Cамарқандда гўдакнинг ўлимига тоғанинг жазмани сабабчи бўлди

ЖИНОЯТ 20.02.2020, 14:20
2103
Cамарқандда гўдакнинг ўлимига тоғанинг жазмани сабабчи бўлди

           Бир оиланинг бекаси, устига-устак 2 нафар фарзанди бўлган онанинг оиласига хиёнати ва икки гўдакнинг қотилига айлангани кишини даҳшатга солади. “Қилмиш-қидирмиш”, деб бежиз айтишмайди. 39 баҳорни қаршилаган аёл энди гулдек умрини панжара ортида ўтказишга маҳкум... 

            Ҳаммаси 2019 йилнинг мартидан бошланганди. Аёл бир эркак билан ишқий муносабатларга киришади. Биргаликда мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб келишади. 2019 йилнинг июнида ушбу ҳолатдан аёлнинг турмуш ўртоғи хабар топгач, у билан яшамаслигини билдирган.

           Шундан сўнг, аёл эрининг уйидан чиқиб кетади. 2019 йилнинг августига қадар турли манзилларда, хусусан жазманининг хонадонида ҳам бир неча маротаба тунаб қолади. Қолган тафсилотларни судланувчи ўз кўрсатмаларида баён қилган.

“МАСТ ҲОЛАТДА ЭДИМ...”

Судда сўроқ қилинган судланувчи айбига иқрорлик билдирган...

Эрим билан 2002 йил майда турмуш қурганмиз. 2019 йил июндан буён биргаликда яшамаймиз. Чунки эрим бир эркак билан учрашиб юрганимни сезиб қолган. У билан март ойида телефонимни созлаш учун Каттақўрғон туманидаги қишлоқ бекатида танишиб қолганмиз. Шундан сўнг бир неча бор чойхоналарда учрашдик. Май ойида иккаламиз ўтириб спиртли ичимлик истеъмол қилдик ва мени уйига олиб борди. 6 августда унинг уйига борганимда, тўйга бирга боришимни айтди. Бормаслигимни айтсам, уриб, юзларим кўкарган бўлса-да, мажбурлаб тўйга олиб борди. Тўйдан кейин ҳам уйига олиб бориб, эрталабгача танамнинг турли соҳаларига урди. Шу вақтда унга “яшаш шароити йўқ, шароитни таъминлаб беринг”, деганим сабаб жанжаллашиб қолдик. Тонгда онамнинг уйига кетдим. Сўнг у синглимга қўнғироқ қилиб, уйга қайтиб боришимни, бўлмаса ўзи мажбурлаб олиб келишини айтди. У билан гаплашиб олиш ва бирга яшаш учун 12 августда эрталаб уйига бордим.

У менга пиво ичирди, “онамнинг уйига бор, шунда сен билан бирга яшайман”, деди. Ўзи онасининг уйига кетди. Маст бўлиб қолганим сабабли хонада ухлаб қолибман. Маълум вақт ўтиб унинг синглиси ва келини уйдан кетишимни талаб қилишди. Шунда онасининг уйига уни излаб бордим. Онасининг ҳовлисига кирган вақтимда жазманим айвонда турганди.

Шунда у билан онаси ётган хонага кирдик, бешикда синглисининг чақалоғи ҳам бор эди. Онаси билан жанжаллашиб қолиб, хонадан чиқиб “онангиз мени уришяпти”, дедим. У қўлимга пичоқни бериб, “хонадаги болани ўлдира оласанми? Қўлингдан келадими?” деди. Хонага кириб, бешикда ётган чақалоққа бир неча маротаба пичоқ урдим...

Синглисининг вояга етмаган қизчасига ҳам пичоқ билан ташланганимни эслай олмайман, чунки маст ҳолатда эдим. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман.

           Судланувчи айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмаларидан ташқари, судда текширилган далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган.

Ўткир МАМАДАЛИЕВ, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари:

— Судланувчи ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в, ж” бандлари ва 25, 97-моддаси 2-қисми “а, в, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+1° туман
Валюта курси