my5

Эҳсонни камситган текинхўр эркак: "Бу ёғни мол ҳам ичмайди" (видео)

ЖАМИЯТ 09.04.2020, 17:04
Теглар: карантин, инсонпарварлик, ёрдам
3767
Эҳсонни камситган текинхўр эркак: "Бу ёғни мол ҳам ичмайди" (видео)

Маълумки бугунги кунда мамлакатимиздаги мураккаб эпидемиологик вазият, қатъий карантин пайтида ҳукуматимиз бошчилигида барча меҳр-мурувватли инсонлар вазиятни юмшатишга имкон қадар ўз ҳиссасини қўшаяпти. Афсуски, шундай кунларда аҳоли орасида кам таъминланганини, ишсизлигини пеш қилиб, масъулларга дағдаға қилаётган, уйигача олиб кириб берилаётган инсонпарварлик ёрдамини назарга илмаётган кимсалар ҳам учраб турибди.

Бундайларни ким деб аташ мумкин?! Дунёда одамлар хавфли касалликдан қирилиб кетаётган бир вақтда ҳукуматимиз эпидемиянинг жиддийлигини вақтида англаб, кенг тарқалишига йўл қўймаслик учун одамларга уйдан чиқмай, оиласи саломатлигини асрашга шароит яратиб берган бўлса, масъул ходимлар ночорларнинг бир қўнғироғини маҳтал қилмай, озиқ-овқатларни ташлаб кетаётган бўлса... Уларга яна нима керак?!

“Қўлдан берганга қўш тўймас”

Олиб келинган озиқ-овқат ёрдамини тарозида тортиб олаётган, уни менсимаётган, яна буни видеога олиб интернет тармоғига тарқатаётган баъзи кимсаларни кўриб, ҳайрон қоласан... Айрим эркаклар шу тариқа эътироз билдириши, ўзини ўзи шарманда қилишини кўриб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан. Видео:

Интернетда тарқалган бу видеога нисбатан тармоқ фойдаланувчиларидан бири қуйидаги фикрларни билдирган:

“Эркак бўлиб шуни гапириб чиқдингми?! Давлат сени боқишни ўз зиммасига олибдими, еб-ичишинг қийинлигини гапирасан, сотвор телефонингни! Ёғни яна гапириб қўясан, танлаб ейсанми, кунлик пул топганингда бундан зўрини истеъмол қиганмидинг? Cенга зайтун ёғи обериш керакмиди?”

Торозини олиб, 5гр кам кўрсатса 1.995 деб миннат қиласан... давлат сенга шакар билан унни битта рулон пакетга солиб, ажратиб ол деб, ташаб кетсинми? Халқнинг бошига тушган дард, халққа қараб: “Эҳтиёжингиз бўлса, мурожаат қилаверинг!” деб эълон қилишяптику! Давлат “ҳар бир хонадонга битта борамиз, кейин бошқа келмаймиз”, деб эълон қилаётгани йўқ, шу нарсалар 5-кунга етади, шукур қилгин, нокас!”.

Яна бир изоҳда қуйидаги фикр-мулоҳазаларни ўқиш мумкин:

"Бугунги видеодан жуда таъсирландим. Гапни нимадан бошлашни ҳам билмаяпман... Хуллас бугунги кўрган видеода битта ношукур банда “Мана шу ёғни мол ҳам ичмайди”, дебди.

Бу нима деган гап?! Сен рўзғорингга шу мол ҳам ичмайдиган ёғни олиб бероляпсанми? Олиб бераётган бўлсанг, нега кам таъминланганлар рўйхатидасан? Бу "мол ҳам ичмайдиган" ёғни мен ўз рўзғоримга ишлатаман! Бошқа ёғлардан фарқи 1000-1500 сўм арзон. Мазаси бошқаларидан қолишмайди. Россияда ишлаб чиқилган ёғ.

Олдинги ҳафталарда чиққан видеода эса бир аёл манний ёрмасини отиб юборди. “Мен болаларимга едирмайман буни” деб беписандлик қилди. Нима, у болаларига креветка, қизил икра, голландча пишлоқ едирарканми?! Унда кам таъминланганлар рўйхатида нима қилиб юрибди?!"

Камбағаллик психологияси

Умуман олганда, камбағаллик психологиясини таҳлил қилиб кўрсангиз, негизида кўпинча ишёқмаслик, боқимандалик ётади. Эпидемия бўлмаган вақтда ҳам бундай кимсалар порталга, ҳокимиятга ва бошқа юқори органларга “дод-вой” солиб мурожаат қилишдан тўхтамаган. Бундайларга камбағаллик ёки кам таъминланганлик фахр-ифтихор, юксак мақом гўё... Улар яхшиликка яхши жавоб қайтариш у ёқда турсин, ҳатто қандай ёрдам сўраш, мурожаат қилиш маданиятидан, берилган эҳсонга шукр қилиш, қийинчиликда сабрли бўлиш деган туйғулардан йироқдир.

Тўғри, ҳозир карантин сабабли барча одамлар ўз бизнеси, муқим иши ва даромад манбаи бўлган хўжалик юритишини тўхтатган. Кунлик иш билан кун кўраётганлар, бисотида жамғармаси йўқлар бу вазиятда янада ҳимоясиз, ғамхўрликка мухтож бўлиб қолган. Уларга имкон қадар ёрдам кўрсатиляпти.

Аммо бу кунлар вақтинчаликку! Карантин боқимандаларга имконият эмас! Мураккаб синовлардан бир-биримизга суянч бўлиб, тинчгина ўтайлик, сабрли, андишали бўлайлик юртдошлар.

Дарвоқе, эҳсонни камситган яна бир ношукур аёл ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.

Манзура БЕКЖОНОВА

 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+32° ясно
Валюта курси
10129.56
USD -7.64
10955.12
EUR -33.6
137.54
RUB -0.72