Жанбий Кореяда ўзбеклар томонидан биринчи масжид қурилади. Бу ҳақда Ислом.уз хабар берди.
Бир неча йил аввал Жанубий Кореяда яшаб, ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимиз томонидан маҳаллий ҳукуматдан масжид ва ислом маркази очиш учун рухсат олинган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари хорижда яшаётган ватандошларимиз, диндошларимизнинг иймон-эътиқоди, турмуш тарзи ҳақида қайғуриб, у ердаги масжиднинг соф Ислом, соф ақийда асосида фаолият юритишига астойдил ҳаракат қилган, масжидни керакли диний адабиётлар билан таъминлашга бош-қош бўлганлар. Кейинроқ Кореядаги юртдошларимиз учун Ўзбекистондан имом-хатиб ҳам тайинлайдилар.
Шайх вафотларидан сўнг Кожедо шаҳридаги ушбу масжид шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номи остида расмий равишда фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Бироқ, масжид биноси ижарага олинган жой бўлгани учун у йерга юртимиздан расмий имом-хатиб тайинлаш ҳужжатларини расмийлаштириш борасида баъзи қийинчиликларга дуч келинади.
Жанубий Кореянинг амалдаги қонун-қоидаларга кўра, у ерда юртимиздан борган имом-хатиблар хизмат қилиши учун масжид учун ажратилган ер майдони ва унинг биноси расмий равишда харид қилинган бўлиши талаб этилар экан.
Кореяда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ана шу хайрли иш амалга ошганини қувончи билан маълум қилишди. Ҳамюртларимиз томонидан Кореянинг Мокпо шаҳрида масжид учун 222,8м² ер майдони сотиб олиниб, энди у ерда янги масжид биноси қурилиш ишлари бошланиши маълум қилинди.
Бу масжид Жанубий Корея ҳукуматининг расмий рухсати билан, амалдаги қонунчиликка биноан сотиб олинган ер майдонида ўзбеклар томонидан қурилган биринчи масжид бўлади.
Энг муҳими, эндиликда бу масжидга хизмат қилиш учун борадиган Ўзбекистонлик имом-хатиблар учун виза ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилишида ҳеч қандай муаммолар юзага келмайди.