Айни пайтда ижтимоий тармоқлар ва интернет ОАВда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган, журналист ва блогерлар шаънига ўта кескин фикрлар билдирилган аудиоёзув кенг жамоатчилик ўртасида кескин танқидга сабаб бўлмоқда. Ж.Ортиқхўжаев шахси билан боғлиқ мазкур ҳолатга бир қатор давлат, жамоат ташкилотлари ўз муносабатини билдирди.
«Адолат» социал-демократик партияси:
«Нега баъзи мансабдорлар ўз фаолиятида ОАВга суяниш ўрнига беписандлик билан ёндашмоқда? Нима сабабдан аввалги баъзи мутасаддиларнинг «ҳурмача» қилиқларидан пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўғри сабоқ чиқармади? Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин?
Ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кутиб қоламиз».
Кейинроқ АОКА аудиоёзув бўйича ўрганиш олиб борилаётгани ҳамда ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.
OʻzLiDeP
"Мамлакатимиз Конституциясида қонун ҳамма учун тенглиги, инсон ҳуқуқлари устуворлиги эътироф этилган. Шу туфайли OʻzLiDeP инсон шаънига нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз жазосиз қолмаслиги керак деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга ҳақоратли сўзлар янграган аудиоёзув ҳақиқатан ҳам Ж.Ортиқхўжаев томонидан айтилганлиги юзасидан етарлича тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлмагани сабабли ушбу масалага муносиб ҳуқуқий баҳо бериш, вазиятга аниқ хулоса ясаш мақсадида аудиоёзув ҳозирда махсус давлат органлари томонидан экспертиза қилинаётганлиги маълум. Шундан келиб чиқиб партия журналист ва блогерларни, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолларини вазиятга экспертиза хулосаси асосида баҳо берилгунга қадар хулоса чиқармасликка чақиради.
Партия ҳар қандай эркин фикр, эркин сўз инсон қадр-қимматига дахл қилмаслиги шарт деб ҳисоблайди".
Ўзбекистон ХДП :
«Жорий йил 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар ва интернет ОАВда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган, журналист ва блогерлар шаънига ўта кескин фикрлар билдирилган, шарманда қилиш, ҳатто жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилинган аудиоёзув кенг тарқалди. Бу ҳолат мамлакатимиздаги барча ОАВ вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчиликнинг қаттиқ муносабати ва танқидига сабаб бўлди.
Давлатимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу аудиоёзув бўйича суриштирув ишларини олиб бориши чора кўриши зарур.
Аудиоёзувдаги ҳолат ҳақиқатда рўй берган бўлса, демократик ислоҳотларнинг энг муҳим шарти – сўз ва фикр эркинлигига, журналистларга очиқдан-очиқ таҳдид қилиш, «менга ҳамма нарса мумкин», деб ўйлаш, аввало, халқ ва давлатни менсимаслик, деб баҳоланиши керак".
Алишер Қодиров, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари:
«Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози билан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган аудиоёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмагунича ушбу масалада фикр билдиришни тўғри деб ҳисобламаймиз.
Мавзу бўйича биринчи бўлиб изоҳ ёки баёнот бериш Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва хабарнинг муаллифига тегишлидир.Шу ўринда жамият ахборот истеъмол маданиятининг пирамида шаклидаги учта даражаси ҳақида айтиб ўтмоқчиман:
Биринчи, энг қуйи ва энг кўп қатлам - ахборотни эшитади ва шундайлигича истеъмол қилади;
Иккинчи, ўрта-ўзгарувчан, камайишга мойил қатлам - ахборотни эшитади, ўзини даражасида таҳлил қилади, муносабат билдирмайди;
Учинчи, энг кам, жамиятни сиёсий тафаккурини кўрсатадиган қатлам - ахборотни эшитади, текшириб-таҳлил қилади ва муносабат билдиради.
Жамиятнинг мафкуравий ва сиёсий иммунитет даражаси учинчи қатламнинг даражасига тенгдир».
Бу ҳақда Алишер Қодиров ўз Facebook саҳифасида ёзган.
Ҳикматилла Убайдуллаев, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари:
Охирги соатларда кўплаб юртдошларимиз, журналист ва блогерларимиз интернетда тарқалган, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув юзасидан изоҳ беришимизни сўраб мурожаат қилишмоқдаЖурналист ва блогерларимиздан вазиятга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар ҳиссиётларга берилмаслик, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликни сўраймиз. Бу воқеа бўйича ҳуқуқий органлар албатта чора кўришади.
Таъкидлашни истар эдимки, ким томонидан эканидан қатъи назар, тўртинчи ҳокимият — журналистлар ҳақида айтилган бундай фикрлар ўта ёқимсиз ҳолат ва бунга жим қараб туриш мумкин эмас. Бу — давлат сиёсати ва жамиятда ўрнатилган қоидаларга мутлақо зиддир".
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси:
"Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли аудио ва матнли ахборот кенг тарқалди. Агар унга ишонадиган бўлса, ҳоким сўз эркинлиги ва журналистлар шаънига нисбатан, нафақат эгаллаб турган лавозимига, балки умуман инсонийликка тўғри келмайдиган сўзларни билдирган.
Журналистлар уюшмаси тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолат юзасидан ўзларининг адолатли хулосаларини билдиришлари зарур, деб ҳисоблайди. Инсон шаъни, жумладан журналист шаъни ва ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ва унинг ҳар қандай бузилишлари қонуний баҳоланиши лозим".
Ҳозирча Тошкент шаҳар окимлиги Ж.Ортиқхўжаев овози дейилаётган аудиоёзув сохта эканлигини айтмоқда. Аммо масъул органлар томонидан текширишлар олиб бориляпти. Сайтимизни кузатиб боринг, аниқ маълумотлар тақдим этилиши билан эътиборингизга ҳавола этамиз.