Каттақўрғон шаҳрида ўтказилаётган Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди, дея хабар берди Самарқанд вилояти ҳокимлиги.
Шу кунга қадар Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Хашимов Музаффар Казимович ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Сессияда депутатлар томонидан Алимова Гавхар Зайировна номзоди Каттақўрғон шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Ўзбекистонда кетма-кет аёл ҳокимлар тайинлови амалга оширилган эди. Хусусан, 4 март куни Андижон вилояти Бўстон туманига Садбархон Мамитова ва Қарши туманига Мақсуда Мустафаева, 18 февраль куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига сенатор Дилфуза Уралова ҳоким бўлган бўлса, 29 февраль куни Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келган Наргиза Неъматова туман ҳокими в.б. ва Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова ҳоким этиб тайинланганди.