АсосийЖАМИЯТ

Маданият вазирлиги аёллар қамоқхонасида байрам тадбирини ташкил этди

Бугун Маданият вазирлиги томонидан 8 март  - Халқаро хотин-қизлар байрами куни муноса...

'Маданият вазирлиги аёллар қамоқхонасида байрам тадбирини ташкил этди'ning rasmi

Бугун Маданият вазирлиги томонидан 8 март  - Халқаро хотин-қизлар байрами куни муносабати билан Тошкент вилояти, Зангиота тумани 21-сонли аёллар умумий тартибдаги колониясида байрам тадбири ташкил этилди.

Ушбу байрам тадбири ўз жазо муддатини ўтаётган аёлларга байрамона завқ улашиш, қалбларида эртанги кунга умид уйғотиш, келгуси ҳаётларини эзгу амаллар билан давом эттиришга руҳлантириш мақсадида ташкил этилди. Ўзбек Миллий академик драма театрининг “Қирмизи олма” спектакли намойиши, эл севган актёрларнинг маҳоратли ижролари аёлларга манзур бўлгани уларнинг  олқишларидан яққол сезилиб турди.  Маҳкумаларни табриклаш учун сўзга чиққан Маданият вазири Озодбек Назарбеков жумладан шундай деди: 

– Сизнинг ўрнингиз оилада, фарзандларингиз ёнида, бу жойдан кетгач, ҳеч қачон қайтгулик қилмасин, ҳамиша эзгу мақсадлар ва орзулар билан яшанг. Хабарингиз бор, кеча президентимиз 83 нафар аёлга амнистия эълон қилдилар. Ҳеч қачон умидингизни узманг. Байрамларни бундан кейин фақат ўз уйингизда, оилангиз бағрида нишонлаш насиб этсин. Байрамингиз муборак бўлсин! 

Маданият вазири аёлларни табриклар экан уларга имкон қадар ҳар байрамда уларга концерт-тадбирлар ташкиллаштиришга сўз берди. 

- Қайси санъаткор билан учрашиш, қайси спектаклни томоша қилиш истагингиз бўлса, бемалол айтишингиз мумкин. Байрамларда уларни таклиф этишга тайёрмиз, - деди Маданият вазири Озодбек Назарбеков. 

Спектаклдан сўнг, хонанда Феруза Жуманиёзова ўзининг шўх қўшиқлари билан маҳкумаларнинг кўнглини  шод этди.

Бошқа янгиликлар