Му5
3

Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

СИЁСАТ 11.12.2019, 14:35
382
Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди

2019 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисини жорий йил 14 декабрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ялпи мажлисда сенаторлар мамлакатимиз демократик тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда муҳим масалаларни муҳокама қилади. “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.

Бундан ташқари, Сенат аъзолари нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонунларни муҳокама қилади.  

Кенгаш томонидан Сенат қўмиталарига ялпи мажлисда муҳокама учун масалаларни тайёрлашда ҳудудий манфаатларни ҳимоя қилиш, ҳудудлар аҳолисини ташвишга солаётган муаммоларни очиб бериш, шунингдек уларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти органлари учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Шарҳлар