Тунги клубда шафқатсизларча ўлдирилган спортчининг яқинларига моддий ва маънавий зарар ундирилди

ЖИНОЯТ 17.02.2020, 09:50
2367
Тунги клубда шафқатсизларча ўлдирилган спортчининг яқинларига моддий ва маънавий зарар ундирилди

Ёдингизда бўлса, 2018 йил 9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси, 1-А уйда жойлашган “AURUM 898” тунги клубида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги 25 ёшли спорт устаси билан клуб қўриқчилари ўртасида келиб чиққан жанжал натижасида спортчи ўта шафқатсизларча ўлдирилганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 13 мартдаги ҳукмига кўра, асосий жавобгар Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в,ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

3 нафар жавобгарлар Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” бандида кўрсатилган жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Даъвогарнинг 4 нафар жавобгарга нисбатан боқувчисини йўқотганлиги сабабли етказилган зарар, моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги ҳамда учинчи шахснинг 4 нафар жавобгарга нисбатан жиноят натижасида етказилган моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги фуқаролик иши Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида кўриб чиқилди... 

Олим ШАМСИЕВ, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

Даъвогар – марҳумнинг рафиқаси судга жавобгарларга нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилди. Унда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 13 мартдаги ҳукми билан жавобгар турмуш ўртоғини ўта шафқатсизлик билан ўлдирганликда айбдор деб топилиб, ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,ж” бандлари билан жавобгарликка тортилган. Бу жиноятни содир этишда иштирок этган бошқа жавобгарлар эса ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбдор деб топилиб, уларга тегишли жазо чораси тайинланган. Турмуш ўртоғининг ўлдирилиши билан боғлиқ жавобгарларнинг жиноий ҳатти-ҳаракати оқибатида унга маънавий зарар етказилганлигини, чунки бўлиб ўтган воқеалардан кейин ҳозиргача ўзига кела олмаётганлигини, руҳий эзилиб, тушкунликка тушиб қолганлигини, ўзи ва фарзандининг соғлиғи жиддий равишда ёмонлашганлигини, бундан ташқари турмуш ўртоғи оилада ягона боқувчи бўлганлиги сабабли унинг вафоти билан зиён кўрганликларини маълум қилди. Жавобгарлардан солидар тартибда боқувчисининг вафот этганлиги муносабати билан 218.948.400 сўм, жавобгардан етказилган маънавий зарар учун 200.000.000 сўм, қолган жавобгарлардан эса маънавий зарар учун 480.000.000 сўм компенсация, шуниндек фарзандининг даволаниши учун сарфлаган 7.122.276 сўм моддий зарарни ундиришни, шу билан бирга суд ҳаражатларини ҳам қоплаб беришни сўраган.

Ишни кўриш давомида ишга учинчи шахс сифатида жалб қилинган марҳумнинг отаси ҳам судга мустақил даъво талаби билан мурожаат қилиб, ундан жавобгарлардан фарзандининг ўлдирилиши оқибатида етказилган моддий зарар учун солидар тартибда 12.000.000 сўм ва маънавий зарар учун 500.000.000 сўм компенсация ундиришни сўраган.

Суд мажлисида даъвогарлар даъво талабларини қўллаб-қувватлаб, уларни тўлиқ қаноатлантиришни сўрадилар.

Жавобгарлардан бири суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган бўлса-да, судга келмади. Келмаслик сабабларини эса маълум қилмади. Шунга кўра, суд мазкур фуқаролик ишини ФПКнинг 220-моддасига асосан унинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.

Навоий вилояти ИИБ ЖИЭБ 11-сон жазони ижро этиш колониясидан келиб тушган жавобгарнинг аризасига кўра, у даъвогарнинг даъво талаблари билан келишмайди.Чунки жиноят айнан марҳумнинг ҳатти-ҳаракатлари оқибатида содир бўлган.Шу сабабли марҳумнинг айби билан содир этилган жиноят натижасида етказилган зарарни даъвогарга тўлаб беришга норози эканлигини маълум қилиб, даъвони рад қилишни сўраган.

Икки нафар жавобгарнинг сўралган ёзма фикри эса судга келиб тушмаган. Шунга кўра, суд мазкур фуқаролик ишини уларнинг фикрини олмаган ҳолда кўришни лозим топди.

Суд даъвогар ва учинчи шахс тушунтиришини эшитиб, иш материалларини ўрганиб, қуйидаги хулосага келади:

Аниқланишича, даъвогар марҳум билан 2018 йил 12 апрелда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган. Бу турмушидан уларнинг бир нафар фарзанди бор.

Учинчи шахс марҳумнинг отаси бўлади. Марҳумнинг онаси эса 2018 йил вафот этган.

Суд қайд қилинган қонун талабларидан келиб чиқиб, шунингдек даъвогарнинг турмуш ўртоғи, отасининг эса фарзандини йўқотиши оқибатида бошидан ўтказган маънавий азобларни инобатга олиб, уларнинг жавобгарларга нисбатан маънавий зарар ундириш ҳақидаги талабини қонуний ва асосли деб ҳисоблайди.

Даъвогарларнинг 4 нафар жавобгарга нисбатан боқувчисини йўқотганлиги сабабли етказилган зарар ва моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талаблари қисман қаноатлантирилди.

Асосий жавобгардан даъвогарлар фойдасига жиноят натижасида етказилган маънавий зарар учун 250.000.000 сўм компенсация ундирилди.

Қолган 3 нафар жавобгардан солидар тартибда даъвогарларга жиноят натижасида етказилган маънавий зарар учун 50.000.000 сўм компенсация ундирилди.

Асосий жавобгардан даъвогар – марҳумнинг рафиқаси боқувчисини йўқотганлиги сабабли етказилган зарарни қоплаш учун фарзандининг 18 ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробарининг 1/3 қисми миқдорида зарар ундирилиши белгиланди. 

Жавобгарлардан солидар тартибда даъвогар – марҳумнинг рафиқаси фойдасига суд ҳаражатларини қоплаш учун 419.650 сўм ундирилиши белгиланди. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° небольшой снегопад
Валюта курси