1

Тошкент вилоятида терговга жалб қилинган фуқаро касалхонада вафот этди. ИИБ икки ходими қўлга олиган

ЖАМИЯТ 05.06.2023, 18:05
Тошкент вилоятида терговга жалб қилинган фуқаро касалхонада вафот этди. ИИБ икки ходими қўлга олиган

Тошкент вилояти  Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган фуқаро касалхонада вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди. 

Жорий йилнинг 4 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида бир қатор ўғирлик жиноятларини содир этишда гумонланиб, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган У.С. ҳимоячиси Х.Юлдашева иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.

Гумонланувчи У.С. соат 19.00да ЖПКнинг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган.

Шу куни соат 23.30ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.Абдулхаков, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб вазият ўрганилди, воқеа жойи кўздан кечирилиб, ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинди.

Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22.00ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.

Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.

Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилди.

Шунингдек, Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди.

Қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда барча материаллар прокуратура органларига тўлиқ тақдим этилади ва ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.

Ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсаларда, марҳум У.С. танасида тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертизаси тайинланган. Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ва унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаймизки, Ички ишлар вазирлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминланишига сўзсиз жавобгардир. Шахсга нисбатан қийноқ қўлланилиши, зўравонлик ёки бошқа тарзда ғайриинсоний муносабатда бўлиши вазирлик томонидан қаттиқ қораланади ва бунга йўл қўйган барча ходимлар қонун олдида қатъий жавоб беради.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ вазиятда фуқаро У.С.нинг вафот этганлиги муносабати билан чексиз таассуфда эканлигини билдиради ва марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Ҳозирда, Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти марҳумнинг яқинлари билан ҳамдард бўлиб, ижтимоий масалаларига кўмаклашмоқдалар.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонунийликка ва инсонийликка зид ҳаракатлар жамоатчилик томонидан кескин эътирозларга сабаб бўлишини тўлиқ англаймиз, лекин шу билан бирга, ички ишлар органлари шаънига доғ туширган ходимларнинг ҳаракатлари ортидан бошқа, ўз хизматини виждонан ва садоқат билан бажараётган ходимларни обрўсизлантиришга йўл қўйилмаслигига ишонамиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1