13

Режиссёр Сарвар Каримов "Сарвқомат дилбарим"даги ўпишиш саҳнаси ва титрлар кесиб ташлангани учун "Milliy TV"ни судга бермоқчи

МАДАНИЯТ 21.03.2020, 15:50
1129
Режиссёр Сарвар Каримов "Сарвқомат дилбарим"даги ўпишиш саҳнаси ва титрлар кесиб ташлангани учун "Milliy TV"ни судга бермоқчи

Чингиз Айтматовнинг "Сарвқомат дилбарим" асари асосида ўзбекистонлик режиссёр Сарвар Каримов томонидан суратга олинган фильм 20 март куни "Milliy TV" телеканали орқали эфирга узатилди. Сарвар Каримов эфирга узатилган фильмнинг энг муҳим қисмлари — Илёс ва Асалнинг Иссиқкўл бўйидаги бўса саҳнаси кесиб ташланганидан норозилигини билдириб, байрамдан сўнг телеканални судга беришини ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Бу ҳақда дарё интернет нашри ёзмоқда.

"Қадрли "Milliy TV" телеканалининг айрим ижодкорлари. Сизларни илгари ҳам унчалик қаттиқ яхши кўрмасдим-у, кечаги ишингиздан кейин умуман ёмон кўриб қолдим. Телеканалингизни бутун ижодий жамоамиз билан ёмон кўрамиз. Магазинчи Ғайбулла ҳам сизларни ёқтирмайди, ўзи айтди менга.

Кеча, яъни 2020 йил 20 март соат 22:00 да мен режиссёрлик қилган «Сарвқомат дилбарим» фильми телеканалингизда эфирга узатилди. Уялмасдан, мендан рухсат сўрамасдан, бир оғиз маслаҳатлашмасдан фильмнинг энг муҳим саҳналаридан бири бўлмиш — Илёс ва Асалнинг Иссиқкўл бўйидаги бўса саҳнасини кесиб ташлабсизлар. Авваламбор, бу саҳна сюжет учун ўта муҳим. Қолаверса, айнан шу саҳнада фильмнинг ғоясига хизмат қилувчи кийик образи илк бора томошабин кўз олдида гавдаланарди. Бу кийик метафора бўлиб, бахт тимсолини ўзида ифода этади. Афсуски, сизлар метафора нима эканини тушунмасангиз керак. Акс ҳолда уни кесиб, йўқ қилиб ташлашга виждонингиз йўл қўймаган бўларди.

Шу ўринда сизларга савол бермоқчи эдим: наҳотки одам шу қадар қўрқоқ бўлиши мумкин? Икки одам кадрда ўпишса – мусаффо осмонимиз узилиб қаро ерга қулаб тушадими? Ёки ўзбек ўпишмайдими? Ёки бу фильмда уйдан қочиб, кўча-куйда ўпишиб юриш тарғиб қилинганми? Фильмни ўзи кўраётганда мундоқ умумий маъно-мазмунига ҳам аҳамият берасизларми? Ёки ақл-у фаросатингиз фақатгина асарни алоҳида-алоҳида кадр даражасида кўришдан уёғига ўтмайдими? Фильмнинг бошида катта қилиб 16+ деб ёзилган бўлса, жонивор кечаси 22:00 дан кейин берилаётаган бўлса – нима муаммо? Қолаверса, кинони мен тасвирга олганман, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бадиий кенгаши тасдиқлаган, шу саҳнаси билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Туркия кинотеатрлари намойиш этган, фестиваль ва танловларда қатнашган. Шундай экан, сиз нимадан қўрқасиз? Гап тегса – менга тегади, «Ўзбеккино»га тегади-ку! Сизларга тегмайди. Тегса ҳам, «Ана, режиссёрдан сўранглар нега бунақа уятсиз кино олганини. Бизга «Ўзбеккино» берди кинони, биз қўйдик», десангиз ҳам бўлади-ку?! Нега бу қадар қўрқоқсиз? Нега бу қадар калта ўйлайсиз? Қилаётган ишингиздан ўзингиз уялмайсизми? Наҳотки бир умр қўрқиб, қалтираб, икки пуллик ишингиздан айрилиб қолиш ваҳимаси билан яшаб, ўлиб кетаверасизлар? Сиз ҳам одамсиз-ку, қул эмас. Онгли мавжудотсиз-ку. Мия нимага берилган ўзи? Ўпишиш саҳнаси «Ўткан кунлар»да ҳам, «Шум бола»да ҳам бор-ку. Ёки бу фильмлар ҳам уятсизми? Ёки Чингиз Айтматов ёмон ёзувчими, уятсиз, маънавиятсиз асарлар ёзганми? Кесмасангиз — дунё остин-устун бўлиб кетар экан, мен билан алоқага чиқиб, бир оғиз маслаҳатлашсангиз бўлмасдими?

Бундан ташқари Илёснинг «Илҳом» театрида фое бўйлаб юриш саҳнасини ҳам кесибсизлар. Чунки деворда рассом Сардор Эркиновнинг «Метаморфозалар» туркум картиналари илинган эди. Ярим ялонғоч эркак ва аёлларни кўриб, қўрқиб кетган бўлсангиз керак-да. Шу саҳна эфирдан кетса – ўзбек миллати пароканда бўлиб, ёшларимиз ёппасига уятсиз бўлиб кетади-ку ахир, тўғрими?

Аммо энг ачинарлиси – фильм якунидаги титрларни ҳам буткул кесиб ташлабсизлар. Яъни бу билан фильм учун бир йил фидокорона хизмат қилган юз кишига яқин жамоанинг меҳнатини сариқ чақага илмагансизлар. Илгари титрни яшин тезлигида ўтказиб юборардингиз. Бунисига кўниккан эдик. Эфир вақти фалон пул, буни биз ҳам тушунамиз. Аммо якуний титрни буткул кесиб ташлаш – қип-қизил сурбетлик эмасми?

Хуллас, мен сизлардан хафаман ва душанба куни яхши ният билан адвокат йўллаб, телеканалингизни судга бераман. Зора, шу инседентдан кейин қолган телеканалларимизга ҳам инсоф тегиб қолар ва оз бўлса-да, киноижодкорларнинг меҳнатини қадрлашни ўрганишар. Лекин сизларни бари-бир ёмон кўраман. Ўзингизни ўзингиз ҳам ёмон кўрсангиз керак. Тағин билмадим...

Наврўз байрами билан ҳам табрикламайман сизларни. Сизлар – ёмон одамсизлар!" деб ёзади кинорежиссёр Сарвар Каримов.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+11° облачно с прояснениями
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11