1

Дунёда кашандалар сони 19 миллион нафарга камайди – ЖССТ

САЛОМАТЛИК 17.01.2024, 13:17
Дунёда кашандалар сони 19 миллион нафарга камайди – ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги икки йилда дунё бўйича тамаки истеъмол қилувчилар сони 19 миллион нафарга камайган. Бу даврда сайёрамиз аҳолиси 149 миллион кишига ортганини эътиборга олсак, қайд этилган натижа, албатта, қувонарли.

ЖССТ таҳлилида ушбу кўрсаткичлар йигирма йил аввалги давр билан ҳам таққосланган. Унда келтирилишича, 2002 йилда сайёрамиздаги ҳар учинчи катта ёшли одам тамаки чеккан бўлса, 2022 йилда ҳар бешинчи одам бу иллат асирига айланган.  

Эътиборлиси, айни пайтда кашандаликни қисқартиришга эришаётган мамлакатлар сони 150 тага етган. Бу борада Бразилия пешқадам. Мазкур давлатда 2010 йилдан бери тамаки истеъмоли 35 фоизга камайган бўлса, Нидерландия 30 фоизлик кўрсаткич билан иккинчи ўринни банд этиб турибди.  

Бироқ пасайиш тенденцияси хотиржамлик учун асос бўла олмайди. Чунки Ер юзида 1,25 миллиард киши ҳамон чекувчилар сафида. Қолаверса, олтита давлат — Конго, Миср, Индонезия, Иордания, Уммон ва Молдовада тамаки истеъмоли ўсиши давом этмоқда.  

Бундан ташқари, энг кўп кашандалар сони Жануби-Шарқий Осиё минтақасида  рўйхатга олиняпти. Бу ерда аҳолининг 26,5 фоизи чекувчилар. Иккинчи ўриндан Европа минтақаси давлатлари жой олган. Мазкур ҳудудда аҳолининг 25,3 фоизи тамаки истеъмол қилади.

Хотин-қизлар ўртасида бу иллатга ружў қўйганлар сони Европада энг юқори. Бошқача айтганда, бу ердаги статистика дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпроқ. Шу боис экспертлар 2030 йилга келиб, минтақада чекиш билан боғлиқ касалликлар энг юқори даражага етишини прогноз қилмоқда.

Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, ЖССТ барча аъзо давлатларни тамаки маҳсулотлари истеъмоли, ишлаб чиқарилиши, реализация ва тарғиботини қатъий тартибга солишга чақирди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1