1

“Чор чинор”: дарахтлар ковагидаги мактаб, булоқдаги каъба акси, сирли балиқлар макони

МОЗИЙДАН САДО 06.07.2023, 22:18
“Чор чинор”: дарахтлар ковагидаги мактаб, булоқдаги каъба акси, сирли балиқлар макони

Мамлакатимизнинг сирли, мўъжизаларга бой, қутлуғ қадамжолари кўп. Улардан бири Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳудудида жойлашган, тоғ этагидаги “Чор чинор” зиёратгоҳидир. Асрлар мобайнида у ўзининг азим чинорлари, гўзал манзаралари, ғайриоддий хосиятлари билан етти иқлимдан келган зиёратчиларни мафтун этиб келган.

Минг ёшни қаритган чинорлар

“Чор чинор” – аслида тўрт туп чинор дегани. Бироқ бу ердаги катти кичик чинорларнинг умумий сони 120 дан ортади. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бу чинорлардан энг каттаси салкам 1300 ёшда.

 Маълумки, Ургут юртимизнинг энг кўҳна маданият ва маърифат бешикларидан.  Бу қадимий мавзенинг номи VIII-IX  асрларда Чорчинорга келиб, шу ерда яшаб қолган, авлиёлик даражасига эришган улуғ зотлардан бири Хожа Абу Толиб Сармаст номи билан боғлиқ. Ул зот маърифатда тенгсиз бўлса-да, меҳнат орқасидан тароқсозлик билан тирикчилик қилган. Тароқ эса, у пайтлар асосан ёғочдан ясалган. Шу боис Абу Толиб Сармаст ўз маҳсулотларига хомашё учун бу ерга тўрт туп чинор эккан. Кейинчалик бу чинорларнинг айримлари ўрнидан бошқалари униб чиққан. Аммо, кўпгина ишончли манбаларга кўра мана шу энг кекса чинор у кишининг қўллари билан экилган.

Айрим ривоятларга кўра, Абу Толиб Сармаст, Қусам Ибн Аббос (Шоҳи зинда -тирик шоҳ) билан биргаликда ислом динини тарқатиш учун юртимизга кириб келган. Ҳозирги "Чор чинор" ҳудудида туриб одамларни иймонга даъват этган. Аммо, у зотни душманлар шаҳид қилишган. Шунда Абу Толибнинг жасади ўзи эккан чинор остига кўмилган экан.

Тарихчи Насрулло Ҳайдаровнинг ёзишича, бу ривоят ҳақиқатдан анча йироқ. Сармастнинг қабр тошида ва Абу Тоҳирхожанинг "Самария" асарида саркарда  бўлгани, ислом йўлида урушиб, шаҳид бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди.

Чинорми ёки ҳужра?

Ер юзида ёши минглаб йиллар билан ўлчанадиган дарахтлар жуда оз. Улардан бири Ургутдаги мана шу чинордир. Чинор танасига ўрнатилган ёғоч эшик зиёратчилар учун ҳамиша очиқ. Чинор бағридаги бу ҳужранинг майдони тахминана 15 квадрат-метр бўлиб, бу ерда бир пайтнинг ўзида 15-17 киши бемалол жой олиши мумкин. Ўтган асрнинг бошларида ана шу ҳужра мактаб вазифасини ўтаган. Кексаларнинг айтишича, бу ерда битта муаллим 20 нафаргача ўқувчига сабоқ берган.

Айтишларича, бу гўшада бир пайтлар Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Хожа Аҳрори Валий, Мирзо Бобур сингари инсонларнинг қадами теккан. Кавак ичидаги токчаларга бир пайтлар шамчироқлар ёниб турган, бугун эса электр чироқлари ўрнатилган. Ҳужранинг ичи қишда иссиқ, ёзда салқинлиги билан ҳам барчани лол қолдиради.

Соҳибқиронни тўхтатган тош

Ривоятларга кўра, буюк саркарда Амир Темурнинг фармонига биноан, “Чор чинор”дан бир чақирим тепароқда. Гулбоғ деган қишлоқда боғ яратилган. Боғдаги гуллар узоқдан кўриниб туриши учун теракларнинг шохи ранг-баранг гуллар пайванд қилинган экан.

Амир Темур шу ердан ўтаётганларида отлари бир тошга мункиб кетади. Ул зотга бу ҳодиса ғалати туюлган ва от мункиб кетган жойни кавлашни буюрганлар. Шундан сўнг тупроқ остидан Абу Толиб Сармастга тегишли қабр ва унга тегишли қора рангли қабр тоши топилган. Шундан сўнг, Соҳибқирон бу қабрнинг атрофини обод масканга айлантиришга амр қилган эканлар.

Кекса чинордан бир неча қадам юқорига қараб юрилса, Хожа Абу Толиб Сармастнинг қабри ва унинг устидаги мармартошга дуч келасиз. Бироқ, бу бошқа мармартош. Унда Абу Толиб Сармаст ҳазратлари ва ушбу нурли маскан ҳақида, уни обод қилган инсонлар ҳақида шеърий мисралар битилган. Ундаги маълумотларда қабр тоши милодий 1812 йилда Эронда ясаб келтирилгани, Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар замонида ўрнатилгани ойдинлашади.      

Авлиёлар қадамжоси

1792 йилда бу ерда Ургут ҳокими Каттабек девонбеги томонидан мадраса қурилган, аммо орадан йиллар ўтиб мадраса бузилиб кетган. Кейинчалик унинг авлодларидан бўлган шоир ва олим Мир Ҳайдар томонидан ушбу мадраса қайта тикланган.

 Бу манзилда тасаввуф оламининг буюк вакилларидан бири ҳазрати Эшони Валихон ва у кишининг набиралари, шоир ва олим Эшони шайх Қутбиддинхон ҳазратлари фаолият кўрсатганлар. Уларнинг хоклари ҳам шу ердан қўним топган. Бу улуғ зотлар Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Ахрори Валий сингари мутафаккирларнинг силсилаларини давом эттириб, шу манзилда халққа илму маърифат улашганлар.

Эшони Валихон ҳазратларининг ўғиллари Эшони Муҳиддинхон ҳам илму урфон бобида катта даражаларга эга бўлганлар. У кишининг ўз фарзандларига атаб “Мактубот” асарини битганлар. Маълумотларга кўра, Эшони Муҳиддинхон 1931 йилда Мадинаи мунавварада вафот этган ва ўша ерда дафн этилганлар.

Балиқларнинг сирли ташрифи

“Чорчинор” мавзеи дарвозасидан юқорига қараб чиқиб бораверсангиз зилол сувли чашмага дуч келасиз. Тош ҳовуз ичидан қайнаб чиқаётган булоқлар ариқларга ўтиб, Ургут шаҳрининг бир қанча маҳаллаларини сув билан таъминлайди.

Булоқнинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Қаҳратон қишда унинг суви илиқ, ёзнинг жазирама кунлари муздек бўлиб қолади. Маҳаллдаги аҳоли вакилларининг сўзларига қараганда, булоқ суви бир қанча касалликларга даво экан. Хусусан, унинг сариқ (гепатит) хасталигига шифо бўлиши аниқланган. Булоқдан оқиб чиқаётган сувга тикилиш кўриш қобилиятини мустаҳкамлайди.

Булоқнинг яна бир хислати бор. Булоқ қайнаб чиқаётган ҳовуз сувининг ариққа ўтаётган қисмига қараб турсангиз, у ерда ҳар хил манзараларни кўрасиз. Айримларнинг айтишича, сув чиқадиган туйнукдан муқаддас Каъба акси кўринар экан.

        Айтишларича, бу чашмадаги қизил рангли балиқларни Нурота чашмасида ҳам учратиш мумкин. Гап шундаки, Ургут ва Нурота ўртасидаги масофа қарийб уч юз чақиримга тенг. Нуротадаги балиқларнинг кўриниши “Чор чинор”ники билан бир хил. Вақти-вақти билан Нурота чашмасидаги балиқлар ғойиб бўлиб қолади. Қизиғи айни ҳолат “Чор чинор”да ҳам кузатилади. Яна бир қизиқ томони бу балиқлар ҳеч қачон ўлигини кўрсатмас экан...

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1