Хабарингиз бор, Андижонда уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарори ижросидан норози фуқаро ўзига ўтиб қўйиб юборган эди. Шундан сўнг, ҳолат бўйича МИБнинг расмий изоҳини берган эдик. Айни пайтда МИБ Андижон вилояти бошқармаси томонидан воқеа юзасидан қўшимча тафсилотлар маълум қилинди.
Аниқланишича, Мажбурий ижро бюроси Андижон туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 17.01.2019 йил кунги жавобгарлар Х.З.Гаибназаров ва унинг оила аъзоларини Андижон туман Ёрбоши қишлоғи (собиқ Айрилиш махалласи 225-уй) Бешбўйноқ МФЙ, Бодомзор кўчасидаги 140-уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар М.Байхановани ушбу уйга киритиш бўйича ижро ҳужжати келиб тушган.
Мазкур суд ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 21 январь куни соат таҳминан 18:00 ларда Бюронинг Андижон туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга борилганда, тарафлар ўртасида далолатнома расмийлаштириш жараёнида келиб чиққан келишмовчилик сабабли, ижро ҳаракатлари 22.01.2020 йилга қолдирилган.
Шундан сўнг, МИБ ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтида жавобгар Х.Г. ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборади.
Оловни ўчириш учун МИБ ходимлари уйнинг ҳовузидан челакда сув олиб чиқиб, ўчиришга кўмаклашади. Аланга ўчирилганидан сўнг фуқаро Х.Г. бюро ходимларининг ёрдами билан “Лабо” автотранспорт воситаси орқали Андижон туман тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасига олиб келинган. Қарздорнинг оила аъзолари эса Бюро ходимининг шахсий автомашинасида касалхонага етказилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, МИБ Андижон вилояти бошқармаси “жабрдийдага МИБ ходимлари ёрдам кўрсатмади”, деган видеомурожаатдаги фикрлар ўз тасдиғини топмаганлигини билдиради.