Шу йилнинг 26 март куни сурункали касалликлари билан диспансер назоратида бўлган наманганлик 72 ёшли аёл коронавирус инфекцияси ташхиси билан Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. 27 март куни ушбу бемор шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир миокард инфарктидан вафот этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ушбу ҳолат билан боғлиқ тегишли фатволар ва тиббиёт соҳаси мутахассислари билан кенгашган ҳолда коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш борасида қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мазкур масала бўйича Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво уюшмаси фатвоси, Азҳар уламолари кенгаши фатвоси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатволари ўрганиб чиқилди.
Ҳозирги кунда дунё мусулмон давлатлари тажрибасида маййитни ювиш, кафанлаш ва дафн маросими санитар ходимлар ёрдамида шариатга мувофиқ адо қилинмоқда. Ушбу амалларни бажаришда маййитнинг яқинлари иштирок этаётгани йўқ. Марҳумнинг яқин қариндошлари фақат жаноза ўқишда қатнашмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.
Мазкур амаллар фарзи кифоя маъносидаги ишлар бўлиб, баъзи мусулмонлар амалга оширишса, қолганларидан соқит бўлади.
Демак, коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимдир.
Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим.
Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарори асосида қатъий чекланган таркибда ўтказилади.