Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Таиландда ўтказилаётган футбол бўйича 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатмошмоқда. Учрашувлар давомида жамоани қўллаб-қувватлаш учун юртимиздан ташриф буюрган мухлислар, “Fun club” аъзолари ҳамда Таиланддаги ватандошларимиз томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинмоқда.
Мухлисларимиз мамлакатимиз туризм бренди ифодаланган миллий либосларда жамоамизни дадил қўллаб-қувватлашмоқда ҳамда Осиё чемпионатига ташриф буюрган бошқа мамлакатлар мухлисларига Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот тарқатма материаллари улашилмоқда. Улар орасида тарихий шахслар қиёфасидаги ватандошларимиз ҳам бор.
Таъкидлаш жоизки, 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатига 9 январь куни старт берилган бўлиб, мусобақа 26 январга қадар давом этади. Қуръа ташлаш натижаларига кўра, Ўзбекистон “С” гуруҳидан ўрин олиб, шу кунга қадар иккита ўйин ўтказди.
Эрон билан қайд этилган дурранг (1:1) ва Хитой устидан қозонилган ғалабадан (0:2) сўнг жамоамиз гуруҳда 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турипти. Гуруҳ пешқадами Жанубий Корея (6). Учинчи ва тўртинчи ўринларда эса – Эрон ва Хитой мос равишда 1 ва 0 очколар билан.
Ўзбекистонда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, мамлакатни хорижда танитиш ва туризм салоҳиятини оммалаштиришда ўз ҳиссасини қўшаётган фаол ватандошларимизга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз миннатдорчилигини билдиради.