Му5
46

Шерали Жўраев: “Менинг кимлигимни эл билса бўлди...”

МАДАНИЯТ 18.10.2019, 16:47
515
Шерали Жўраев: “Менинг кимлигимни эл билса бўлди...”

Ўйлаб қарасам, озмас кўпмас, ўттиз йилларнинг нари- берисида Шерали Жўраев билан яқинлигимиз – аввало мухлислик, ҳамфикрлик, борди-келди ана борингки, ака-укачилик ришталармиз муттасил мустаҳкамланибди. Бу йилларда у киши билан жуда кўп дийдорлашдик, давомли мулоқотлар қилдик, сафарларда бўлдик, дардлашдик, сирлашдик, баҳслашдик,сўзссиз гаплашдик, пичирлашдик, ўксинишдик, аразлашдик, гина -кудуратлашдик, соғинишдик ва ҳоказо... Ўрни келганда айтиб қўяй, мен ҳеч қачон, Шерали Жўраев билан яқинман, деб кибрланган, ҳаволанган эмасман. Ғурурланган, кўнглим тоғланган бўлса бордир, лекин, бу яқинликдан бабақхўроздек ғўддайиб, манфаатлар илинжида тамшанмадим, довруғи, имкониятларидан фойдаланиб қолиш пайида тулкидек турланиб, тусланмадим. Ихчам қилиб бир гап айтай – барча буюк номдор, машҳур кишиларга яқинликнинг завқ - шавқи, ўзига хос лаззати бўлиши билан баробар, масъулияти, жавобгарлик юки ҳам оз эмас. 

                                 ***                    ***            ***

Одамлар назарига тушиш учунгина қўшиқчи бўлиш ҳаракатидагиларни Шерали Жўраевга таққослаш қанчалар мантиқсиз эканини йиллар, саҳналар, телеэкран, радио тўлқинлар яққол исботлади. Миллатнинг руҳи ва ғурурини кўтариш, ор номусини тиклаш, дардларига малҳам бўлиш борасида унинг беқиёс хизмати борки, бу шунчаки одамлар оғзига тушиш учунгина саҳнага чиққан хонанданинг қўлидан келмасди. 

Шерали Жўраев саҳнада пайдо бўлган давр – ярим аср мобайнида ўзбек миллий қўшиқчилик оламида ифтихоримизга айланган, ҳурмат - эҳтиромга сазовор бир гуруҳ уста санъаткорлар авлоди шаклланди. Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Ортиқ Отажонов, Дадахон Ҳасанов, Хайрулла Лутфуллаев, Олмахон Ҳайитова, Бобомурод Ҳамдамов, Ўринбой Нуралиев, Нуриддин Ҳамроқулов, Ғуломжон Ёқубов, Муҳаббат Шамаева, Аҳмаджон Шукуров, Икромжон Бўронов, Ҳабиба Охунова каби фидойи санъат дарғалари муҳити, ҳеч шубҳасиз, Шерали Жўраевнинг камолга етишишида муҳим рол ўйнади. У юқорида номлари келтирилган санъаткорлардан холи тарзда, ўз –ўзича пешқадам, илғор, авангард бўла олмасди, албатта. Унга яна Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Расулқори Мамадалиев, Барно Исоқова ва бошқа шу каби маданиятмиз, санъатимиз ва маънавиятимиз салафларига ростмана мурид бўлиш, ўша покиза булоқлардан қониб сув ичиш толеи, бахти насиб этди.Ўша етук муҳитда униб ўсаркан, пировард унинг ўзи ҳам чақмоқдек чақнаб, момақалдироқдек гулдурос солиб майдонга тушди.

                     ***         ***           ***

1966 йилги Тошкент зилзиласи вайроналарини бартараф қилишда жонбозлик кўрсатган меҳнаткашларга қарата телеэкран орқали  айтган “Хормангиз” қўшиғи билан Шерали Жўраев санъат оламига дардкаш ашулачи сифатида муваффақиятли кириб келган бўлса, 1968 йили янграган Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси, Абдулла Орипов қаламига мансуб “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи орқали унинг номи фавқулодда янги овоз, ўз зиммасига комил жавобгарликни олган халқчил, дардманд хонанда даражасида довруқ қозонди.

                ***         ***        ***

Шерали Жўраевнинг бошидаги ғурралар, эҳтимол, дастлаб “Ўзбегим” қасидасидан бошлангандир?. Бу борада Шерали Жўраев атоқли ва ардоқли шоир Эркин Воҳидов билан “ғуррадош”.

Ўзбегим қўшиғи ижросидан сўнг Шерали Жўраев катта- кичик идоралар, махсус хизмат (кимдир куч ишлатар маҳкама деб ўринли айтган) ташкилотларга 16 марта тушунтириш хатларини ёзди. Ертўлаларда сўроқ - савол берди. Кейин тазйиқлар, қадам олишини зимдан кузатишлар, қовоқ солишлар, ўзини, юзини четга олишлар, бош ликиллатишлар, туртки - сурткилар бошланди. 

Шеър муалифи Эркин Воҳидовга келсак, миллатчи сифатида бир ёқлик бўлиши арафасида уни миллатпарвар инсон, балогардон ва халоскор зот Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Шароф Рашидов қутқариб, сақлаб қолди.

Кунлардан бирида Шерали Жўраев телеэкран орқали “Мен бугун 40 ёшимга қайтдим, бундан 30 йил олдин бир - икки марта одамга ўхшаб телевизорга чиққан эдим. Кейин... бу ёғини сўраманглар”, дея бекорга айтмади. Сўраманглар, деган “буёғи” Шерали аканинг уқубатли, дилгир йиллари эди, десак хато эмас.

Мен ва мен кабилар Шер ака ҳузурига ҳар гал доим бирдек шодмон кайфиятда, улуғ ҳофиз олдига кетаётганмиздан димоғимиз чоғ, худди дунёда изтироби, муаммоси йўқ одамнинг ёнига бораётгандек бўлардик. У кўркам ҳовлисида чиройли дастурхон ёзиб, ноз-неъматлар, ширин таомлар билан бизни кулимсираб кутиб оларди-ю барибир кўнглидаги ғашлик, кўзидаги мунграйиш, сўзидаги хўрсинишларни яширолмасди.

Унинг изтироб халқобига чўмилиб олгандек маъюс кўзларига қараб, ичим бир титраниб оларди. 

Бир борсам, Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас, мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас”, деган сатрларини такрорлаб ўтирган экан, бошқа сафар, беихтиёр “Бир нафас эврулмади даврон менинг комим била” дегани қулоғимда қолди...

Рўшноликка интизор, ҳақиқатга ташна, йўқчиликдан эзилган, тўқчиликдан умидвор кишиларнинг кўнглини олиш, уларга, ҳеч бўлмаганда, хуш кайфият бағишлаш нияти билан йўғрилган ижод соҳибидан, баъзан унинг одамовилиги учун, ҳафа бўлмаслик керак, деган бўлардим.У бир гуруҳ кимсалардан ётсираб, ўзини четга олган бўлса бордир, лекин бор ижодий имкониятини одамларнинг ғурурини уйғотиш, ҳаётини тузатиш, фаровон ва тўкин қилишга бағишлаганини инкор этиб бўлмайди.

“Бободеҳқоним” қўшиғини эшитиб, 11 фарзанднинг отаси, олтиариқлик деҳқон Ҳайитвой сувчининг елкалари титраб йиғлагани кечагидек кўз ўнгимда. “Она Туркистон”, “Оролим”, “Аввалгиларга ўхшамас”, “Эл билса бўлди”, “Кетма баҳор”, “Кўнглимда армон ётар”, “ Ватандан яхши ёр бўлмас”, “Не поя урдим йўлида”, “Аччиқ ҳақиқат” ва бошқа ўнлаб, юзлаб қўшиқлар ёппасига кўнгилдаги гаплар асосига қурилган бўлиб, айни пайтда, бу ашулалар мана шу халқнинг ҳаётга бўлган муносабати, дунёқарашининг ўзгаришида, тафаккурининг янгиланишида, ижтимоий лоқайдлик балосидан қутилишида туртки, даъваткор куч бўла олди.

Сўзлар, қўшиқлар- ку ўз йўлида, ҳаётнинг барча меҳнат -  заҳматларини бошидан ўтказган, турмушнинг азобли ва фожиавий жиҳатларини равшан, нозик тушунгани боисмикин,   ҳатто савқи табиий ўтли нолалари билан ҳам гуррас -гуррас, дардманд мухлисларни неча ўн йиллар давомида ҳофиз ўзи билан мудом эргаштириб келди. “Овознинг, сўзнинг, ҳатто ҳарфнинг ҳам ўз ранги, юки, талаффуз оҳанги бўлади. Сўзни урғулаш, жилолаш жудаям нозик иш, деганда ҳофиз қанчалар ҳақ. 

“Муҳаббатга яқинлардир” қўшиғида “Аҳдидан қайтмагандан айт” деган  сатр бор. Баъзан уни ҳофиз “Ишқидан қайтмагандан айт”, деб  ўзгартириб ҳам айтади. Шу сатрда ғалати салобат сезаман. Бир жиҳатдан ушбу сатр Шерали Жўраевнинг ўзига нисабатан айтилганга ҳам ўхшайди. Кун йўқ эдики, ой йўқ эдики, йил йўқ эдики, Шерали Жўраев қаршиликлар, тўсиқларга учрамаган бўлсин. Бир тўсиқларки, улар ҳофиздан ҳечам кўз узмади. Тўсиқлар унга соядек эргашди. Тўсиқларнинг икки кўзи ҳофизнинг оёғида, бўғзида, овозида, созида бўлди. Шу оёқдан, шу овоздан, шу создан олсам, чалиб йиқитсам деди у жоҳил тўсиқ. У ўта ёлғиз пайтларида ҳам ёлғиз эмас, тўсиқлар унинг эргаши, йўлдоши эди. 

Ҳа, Шерали Жўраев аҳдидан қайтмади, жаҳолат аҳлининг тўсиқ – истеҳкомларини бузиб, совуриб, ағдариб ўта олди. Тўсиқ одамнинг ақлига, фикрига, иродасига, лузумларига (принципларига), тамойилларига имтиҳон экан, Шерали Жўраев бу имтиҳонлардан мардонавор ўтди. Туйқус эсимга тушди, 2000 гинчи йилнинг ёз кунларидан бирида  филармонияда бадиий сўз устаси, (конферансье) Ўткир Сиддиқов Шерали Жўраев билан учрашиб қолди ва уни қаттиқ бағрига босиб, беихтиёр:

-Шер, сизнинг ўрнингизда бошқа одам бўлганида бу азоб, маломатлардан аллақачон ўлиб кетган бўларди! - деб юборди.

Шер аканинг бу гапдан дили оғримади. Табиатан ўта самимий Ўткир Сиддиқовнинг гапини оқкўнгил бир одамнинг баҳолиқудрат изҳори дили, ҳофиз иродасига билдирган беғубор баҳоси деб тушуниб, мийиғида кулиб қўя қолди. 

Руҳий жароҳатлар одамни рамақижон, бечора қилиб қўйиш ҳеч гап эмас, албатта. Уқубат йўлларида ўзини сақлаб қололмай абгор бўлган, чатнаб, парчаланиб, ушатилиб, йўқолиб- йитиб кетган истеъдодлар, талантлар, қобилиятлилар қанчадан қанча. Италия ифтихори, буюк скрипкачи Николло Паганинининг “Қобилиятлиларга ҳасад қиладилар, истеъдодлиларга зарар етказадилар, даҳолардан қасос оладилар”, деган гапида озмунча фожеа борми? 

Бутун бир тақдирни, қисмат ёки кечмишни ёхуд оғриқли муаммони бир ёки бир нечта сўз уйғунлигида илғаб олиш, шу орқали яхлит бир манзарани яратиш жиҳатидан Шерали Жўраев бошқаларга ўхшамайдиган даражада зийрак. Айтайлик, “Эй шоҳ, гадони кўзга ил,.. жонимдан ўтди дамба - дам (Алишер Навоий) , “Гаҳи соғин, на бўлди, зорларни, унутмағил аввалги ёрларни” (Бобур) , “Эски дўст” (Шерали Жўраев), “ Қўл тегса титраб қўлинг” (Шерали  Жўраев), “Дардларнинг хароби” (Лутфулла Намангоний), “”Сани кеч топгандим, эрта йўқотдим”(Абдулла Орипов), “Кўксимдаги дардимни сўраб, нима қиласан,  қайда вафо борми, деб сўраб нима қиласан?”(Шерали Жўраев), “Қўй, қараб ғам юкини бардошима”(Машраб), “Менинг кимлигимни эл билса бўлди” (Омон Матжон), “Сурати бошдин оёқ ғарқи латофат кўрмишам” (Огаҳий), “Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор” (Ойбек), “ Кўзларга боқдим, айлона тушдим, ёлғиз севилмак ўзингга хосдир, дея зикрингда тўлғона тушдим” (Шерали Жўраев), “Қабристонга тобут ичра жим, эшигингдан ўтарман бир кун” (Омон Матжон), “Ўзбегим” (Эркин Воҳидов), “Биринчи муҳаббатим” (Абдулла Орипов), “Даврон, мени тарк айлама” (Жалолиддин Румий), “Ёр ғойиб, дард мухлиқ, халқ ғофил, найлайин” (Алишер Навоий) ва ҳоказо.

Умуман, ижодга мана шундай заргарона ёндашув - маҳорат, усталик Шерали Жўраев феноменининг катта жиҳатларига айланди. 

                                       ***          ***    ***

Буюк хорғин...

Ўтган асрнинг 68-70 йилларидаёқ санъатга чарақлаб кириб келган, минг- миллионларни тонг қолдирган  заҳматкаш ҳофизнинг шаҳд-шижоатида бугун хорғинлик, чарчоқ сезгандек бўламан. Дадил ҳаракатлардан ўзини тортаётгандек, қўшиқ авжларини қиялаб ўтаётгандек, Эркин Воҳидов лутф қилгани каби, ёшлар сафидан ўчиб, кўнгли ёшлар сафига қўшилгандек, чора-тадбир –режалар тонгидан ўзини тортиб, сукут ва тин шомига чўмгандек у... Эҳтимол, шундайдир, аммо ўзи бўладими, шунча йил, эътибор, диққат, ҳайрат, меҳр-муҳаббат авжидан тушмай, одамлар бахти, рўшнолиги йўлида залворли машаққатни бор дилхушликлардан афзал кўриб яшашнинг, бу йўлдаги туғёнларга чидаб ижод қилишнинг?! Ўзи бўладими?

Агарки, мухлис, тингловчи оғзидан “Шу Шерали ашулани юракдан айтади”, деган гапни эшитиб қолсангиз билингки, ҳофизнинг ишқ ояти, муҳаббат хамиртуришига қорилган қўшиқлари       сизнинг руҳингизни алғов- далғов қилиб, кўнгил мулкингизга қўзғалон соляпти. Ишқ ояти дедик. Бу оят кўпчилик шошилиб тушунгани каби, ўлдим, куйдим, бағримга бир боссам эдим, бўсалар оғушида қолсам эдим, қабилидаги шаҳвоний, қип-яланғоч- белибос ишқи жазава эмас, балки ишқи илоҳий, ишқи дунёвийнинг қўшилган даҳанаси, нуқтаси эди.

Ушбу сўзларни ёзаётиб, ҳаёлим Халқ шоири Муҳаммад Юсуфга кетди.Қўшиқ ёзиб беринг, дебборган хонанда ва хонишчилар унинг эшигида доим тирбанд бўларди. Фонотекалар, бадиий кенгашлар,студиялар, шоулар, базмлар, тўйю томошалар Муҳаммад Юсуф қўшиқларига лиқ тўла эди. Бир гал Андижоннинг Балиқчисида юрганимизда шоирнинг армонидан гапириб қолишди. “Ашулачиман деган борки, менинг шеърлармни қўшиқ қилишга интилади, афсус, фақат Шер ака бирорта шеъримни айтмади”, деган экан шоир.

Айнан шундай ижодий армон яна икки таниқли шоирни безовта қилиб, диққатини ошириб келаётган экан. Қилган ишимдан хурсанд бўлдим: Халқ шоири Иқбол Мирзо ва Ботир Эргашевни Шерали Жўраевга рўпара қилиб, ҳар иккисини битта сўз билан “ Ака, булар муҳаббатга яқинлардир”, дедим. 

Шер ака уларнинг ҳар иккаласига ҳам дилкаш юзланиш билан “Шеърлардан олиб, уйга ўтинглар меҳмон қиламан”, деди. Шунда мен Ботир Эргашевнинг юзида орзу- ҳаваслар байрамга чоғланганлик аломатларини кўрдим. Ботир сазовор бўлган илтифотга кўз тикканлар озмунчами, дедим. Озмунчаларми Шерали Жўраевнинг қўлини олсам, тилагини эшитсам, бир чимдим суҳбатидан баҳраманд бўлсам дея ният қилган, йўл қидирган, ўртага одам қўйган, эшигини пойлаганлар? Лак-лак одамларнинг меҳр тўрида, иззат-икромида, нигоҳида яшашнинг ўзи бўлмаганидек, уларнинг назаридан қолмаслик ҳам осон эмас, албатта!

                          ***         ***         ***

2017 йили Шерли Жўраев ўзининг 70 ёшидан туриб:

-Мен яна 40 ёшимга қайтдим!- деди кўтаринки, миннатдор, баланд товушда. Бу, чин меҳнат ва асл талантга йўғрилган ижодий маҳсулот бирламчи эканини билган, шу лафз билан яратилган баланд савияли, миллий қўшиқларнинггина умри узоқ бўлишига сўзсиз ишонган, ишончдан асло оғишмай, чекинмай, фаолият олиб борган инсоннинг мағрур, музаффар товуши эди!-Бир томонда Шохжаҳон, Зоҳиршоҳларнинг йўллари янаям очилиб, экран, саҳна, эфирларда қўшиқлари тинмай янграй бошлади. Шер аканинг кўнгли, атрофи, ҳовлиси гавжумлашди. Матбуотнинг унга берадиган ёрқин, дилкаш саволлари кўпайди.

 - Бир томонда мухлисларнинг  кўнгли яйраб,“Бор экан-ку ҳақиқат!” демоқдалар қийқиришиб, ҳайқиришиб.

Бир томонда шогирдларнинг чеҳраси очилиб, устозни тинмай қутламоқдалар. Эркин Воҳидовнинг хотира концертида режиссёр ўрнатган тартибга кўра Шерали Жўраев 2 дона ашула айтиши керак эди. Муносиб шогирд – Ўзбекистон халқ артисти, республика маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков бу тартибга тузатиш критиб:- “Устоз Шерали Жўраевга, ҳайриятким, энди чекловлар йўқ,   улар хоҳлаганча қўшиқ айтсинлар!”, деди баралла!

Ҳофиз   шундайгаплар айтиладиган доруломон кунларни чакана пойладими, чакана кутдими? Ижоди дамбаланиб, келажаги кўмилиб кетишидан ҳавотирланиб, ўкинч, афсус, надомат ёғида чакана қоврилдими?! 

“Яхши ҳам, ёмон ҳам дамларим ўтди”, деб хониш қилганида сезгандирсиз, “яхши” сўзини қисқароқ, “ёмон”ини узун ва чўзиброқ айтганини? “Жонимдан ўтди дам-бадам, бағримда қондир тахба-тах”, деган сатрнинг нолаи афғони юрагингизни сирқиратиб, пичоқ билан тилимлаб  ўтгандек бўлмадими?

                        ***     ***    ***

Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаслиги бор гап. Барча машҳур кишилар ҳақида узун- қулоқ гаплар тўлиб тошгани каби, Шерали Жўраев ҳам бундан мустасно эмас, унинг атрофида ҳам баланд, паст гаплар тиним билмай айланади. “Анов гапни бекор айтибди”, “Манов қилиқ унга ярашадими?”, “Нима қиларди сиёсатга қўшилиб?”, “Ямоқчининг ишига сувоқчи аралашмаса-да”, “Ашуласи камайиб, гапи кўпайиб кетди” ва ҳоказо шу каби гап-сўзлар эшитилиб туради...

Бир гал Шерали Жўраев ҳақида “Синмаган қўшиқ” сарлавҳали мақола ёзганимда, газета муҳаррири ўқиб чиқиб, “Хўш, унинг камчиликлари, хатолари-чи”, деб сўраб қолди. Унга айтдим: 

- Ҳаммамиз ҳам инсонга, айниқса, миллат ифтихорларига бўлган муҳаббаига ташнамиз, очмиз. Очликда эса, унчалар ўхшатиб пиширлмаган, балки андак хомроқ нон ҳам оғизга мазали, хуштаъм туюлади.

                              ***          ***            ***

О, қадим қўшиқ – сўнгсиз нолалар, азоб ва ўртанишлар, қон, кўз ёши, заҳмат ва орзу ниятлар бағрида шаклланган ўзбек қўшиғи! Сенинг дунё тургунича туришингга ишондим. Чунки сен гоҳо сабр ва бардош бўлиб, инсонни йўқолиб- йитишдан сақладинг, жаҳолат ва тушкунлик ботқоғидан қутқаришга чоғландинг. Гоҳо сиртмоқ бўлган сабр бардошга қарши фарёд бўлиб янградинг, шу қора кўз ўзбекнинг орзу- умидлари бўлиб, ёруғликка, рўшноликка чорладинг!

Бу – Сен, асрлар қаъридан келаётган ўлмас наво, абадий ва барҳаёт садо!

Бу – Сен, икки аср ҳофизи, ҳайқириғида шер наъраси, хонишида булбул ноласи мужассам Шерали Жўраевни кашф қилган умрбоқий, емирилмас, балогардон, халоскор қўшиқ!

Сенга абадий Шарафлар бўлсин!

Улуғбек РАҲИМОВ

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+8° дымка
Валюта курси
rightuz