида ҳам сақланади. Аммо, улар орасида ҳақиқий Зулфиқор борми-йўқми – бу фақат Яратганганига маълум. 

                            Иқбол Ҳумоюн

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° небольшой снегопад
Валюта курси
rightuz