ССВ жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича бугун коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна бири бутунлай соғайиб, оиласи бағрига кузатилди. Хасталикдан фориғ бўлган фуқаро шифокорларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Ушбу фуқаро, жорий йил 14 март куни Лондон – Тошкент йўналишидаги рейс билан пойтахтимизга келган. 16 март куни унда коронавируснинг янги тури Covid-19дан зарарланиш ҳолати аниқланган эди.
Хабарда айтилишича ўтган вақт давомида бемор Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тўлиқ даволанган.
Эътироф этиш жоизки, фидойи шифокорларимиз томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган ҳолда, халқаро стантдартдлар асосида зарур даволаш муолажалари олиб борилгани ушбу беморнинг буткул соғайишини таъминлади.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларимиз соғайиб кетишлари учун бор маҳоратларини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча курашмоқда. Айни пайтгача касалликдан соғайганлар сони 8 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтгача Ўзбекистонда коронавирус беморлари 167 нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, 27 март куни коронавирус билан касалланган наманганлик 72 ёшли аёл вафот этди.
28 март куни эса 1 нафар бемор (эркак)да ўлим ҳолати қайд этилди.
Айни пайтда эса фарғоналик беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.