24 март куни ижимоий тармоқларда эълон қилинган “Кўргазма видеони ким ва қандай мақсадда олганлиги номаълум” сарлавҳали видео постда акс этган ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Жорий йилнинг 25 март куни Маъмурий ишлар бўйича Сурхондарё вилояти Ангор тумани судининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур суд жараёнида олиб борилган суриштирув ва гувоҳларнинг берган кўрсатмаларига асосан кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тарқатилиши жараёни фуқаро Б.И. томонидан тасвирга олиниб, “Ўзбекистонда сахийлик учун берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш жараёни видео тасвирга олингандан сўнг қайтариб олинмоқда”, дея нотўғри талқин қилинган ҳолда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилганлиги, бу билан унинг туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари, яъни 3.345.000 (уч миллион уч юз қирқ беш минг) сўм жарима жазоси тайинланди.