АсосийDunyo

Хитойнинг Хубей вилоятида яна тўққизта шаҳар ёпилди

'Хитойнинг Хубей вилоятида яна тўққизта шаҳар ёпилди'ning rasmi

Айрим оммавий ахборот воситаларида янги коронавирус тарқалгани сабабли мазкур шаҳарларга транспорт қатнови тўхтатилди, деган хабар тарқалди. Натижада вилоятда вақтинчалик ёпилган шаҳарлар сони ўнтага етди. Айтиш мумкинки, бундай чеклов чоралари жами 29,2 миллион аҳолининг ҳаётига дахл қилмоқда.

ЎзАнинг хабарига кўра, вирус илк бор аниқланган Ухань шаҳри айниқса, қаттиқ карантинга олинган. Пайшанба кунидан бошлаб, соат 10.00 дан автобуслар, паромлар, метро тўхтаган, шаҳарга ташқаридан йўловчи автобуслар ва сув транспортлари киритилмаяпти, аэропортдан самолётлар учмаяпти, темирйўл қатновлари ҳам бекор қилинган. Шаҳар ва мамлакат ҳукумати агар жуда зарур бўлмаса, аҳолига шаҳарни тарк этмасликни ёки бошқаларни Уханга бормасликни маслаҳат бермоқда.

Эчжоу шаҳри 23 январдан темирйўл ҳаракати тўхтатилди. Сяньтао ҳукумати пайшанба куни соат 17.00 да барча автобус ва сув транспортлари қатновини бекор қилди, тез юрар шосселарда шаҳардан чиқадиган йўллар ёпилган. Чжицзян шаҳрида эса шаҳарлараро автобус рейслари қатновдан олиб ташланган, шаҳарда фақат супермаркетлар, касалхоналар, бозорлар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, дорихоналар ишлаб турибди. Тижоратнинг қолган барча турлари ёпилган.

Цяньцзян шаҳрида пайшанба куни соат 22.00 дан узоқ масофага қатнайдиган барча транспорт турлари тўхтатилди, қишлоқларга автобуслар қатнамаяпти, жамоат транспорти, сайёҳ автобуслар ва паром ҳаракатига рухсат берилмаяпти, бандаргоҳлар ҳувуллаб қолди.

Қолган шаҳарларда ҳам аҳвол шундай, маҳаллий ҳокимият вазият қаттиқ назорат остига олинган. 

Ўтган йилнинг декабрь ойи сўнгида Хитой ҳукумати Ухан шаҳрида келиб чиқиши номаълум бўлган пневмания хасталиги тарқалгани ҳақида маълумот берганди. Экспертлар хасталикни янги турдаги коронавирус – 2019-nCoV келтириб чиқарганини аниқлашди.

Сўнгги маълумотларга кўра, вирусни юқтирганлар сони бутун мамлакат бўйича 830 кишидан ошиб кетди. Уларнинг 26 нафари ҳаётдан кўз юмган (24 нафари Хубей вилоятидан, икки нафари бошқа шаҳарлардан).

Вирус тарқалиши Хитойдан ташқарида ҳам кузатилмоқда. Касалланиш ҳолатлари Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Вьетнам, Сингапур ва Таиландда ҳам қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар