1

Иммунитетни кўтариш учун қандай маҳсулотлар истеъмол қилган маъқул?

САЛОМАТЛИК 07.01.2024, 13:43
Иммунитетни кўтариш учун қандай маҳсулотлар истеъмол қилган маъқул?

Кўпинча қиш фаслида иммунитет тизими заифлашиб, одамлар орасида мавсумий касалликлар авж олади. ССВ матбуот хизмати бунинг олдини олиш учун қандай маҳсулотлар истеъмол қилиш лозимлиги ҳақида мутахассис маълумотини берди. 

 — Аввало, шўр, аччиқ ва ёғли таомлардан тийилиш зарур. Таркибида шакар ва кофеин бўлган маҳсулотлар истеъмолини ҳам чеклаган маъқул, — дейди Республика эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Тожиев. — Уларнинг ўрнига, қовоқ, сабзи, лавлаги, помидор, пиёз, саримсоқ, кўкатлар, сутли маҳсулотлар, олма, цитрус мевалар, ёғсиз гўшт, балиқ ва асал танаввул қилиш тавсия этилади.  

Маълум қилинишича, ушбу ноз-неъматлар организмни минерал ва витаминлар билан тўйинтириб, иммунитет тизимини мустаҳкамлайди.  

Тананинг касалликларга қарши курашувчанлик қобилиятини оширадиган маҳсулотлардан бири — пиёз. У организмга тушган микроблар билан курашиш, саратон ҳужайралари ўсишини тўхтатишга ёрдам беради, иммунитетни оширади.

Саримсоқ пиёз — стрессдан кейин танани тиклашга кўмаклашади, жигарни тозалайди. У яллиғланиш ва ўсмалар билан курашиш учун ажойиб воситадир.  

С витамини ҳам иммун тизимини мустаҳкамлайди. У лимон, наъматак, апельсин, ширин қалампир, қора смородина таркибида кўп миқдорда мавжуд бўлади.

Занжабил (имбирь) — организмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини тез кучайтирувчи минерал ва витаминларга бой маҳсулот.  

Кунига бир чой қошиқ асал истеъмол қилиш ҳам соғлик учун фойдали.  

Бироқ аллергияга мойил, сурункали касалликлардан азият чекувчи кишилар бу маҳсулотларни истеъмол қилишда шифокорлар билан маслаҳатлашишлари зарур.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1