АсосийЖАМИЯТ

“Босар-тусарини билмаган депутат” видеосини монтажсиз талаб қилган Дониёр Ғаниевга ИИВ жавоб берди

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “босар-тусар...

'“Босар-тусарини билмаган депутат” видеосини монтажсиз талаб қилган Дониёр Ғаниевга ИИВ жавоб берди'ning rasmi

Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “босар-тусарини билмаган депутат” воқеа иштирокчиси бўлган ЙПХ инспекторининг хизмат “боди-камера”сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши ҳамда воқеанинг якуний муҳокамаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ИИВ томонидан ахборот берилиши сўралгани ва бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ушбу мурожаатга ИИВ жавоб берди.

"Маълумки, жорий йилнинг 15 апрелида карантин муносабати билан вақтинча ташкил этилган Наманган шаҳар “Қизилкўприк” постида содир бўлган ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилган. 

Иш якуни бўйича воқеа иштирокчиларини ҳар бирининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади ва ўрнатилган тартибда жамоатчиликка етказилади.

Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинадиган хабар ва маълумотларни тайёрлашда Вазирлик тизимидаги ахборот ва матбуот хизматлари ходимларининг қонунийлик, холислик ва касб этикаси талабларига риоя қилишлари юзасидан қатъий талаблар белгиланиб, масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди. 

Ички ишлар органлари қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда очиқлик ҳамда шаффофлик принципи асосида иш олиб боради ва албатта бунда жамоатчиликнинг соғлом танқидига таянади.

Халқ вакиллари бўлмиш депутатларимиз томонидан ички ишлар органлари ходимларини жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга моликдир. Ишончимиз комилки, халқимиз манфаатларига хизмат қилиш каби юксак вазифамизни бажаришда доимо бир-биримизга кўмакдош бўламиз" деб ёзилади ИИВ хабарида.

    Бошқа янгиликлар