1

Ажрашгач, болалардан аламингизни олманг!

СУҒДИЁНА 22.09.2016, 11:37
Теглар: Фарзанд, Аёл, Она, Ота, Ота-она, Оила, Эр-хотин, Она ва бола
Ажрашгач, болалардан аламингизни олманг!

Ажрим... Оилага рахна солаётган муаммоларнининг чорасиз ечими топилди гўё. Собиқ хотин, собиқ эр энди ҳаётлари изига тушишидан умид қилади. Бироқ бир ҳақиқат борки, тан олмасдан илож йўқ: собиқ ота-она, собиқ фарзанд бўлмайди. Шу сабабдан ҳам дарз кетган турмушнинг мушти норасидаларнинг бошида айланади.

 

 «Собиқ эрим уйланса, ўғлимни унутади...»

—  Эримнинг бетиним хиёнатлари сабаб ўғлим билан ота уйимга қайтгандим. Авваллари жанжал қўпганда боласи ҳам кўзига кўринмайдиган одам шу вақт ичида ўғлимизга фавқулодда меҳрибон бўлиб қолди. Минг қаршилик қилмай, ҳар ҳафта уйига олиб кетар, пулини ҳам аямасди. Болага меҳр кўрсатсам, хотиним суддан аризасини қайтариб олади, деб ўйлаган, чамамда. Аммо қонунан ажрашганимиздан сўнг қадами узилди. Мана, ажрашганимизга бир йил бўлган бўлса, ойда зўрға бир хабарини олади. Эртага уйланиб, бола-чақали бўлса, ўғлимни умуман эсидан чиқариб юборса ҳам керак. 

                                                                                                 Матлуба, 28 ёш

Бизнинг фикр: — Сир эмаски, оиласи ажрим ёқасига келиб қолган кўпчилик аёллар болалар воситасида турмушларини сақлаб қолишга муваффақ бўлишади. Эркакларда ҳам бу каби қараш бўлиши мумкин. Қачонки, оиласини асраб қолиш истаги кучли бўлса, айниқса, ажрим эркакнинг айби туфайли юзага келса. Улар бундай вазиятда хатосини тан олиб, аёлидан узр сўрашдан кўра, боласига меҳр кўрсатиб, хотинини қароридан қайтаришни маъқул кўришади.

Масаланинг яна бир томони борки, аёл фарзандларини етаклаб уйдан чиқиб кетгач, зурриёдларидан бутунлай айрилиб қолиш ҳисси эркакни қўрқувга солади. Шунинг учун ҳам илк даврда болалари билан кўпроқ учрашишни, фарзандлари ундан узоқлашиб кетмаслигини исташади.

Аёллар ажримнинг илк даврларида ота-бола(лар) учрашувларини табиий қабул қилиб, уларнинг кўришиб туришига қаршилик билдирмасликлари муҳим роль ўйнайди. Алам устида ота-бола муносабатларини совутсангиз, кейинчалик бундан афсусланишингиз тайин. Доим ёдингизда тутинг, собиқ эрингиздан кўрган жабру зулмда, турмушингиздан ажрашишингизда болаларнинг айби йўқ. Уларнинг отаси билан мулоқот қилишига бўлган ҳаққини аламингизни босиш йўлида сарфламанг. Болаларни кўрсатмаслик орқали собиқ эрдан ўч олишни хаёлингизга келтирманг.  Бу — ажрашган аёлларнинг энг катта хатоси.

                                   «Фарзандларимга мени ёмонлашади...»

— Эрим билан уч йил олдин ажрашганмиз. Бир ўғил, бир қизимиз бор. Аввалига ҳаммасини келишиб олгандик. Ўғлимнинг харажатлари собиқ эримнинг гарданида, қизимники менда эди. Шу туфайли алиментга ҳам бермагандим. Хато қилган эканман. Собиқ эрим бир йилгина келишувга амал қилди. Уйланиб олгач-ку, мажбуриятларини бутунлай унутди. Энг алам қиладигани, пул жуда зарур пайтда минг бир баҳона тўқийди-ю, болаларни уйга олиб кетганида керак-керакмас совға-саломлар қилади. Ундан кўра боғчанинг пулини тўлашсин, дори-дармонларига қарашсин. Йўқ! Атай кўзга кўринадиган чиройли кийимлар, ўйинчоқлар билан болаларни алдайди. Шу йўл билан фарзандларимга мени ёмон кўрсатмоқчи. Қайнонам-ку, қизимни ўзига оғдириб олган. Бироз қаттиқроқ гапирсам, «Бувимга кетаман», деб йиғлаб қолади. Асли ниятлари бир боламни мендан тортиб олиш. Янги келинининг бўйида бўлмаяпти-да. Шунга неваралари керак бўлиб қолди энди. Охири болаларимни кўрсатмасликка мажбур бўлдим. Боғча опаларига ҳам мендан бошқага болаларни бериб юбормасликни тайинладим. Янги йил байрамида эрим боғчага бориб, роса тўпалон қилибди. Шу қилгани учун ҳам энди умуман учрашишларига йўл қўймайман.

Сафура, 32 ёш

Бизнинг фикр: — Ота-онаси ажрашган болалар дуч келадиган ва уларни энг кўп қийнайдиган муаммо — икки томоннинг бир-бирига отиладиган таъна тошларига нишон бўлиш. Сиз эрингизни ёмон кўришингиз, турмуш ўртоғингиз сиздан нафратланиши мумкин. Бироқ болаларни «отанг ёмон» ёки «онанг ёмон» деган гаплар қаттиқ қийнайди. Шунинг учун собиқ эрингиз билан ўртангиздаги муаммоларни, гарчи улар фарзандлар билан боғлиқ бўлса-да, ўзаро ҳал қилинг. «Бола фақат меникими?» деган иддаодан сақланинг. Айниқса, бу гапни уларга эшиттирманг. Болаларингиз отаси билан яна бир бор гаплашиб олинг. Фарзандларингизни унга кўрсатмаслик билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Аксинча, дилбандларингизнинг иккингиздан бирингизга бўлган муносабати салбийлашишига олиб келади тақиқларингиз. Сизнинг болаларингизда икки томонни қиёслаш одати пайдо бўлган. Бунда нуқул сиздан нолийдиган бувининг ҳам, наздингизда фарзандларини совғалар билан алдайдиган отанинг ҳам ва сизнинг ҳам тенг ҳиссангиз бор. Энди собиқ қайнонангиз ва эрингизнинг бу муносабатини ўзгартира олмайсиз. Демак, вазиятни юмшатиш ўз қўлингизда. Оталарининг совғаларидан хурсанд болаларнинг ҳафсаласини «Боғча пулини тўласа бўларди, бир ўзим қийналиб кетдим» қабилида гапларни қилманг. Сизга оғир бўлса ҳам, ижобий муносабат билдиринг. Отасига бўлган салбий ҳисларингизни ошкор этмаганингиздан фарзандларингизнинг сизга меҳрлари янада товланади. Шунда бувиси сиздан нолиса ҳам, ишонишмайди, қайтанга «Йўқ, ойим жуда яхши», дея ёнингизни олишади. Ота-болалар учрашувини тақиқламанг. Бунинг оқибатини кўрдингиз — тўс-тўполон. Яхшиси, сиз катталар қайтадан бафуржа келишиб олинг.

Оталар ва бувилар диққатига

  • Фарзандарингизга собиқ аёлингиз, келинингизни ёмонламанг! Боланинг онасига меҳри ҳомила пайтидаёқ тушган, она сути билан янада мустаҳкамланган. Сизнинг айбловларингиз бу меҳр ришталарини яксон қилолмайди. Шунчаки, болани аламзада қилиб қўяди. Нафрат ва алам ҳисси билан улғайган инсон ҳаёт йўлларида кўплаб муаммоларга дуч келади.
  •  «Ажрашдик, тамом! Онаси нима қилса қилаверсин», деманг! Пуштикамарингиздан бўлган фарзандингиз билан муносабатларни асраб қолинг. У сизнинг илк муродингиз, орингиз, ғурурингиз.
  • Бола онаси билан қолди дегани, сизнинг масъулиятингиз енгиллашди дегани эмас. Аксинча, масъулиятингиз янада ошди. Онанинг ҳам, отанинг ҳам бола парвариши ва тарбиясида ўрни бир хил. Фарзандлар тақдирини «сенсолар» қилманг. Ажрашган бўлсангиз-да, улар иккингизнинг ҳам келажагингиз.
  • Собиқ келинингиз невараларингизни дунёга келтирган аёл. Унга бўлган аламингизни ичингизга ютинг, асло болаларга сочманг.
  • Болалардан фойдаланманг. Икки ўртада невараларингиз гап ташувчи бўлмасин. Бунинг зарарингизга ишлаши эҳтимоли юқори.
  • Болалар икки хил тарбия топмасин. Онасининг тарбия борасидаги қоидаларини йўққа чиқариб, ўзингизча уларни тарбиялашга уринманг. Мувозанатни ушланг. Шунда невараларингиз бетарбия бола бўлиб улғаймайди.
  • Моддий муаммоларни болалар иштирокида ҳал қилманг. Фарзандларингиз пул билан боғлиқ масалаларга сабабчи санамасин ўзларини. Бу уларнинг руҳиятига катта зарба бўлади.
  • Энг муҳими, фарзандларингиз оила муқаддаслигини англаб улғайсин. Эртага сизнинг хатоларингизни такрорламаслиги учун бу муҳим!

МУХЛИСА

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1