my5

Боксчиларимиз юртимизга учта олтин ва 7 та олимпиада йўлланмаси билан қайтишмоқда

СПОРТ 12.03.2020, 11:10
1070
Боксчиларимиз юртимизга учта олтин ва 7 та олимпиада йўлланмаси билан қайтишмоқда

Хабарингиз бор, Иорданиянинг Амман шаҳри бокс бўйича Токио-2020 олимпиадасига лицензион турнирга мезбонлик қилди. Кеча баҳслар якунига етиб, унда ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталаридан уч нафари олтин медалга сазовор бўлди. Боксчиларимиздан Миразизбек Мирзахалилов, Элнур Абдураимов ҳамда Баҳодир Жалоловлар ўз вазн тоифаларида тенгсиз эканлигини исботлашди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати ёзмоқда

-57 кг вазн тоифасида Миразизбек Мирзахалилов иорданиялик Муҳаммад Алвадига қарши рингга кўтарилди ва 5:0 ҳисобида яққол устунлик билан ғалабага эришди.

-63 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Элнур Абдураимов эса финалда қозоғистонлик боксчи Зокир Сафиуллин билан тўқнаш келди. Муросасиз кечган жангда ҳамюртимизнинг қўли баланд келди – 3:2, Элнурнинг фойдасига. Шу тариқа Абдураимов терма жамоамиз ҳисобига иккинчи олтин медални қўшиб қўйди.

Ниҳоят энг оғир, яъни +91 кг вазн тоифасидаги боксчимиз, амалдаги жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов мусобақанинг сўнгги жангида австралиялик спортчи Юстис Хуни устидан 5:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Қисқаси, финал жангларида қатнашган ҳар учала боксчимиз ҳам якунда олтин медалга сазовор бўлди.

Шу тариқа бокс бўйича олимпиада лицензион турнирида Ўзбекистон терма жамоаси учтадан олтин ва бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Токио-2020 олимпиадасига эса 7 та йўлланма қўлга киритилди. Булар – Миразизбек Мирзахалилов, Элнур Абдураимов, Баҳодир Жалолов (барчаси олтин), Шаҳобиддин Зоиров, Бобоусмон Батуров, Санжар Турсунов (учаласи ҳам бронза) ва қизлардан Турсуной Раҳимовадир.

Биз боксчиларимизни ушбу муваффақият билан муборакбод этамиз.

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+19° небольшая облачность
Валюта курси
10315.62
USD 20.29
12210.60
EUR 15.78
136.28
RUB -1.37