Аввал хабар берганимиздек, кеча, 27 апрель куни республикамиз ҳудудига кириб келган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли ҳаёти, инфратузилма тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар етказган.
Юзага келган шамол оқибатларининг асосий қисми Бухоро вилоятига тўғри келади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, тахминан 29 нафар фуқаро енгил ва 1 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган бўлиб, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган.
Бугун Қашқадарё ва Бухоро вилояти ҳокимлари телефон орқали мулоқот қилишди. Унда вилоятлар раҳбарлари бир-бирига ёрдам қўлини чўзишга, бино ва объектларга етказилган зарарни тез орада бартараф этишга келишиб олишди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари маълум қилди.
Зойир Мирзаев Бухоро вилоятига 200 нафарга яқин қурувчи-усталарни бугуннинг ўзида юборадиган бўлди.
- Карантин ва хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда Бухорога йўл олдик, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Сирожиддин Азизов. - Оғир дамларда елкадош бўлиш фазилати ота-боболаримиздан мерос. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўзлари учун зарур барча шарт-шароитлар Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан қопланади.
Қурувчи-усталарни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кузатиб қўйди.



- 1939 йилда халқ ҳашари йўли билан 45 кунда 270 километр узунликда бунёд этилган катта Фарғона канали қурилиши ёки 1966 йилдаги Тошкент зилзиласидан сўнг ота-боболаримизнинг бирдамлиги билан Пойтахт шаҳар қайта бунёд бўлганини унутмаслигимиз керак, - деди кузатув маросимида вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Бош прокуратура мазкур талофат юзасидан расмий маълумот тақдим этган эди. Унга кўра, ушбу табиий офат натижасида вилоят бўйича 5 293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42 400 та дарахт талофот кўрган ва 295 та табиий газ ва электр таъминотида авариялар содир бўлган, 31 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган. Шунингдек, бир киши ҳалок бўлган.
Бугун Президент табиий офат оқибатларини кўздан кечириш учун Бухорога жўнаб кетган эди.






