Му5
46

Марказий банк миллий валюта девалвациясининг жисмоний шахслар депозитларига таъсирини санаб ўтди

ИҚТИСОДИЁТ 16.10.2019, 16:43
305
Марказий банк миллий валюта девалвациясининг жисмоний шахслар депозитларига таъсирини санаб ўтди

2019 йилнинг июль-август ойларида ички ва ташқи омиллар таъсирида хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиши кузатилди ва натижада миллий валюта девалвацияси тезлашди. Хусусан, 2019 йил январь-июль ойларида АҚШ долларининг алмашинув курси 4 фоизга (1 долларга 8 336 сўмдан 8 667 сўмгача) ошган ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида валюта курсининг кескин ўсиши (8,2%) кузатилди. Бироқ, сентябрь ойига келиб, долларнинг алмашинув курси ўзининг аввалги тенденциясига қайтди ва ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизгача пасайди.

Миллий валюта девалвацияси аҳолининг жамғариш кайфиятига ва фаоллигига ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, Марказий банк томонидан ўтказиладиган ойлик сўров натижалари шуни кўрсатадики, 2019 йилнинг июнь-сентябрь ойларида омонатларини хорижий валютада (шу жумладан, АҚШ долларида) сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши кўпайган.

Бунда, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи респондентлар улуши май ойидаги 19 фоиздан август ойида 33 фоизгача, хорижий валютадаги омонатларда сақлашни афзал кўрувчилар улуши эса май ойидаги 17 фоиздан сентябрда 24 фоизгача ошди. Шу билан бирга, сентябрь ойида валюта курси барқарорлашганидан сўнг, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши 33 фоиздан 29 фоизгача пасайди.

Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги пайтда жамғармани қандай кўринишда сақлаган маъқул? (Барча сўров иштирокчиларининг фоиздаги улуши)

Таъкидлаш лозимки, қисқа муддатли инфляцион ва девалвацион кутилмаларнинг ўсишига қарамай, миллий валютадаги депозитларнинг кескин камайиши ёки таркибий ўзгаришлари рўй бермади. Бунда, ўсиш суръати пасайган бўлсада, депозитларнинг ижобий динамикаси сақлаб қолинди.

Шу билан бирга, сентябрь ойи давомида жисмоний шахсларнинг муддатли ва жамғарма омонатлари улуши 3 фоизга ошди ва 2019 йил 1 октябрь ҳолатига жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги жами омонатлари қолдиғининг 72 фоизини ташкил этди. Умуман олганда, миллий валюта девалвацияси миллий валютадаги муддатли ва жамғарма омонатларининг улушини сезиларли даражада ўзгартирмади.

Ўз навбатида, сўнгги икки ойда миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалар ўсувчи тенденцияга эга бўлди. Хусусан, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставка 1,0 фоиз бандга ошиб 18,8 фоизга, юридик шахсларнинг муддатли омонатлари бўйича эса 0,8 фоиз бандга ошиб, 16,7 фоизга тенг бўлди.

Сентябрь ойида хорижий валютадаги муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалар деярли ўзгаришсиз қолиб, жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича 4,5 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 4,9 фоизни ташкил этди.

Шундай қилиб, хулоса қилиш мумкинки, Марказий банкнинг инфляцион кутилмалар тўғрисидаги навбатдаги ҳисоботида келтирилганидек, жамғармаларни миллий валютадан хорижий валютага ўтказиш бўйича маълум кайфият шаклланганлиги ҳақидаги хулоса амалиётда ўз аксини топмади. Бу, биринчи навбатда, тижорат банкларининг миллий валюта курси қадрсизланишига бозор тамойилларидан келиб чиқиб, миллий валютадаги омонатлар бўйича фоиз ставкаларини ошириш орқали муносабат билдирганликлари билан изоҳланади.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+13° дымка
Валюта курси
rightuz