my5

Унутилмаган Сардоба – унутилган фожиа. Тошқиндан энг биринчи зарар кўрган маҳаллани бугун танимайсиз (фото)

ЖАМИЯТ 27.07.2020, 03:03
3032
Унутилмаган Сардоба – унутилган фожиа. Тошқиндан энг биринчи зарар кўрган маҳаллани бугун танимайсиз (фото)

Сардобажон! 2020 йилнинг 1 май кунидан Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси бу жой номига жонига яқиндек жони ачиб, жонажони каби “жон” сўзини қўшиб айтадиган бўлди. Унинг фожиаси барчани ларзага солиб, ўша кун қалбларда унутилмас кунга айланди. Бугун эса вазият умуман ўзгача. Сардобаликлар ўша кунларни унутишни бошлаган. Ўтган 10-15 кунлардан бери тошқиндан зарар кўрган аҳоли қайта тикланган уйларига қайтишмоқда. Жонажон маҳалласидаги ўзгаришларни кўриб, кўзларига ишонишмаяпти. Қилинган ишлар ва ўзгаришлардан ҳайратга тушиб, ўзига энг биринчи айтадиган гапи – “Худога минг қатла шукр! Ҳаммаси орқада қолди. Президент ваъдасидан чиқди!” 25 июль куни Қурилиш вазирлиги ҳамроҳлигида Сардобага қилган пресс-туримизни энг аввало тошқиндан биринчи зарар кўрган эски “Қўрғонтепа” МФЙдан бошладик.

“эски” сўзини бежиз ишлатмадик. Чунки Хоразм ва Навоий вилоятидан келган мутахассислар томонидан қайта тикланган бу маҳалла фуқаролар йиғинига энди “Муҳаммад ал-Хоразмий” номи берилган. Кўчаларидан бири эса Навоий (эски Барҳаёт кўчаси) номи билан аталади. МФЙ аҳолиси ҳам ҳомийларнинг ҳурматига маҳалла ва кўчаларининг бу номда номланишини бажонидил қабул қилишган.

Тошқиндан энг биринчи талафот кўрган “Муҳаммад ал-Хоразмий” МФЙ Сардоба сув омборидан 5 км узоқликда жойлашган. Бугунга келиб маҳалладаги таъмирлаш ишлари 92 % бажариб бўлинган. Ўтмиш ва бугунги кечинмаларини билиш мақсадида маҳалланинг Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Ҳамидулла Умаровни суҳбатга тортдик. 

  • Тошқиндан сўнг шу кунгача қаерда яшадингиз?
  • Ҳамма ҳар хил. Кимдир бошқа туманда ижарада, кимдир бирон қариндошиникида. Мен эса шу ерда эдим. Ўз уйимнинг қайта таъмирланишига ўзим ҳам ёрдам бердим. Ўз уйим бўлишига қарамасдан, қилган меҳнатим учун менга ҳам ҳамма қатори 2 миллион сўм ойлик маош беришди. Бундай ишлаганлар кўп маҳалламизда.
  • Уйга оилангиз билан қачон кўчиб кирдингиз?
  • 2 ҳафталар бўлди. Ҳамма секин-секин кўчиб келишаяпти. Тошқиндан кейин бу ерларни кўрмаганлар кўзларига ишонишмаяпти. Ахир бундай шароитлар ҳатто олдин ҳам бўлмаганда.
  • Уйингизда нималар ўзгарди?
  • Бутунлай ҳаммаси ўзгарди. Президентимизга минг бор раҳмат, ҳақиқатдан биз билан эканликларини ҳис қилдик! Мана янги уй, уй ичига кирган сув, қишлоғимизда олдин бўлмаган газ, ҳатто канализациягача ўрнатилди. Кўчаларимиз обод ва замонавий. Уйимиз ичидаги ҳамма нарсалар янги – тўлиқ маиший техника, гилам, кўрпа-тўшакларгача! Бундан ташқари яна ҳар бир оилага 40 миллион сўмдан пул берилди. Яна бизга нима керак? Биз ўтган кунларни эсдан чиқардик. Энди янгидан ҳаёт бошлаймиз. Бизга уйларимизни 1 сентябргача таъмирдан чиқариб беришни ваъда қилишганди. Ваъдадан бир ярим ой олдин биз уйга кирдик.
  • Қора молларингиз бор эдими?
  • Бор эди. Уни ҳам сентябргача олиб келишни ваъда қилишяпти. Биз ишонамиз. Шунчаси бўлди, буёғи ҳам бўлади. Шу ёрдамларни бермаса ҳам бир амаллаб яшардик. Лекин биз эътибордан қолмадик. Сиз уйимизга қаранг, бундай замонавий уйга мол олиб келиб боқишга кўзингиз қиядими (кулади)?

Аҳолининг қора моллар, уй ҳайвонлари бўйича кўрган зарарлари ва уларни қоплаш бўйича Сирдарё вилояти котибияти мудири Нодирбек Абдуллаевдан сўраганимизда ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан бу каби йўқотишларнинг ҳам ҳисоби юритилаётгани ва сентябргача бу зарарлар ҳам қопланишини айтди.

Хулоса ўрнида

Вазиятнинг бевосита гувоҳи сифатида Сардоба тумани аҳолисининг бугунги ҳаётига ҳавасим келди. Ҳар нарсада бир ҳикмат бўлганидек, бир фожиа ортидан Сардоба тумани аҳолиси ҳатто баъзи шаҳарларда ҳам йўқ бўлган шароитлар билан таъминланди. Муҳими у ерда истиқомат қилувчи аҳолининг кўзларидаги афсус ўрнини бугун байрамона хурсандчилик, келажакка, давлат ва юртбошига ишонч тўлдирганини кўрдик. 

Сардорбек Раҳмонқулов 

 

 Мавзуга оид:

Сардоба ва “Маҳаллада дув-дув гап” фильми ўртасидаги ўхшашликни биласизми? (фотофильм)

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+7° ясно
Валюта курси
10359.88
USD -11.88
12285.78
EUR 132.15
136.11
RUB 2.92