my5
Sevimli

Президентга Ахборот технологиялари соҳасидаги ишлар тақдимот қилинди

HI-TECH 08.06.2020, 22:13
Президентга Ахборот технологиялари соҳасидаги ишлар тақдимот қилинди

Шу йил 28 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Бугун, 8 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар ижроси бўйича  тақдимот ўтказилди.

Қайд этилишича, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг дастлабки босқичида 62 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олиниб, уларнинг 5 минг 400 нафарига малака сертификати берилди.

Жорий йил якунига қадар 100 мингта ва 2021 йилнинг биринчи ярмида яна 150 мингта ўқувчини ўқитиш, талабаларнинг дастурий таъминот бўйича малакасини ошириш вазифаси белгиланди. 5-синфдан ўқитиб келинаётган “Информатика” фанини замонавий технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш, ушбу фанга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига доир йўналишларни киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

“Электрон ўқитиш дастури” орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш зарурлиги таъкидланди. Улар ташкилотларнинг барча фаолиятини анъанавий электрон форматдан рақамли кўринишга ўтказишга масъул бўлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига барча ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш вазифаси қўйилди. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

Соҳа мутахассисларига шароит яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки бунёд этилган эди. Андижон ва Марғилон шаҳарларида мазкур IT паркнинг филиаллари ташкил қилинди. Пойтахтимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳудудида яна бир филиал биноси қурилмоқда.

Жорий йил якунига қадар Гулистон, Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах шаҳарларида шундай филиаллар ташкил этиш режалаштирилган.

Тақдимотда мутасаддилар мазкур IT парклар қурилиши, оптик толали линиялар қамрови, мобил интернет тезлиги ва сифатини ошириш ишлари юзасидан ахборот берди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси