1

Бўкада терговдаги фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлган 4 нафар ИИБ ходими қамалди

ЖИНОЯТ 06.12.2023, 12:53
Бўкада терговдаги фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлган 4 нафар ИИБ ходими қамалди

Аввалроқ, Тошкент вилояти  Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган фуқаро вафот этгани хабар қилинган эди. 2023 йил 1 декабрь куни  чиқарилган суд ҳукми билан фуқаро ўлимига сабабчи бўлган 4 нафар ИИБ ходими турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди. 

Суд иши материалларига кўра, Юқори Чирчиқ туманида яшаган, 1987 йилда туғилган фуқаро бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб,  2023 йилнинг 3 июн куни процессуал тартибда ушланган ҳамда Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган. Шу куни соат 23:30да гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.

Аниқланишича, 3 июн куни соат тахминан 22:00 да гумонланувчи Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Шу ерда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра фуқаронинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган. Шунингдек, мазкур иш ортидан бир қатор ИИБ масъуллари лавозимдан олинган, ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

Ҳукмга кўр, фуқаронинг ўлимида 4 нафар ходим айбдор деб топилган: Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи Ж.С., бўлимнинг тезкор вакиллари — Д.Ж. ва Ш.Ғ., Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори С. Т.. Суд ҳукми билан Ж.С.га 7 йил, Д.Ж. ва Ш.Ғ.га 8 йилу 6 ойдан ва С.Т.га 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, судланувчилар 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан махрум қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1