Туркманистонда ўзбек телеканалларининг ўчириб қўйилишининг сабаби маълум қилинди

ДУНЁ 21.02.2020, 11:58
2113
Туркманистонда ўзбек телеканалларининг ўчириб қўйилишининг  сабаби маълум қилинди

Ўзбекистондаги бир қатор телеканаллар Туркманистоннинг TurkmenAlem 52E / MonacoSat алоқа сунъий йўлдошидан ўчириб қўйилгани ҳамда «Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», «Кинотеатр», «Тошкент», «Болажон», «Спорт» ва бошқа телеканалларнинг эфири қўшни мамлакатда тўхтатилиб қўйилган эди. 

Бу январь ойида «Севимли» телеканали томонидан эфирга узатилган Американинг «Олти арвоҳ» фильми билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.

Ўзбекистон «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси томонидан маълум қилинишича, Американинг «Олти арвоҳ» фильми Туркманистон сунъий йўлдоши орқали ўзбек телеканалларининг трансляциясини тўхтатиб қўйишга сабаб бўлиши мумкин эмас.

Қайд этилишича, «Севимли» телеканали Туркманистонда расмий равишда намойиш этилмайди.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» 12 та канал — «Ўзбекистон», «Ўзбекистон 24», «Ёшлар», «Тошкент», «Спорт», «Наво», «Дунё бўйлаб», «Маданият ва маърифат», «Болажон», «Кинотеатр», «Оилавий» ва «Маҳалла» телеканалларини назорат қилади. Уларнинг трансляцияси SES глобал сунъий йўлдош операторига тегишли NSS-12 сунъий йўлдоши орқали амалга оширилади. Ушбу ўзбек каналларининг трансляцияси дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида, шу жумладан, Туркманистонда намойиш этилади.

Таъкидланишича, 2019 йилнинг ноябрь ойида Туркманистоннинг Turkmen Xamresi компанияси ташаббуси билан шартнома имзоланган. Унга кўра, ўзбек каналлари TurkmenAlem 52E сунъий йўлдоши орқали узатилади. Эфир NSS-12 билан параллел равишда томошабинларнинг қамрови ва қабул қилиш сигналлари параметрларини ўрганиш учун олиб борилади. Қайд этилишича, худди шу 12 та канал Туркманистон сунъий йўлдоши орқали узатилади, «Севимли» телеканали бу рўйхатда мавжуд эмас.

Аввалроқ мазкур фильм экранларга чиққанидан ва унинг атрофидаги шов-шувлардан сўнг, Туркманистон расмийлари DVD фильмларни ижарага бериш жойларини ёпган. Шунингдек, улар давлат хизматчилари ва мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказиб, уларга Ғарб ташвиқотининг хавфлилиги ҳамда АҚШнинг Туркманистон давлатчилигини бузишга уринишлари ҳақида гапирган.

АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси мазкур ҳолатга берган изоҳида фильм хусусий компания томонидан яратилганлигини таъкидлаган. Америка Қўшма Штатлари ва АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси Туркманистон билан кучли ва самарали алоқаларни қўллаб-қувватлаши қайд этилган.


 

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+5° небольшой проливной дождь
Валюта курси