Му5
44

Лайли ва Мажнун ҳаётда ҳам бўлганми?

МУТОЛАА 01.11.2019, 15:41
461
Лайли ва Мажнун ҳаётда ҳам бўлганми?

“Лайли ва Мажнун”. Мана, неча юз йилдирки, бу икки исм пок севги, вафо ва садоқат ифодаси бўлиб келади. Улар чиндан ҳам ҳаётда яшаб ўтганми, деган савол кўпдан бери адабиётшунос олимларни ўйлантириб келади. Бу хусусдаги  ишқий қиссаларнинг барчасидаҳар иккиси араб қабилаларида туғилиб ўсгани айтилади. Айрим араб тарихчилари уларни тарихий шахс эканини айтса, бошқалари буни инкор этади. Яна баъзи маълумотларга кўра, Қайс тарихий шахс бўлиб, унинг тўлиқ исми Қайс ибн Муоз ёки Қайс ибн ал-Мулавваҳ бўлган. У  Мажнун тахаллуси билан шеърлар битган.

  Дарҳақиқат, араб мумтоз шеъриятида исломиятдан аввал ушбу тахаллус билан бир қанча шоир ижод қилгани маълум. Лекин уларнинг қай бири биз ўйлаган Мажнун эканини аниқлаш мушкул. XI асрда яшаган тарихчи ва сайёҳ Носир Хисрав ўзининг “Сафарнома”сида Арабистон яриморолида Тоиф шаҳри  яқинида  Лайли яшаган қўрғоннинг харобаларини кўргани ҳақида ёзади. 

  Шарқ адабиётида “Лайли ва Мажнун” мавзусининг пайдо бўлиши билан боғлиқ кўп ва хилма-хил фикрлар, тахминлар мавжуд. Ҳар қалай Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий сингари форс адабиётининг етук салафлари бу мавазуда бир-биридан рангин ва гўзал достонлар битишган. Улар орасида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг илк бор туркий тилда яратган "Лайли ва Мажнун" достони алоҳида ўрин тутади. 

Шарқдаги энг маҳзун қисса

Қайс араб саҳросидаги Омир қабиласи  сардорининг тангридан тилаб олган биттаю битта ўғли эди. У ёшлигидан ақлу одоби, ўткир зеҳни, чиройли хулқи, зоҳирий ва ботиний чиройи билан эл оғзига тушади. Мактабда қўшни, Ҳай қабиласи бошлиғининг қизи – Лайлини севиб қолади. Лайли ҳам унга кўнгил қўяди. Аммо давр тақозоси, маҳаллий урф-одатлар уларнинг ошкора севишиб, бир-бирининг дийдорига тўйишга имкон бермайди. Лайлининг отаси уни мактабдан олиб уйга қамайди. Қайс эса саҳрога юз буради. Лайлининг дардида куйиб-ёниб, эл ичида Мажнун, яъни жинни деган от чиқаради.

  Лайлининг отаси Мажнуннинг отасига одам юбориб, ўғлини тийиб қўйиши лозимлиги, бўлмаса қатъий чоралар кўришини, қўлидан ҳар қандай иш келиши мумкинлигини айтади. Мажнуннинг отаси ўғлини саҳродан тутиб келиб, занжирда сақлайди,  “шояд, ақл кирса” дея ўғлини каъба зиёратига олиб боради. Буларнинг ҳеч бири наф бермайди. 

  Бу орада  Лайлининг отаси қизини Бани Асад қабиласи сардори Ибн Саломга бермоқчи бўлади.Буни эшитган Лайлининг бир дарди ўн бўлади. 

  Мажнун ҳам саҳрода Навфал исмли олижаноб инсон билан танишиб қолади. Навфал уни ўзига куёв қилмоқчи бўлади. Ота-онасининг қистови билан  Мажнун Навфалга куёв,  Лайли эса, Ибн Саломнинг жуфти ҳалоли  бўлишга розилик беришади. 

  Ҳар иккисининг тўйи бир кечада бўлади. Аммо, иттифоқо Ибн Саломни ўша кечаси тутқаноқ тутади, Навфалнинг қизи эса, Мажнунга бошқа бировни севишини айтади. Шу тахлит Лайли ҳам, Мажнун ҳам бир-биридан бехабар саҳрога йўл оладилар ва ногаҳон тақдир уларни учраштиради. 

Шу оқшом кимсасиз бир масканда улар бир-бирларининг дийдорларидан баҳра оладилар. Лайли уйига,Мажнун эсаНажд тоғига йўл олади. Кўп ўтмай, Мажнун ота-онасидан айрилади. Бу мусибат совимай туриб,  Лайлининг ўлимидан хабар топади. Мажнун Лайлининг уйига бориб, унинг жонсиз танаси устида жон таслим қилади…

Мажнундан нимани ўрганиш мумкин?

Асарни ўқир экансиз, кўз ўнгимизда икки хил қиёфадаги Мажнун гавдаланади. Биринчиси, оқил, ҳар жиҳатдан комиллик эришган, қобил фарзанд. У ота-онасининг ризоси учун ҳар ишга тайёр. Иккинчиси, бутун жисми-жони Лайлига айланган, вужуди жунун савдосига тўлиб-тошган савдойи...

  Достоннинг тарбиявий аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Бу асарда муҳаббатнинг беқиёс куч-қудрати авж пардаларда тараннум этилса-да, фарзандлик эҳтироми, инсонийлик, раҳм-шафқат сингари фазилатларга ҳам кенг ўрин берилади.

Икки ёшнинг муҳаббати шу қадар кучли эди, улар ота-оналарининг амридан бўйин товлаб, бир-бирининг висолига етиши (худди бугунги кундаги аксарият романтик фильмлар қаҳрамонлари сингари) ҳам мумкин эди-ку! Йўқ, уларнинг ҳар иккиси ота-она олдидаги масъулиятни унутишмайди. Ҳар иккиси ота-она майли, орзу-ҳаваслари туфайли ўзгалар билан умрларини пайвандлашга рози бўладилар. Аммо, тақдирнинг ўйинини кўрингки, ҳар иккиси ҳам муайян сабабларга кўра, чимилдиқни тарк этадилар ва тасодиф уларни учраштиради. 

  Лайли ва Мажнуннинг учрашув онларини ҳам шоир ўзгача иштиёқ билан тасвир этган. Айнан ўша тунда бутун борлиқ икки қалбнинг бирлашуви учун шароит яратган, паррандаю даррандалар сукутга чўмган, юлдузлар ҳам ҳам фалакда жимгина уларга бахт тилар, тун ҳам бу дийдорнинг узоқ давом этишини истар, саҳарнинг йўлига қора парда тутганди. 

  Ахир ана шундай қулай бир вазиятда ҳар иккаласи Шайтон амрига қулоқ тутиб, гуноҳга қўл уриши мумкин эди-ку! Аммоуларнинг муҳаббати пок эди. Бу висол ўтлидил изҳорларидан, жонбахш суҳбатлардан, ширин эркалашлардан нарига ўтмайди...

  Ҳар ишки ўтуб ҳалокликдин,

  Айру эмас эрди покликдин, 

- дейди Навоий уларнинг висол чоғини тасвирлаш асносида.

«Йиғлай-йиғлай туготдим охир…»

    Мажнун чин маънода поклик ва беғуборлик тимсоли ҳам эди. Унинг муҳаббати шунчаки бир жинс вакилининг иккинчи жинсга интилиши маҳсули эмасди. Асар сўнгида Навоийнинг  ўзи баҳо берганидек, бу  ишқ мажозийликдан бошланиб, ҳақиқатга йўғрилганилоҳий бир муҳаббат эди. Шу боис уинсонлар учун бегона, ҳатто девона эди. 

  Не ажабки, уни инсонлар эмас, айнан ҳайвонлар – тилсиз жонзотлар осонроқ тушуна оладилар. Ҳатто энг ҳуркак жонивор жайронларҳам ундан қочмай, у билан дўст тутинади,ваҳший ҳайвонлар ҳам унинг қошида содиқ итдек ювош тортиб қолишади. Қушлар елкаларига қўниб, у билан сирлашади. Агар Мажнун бу қадар пок бўлмаганида, отаси Лайлини ўлдирмоққа қасд қилгани ҳам, ота-онасининг ўлими ҳам унинг тушади аён бўлмас эди. Ҳатто Лайлининг ўлими ҳақида унга ғойибдан хабар етади...

  Асарнинг «финал» қисми – ҳар икки қаҳрамоннинг ўлими, уларнинг сўнгги манзилга  тасвирланган мисраларни ҳаяжонсиз ўқиш қийин.

  Бир наъшқа солдилар иковни,

  Жонсиз келину ўлук куёвни.

  Кирди ики жисм бир кафанга,

  Йўқ-йўқ, ики руҳ бир баданга...

Маълумотларга кўра, буюк адиб Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар»даги Кумушбибини, Оноре де Балзак ўзининг севимли қаҳрамони Горио отани «ўлдириб» қўйишганида ёш боладек кўз-ёш тўкишган экан. Худди ана шу ҳолни ҳазрат Навоий ҳам бошларидан кечирган эканлар.

   Яъни бу сифат фироқнома,

  Бўлди манга қатрарез хома.

  Сўгин нечаким узоттим охир,

Йиғлай-йиғлай туготтим, охир. 

  Лайли ва Мажнун мавзусига ҳазратНавоийдан кейин ҳам жуда кўплабижод аҳли мурожаат этган. Хусусан, сўз заргарларидан яна бири Муҳаммад Фузулий ҳам ана шундай достон яратган. Туркий тилдаги яратилган ушбу асарда ҳам шоирнинг ҳазрат даҳосидан, унинг бетакрор ижодидан баҳра олгани сезилиб туради. 

  Бундан роппа-роса юз йил муқаддам «Лайли ва Мажнун театр саҳнасига чиқарилди. Мусулмон шарқидаги илк опера Озарбойжон бастакори Узайир Ҳожибеков ижодига мансуб «Лайли ва Мажнун» операси эди. 

  Дарҳақиқат, бу асар кўплаб олим ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлган. Бир пайтлар машҳур россиялик  шарқшунос олим Николай Конрад  достон ҳақида катта минбардан туриб, гапираркан, кўзига ёш олиб, "Мен ана шундай буюк шоирни етиштирган ўзбек халқи олдида  таъзим қиламан", деган экан. 

  Дарҳақиқат, мана йиллар, асрлар ўтса-да, Лайли ва Мажнун номи, уларнинг пок муҳаббати, дарду аламларга бой ҳаёти тилларда достон бўлиб келаётир. 

                Нигора Эркинова, 

Тошкент шаҳар 27-мактаб она тили ва адабиёти ўқитувчиси

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+2° туман
Валюта курси
rightuz