1

Хадичабегим: Зиддиятлар қуршовидаги малика

МОЗИЙДАН САДО 20.01.2024, 23:01
Хадичабегим: Зиддиятлар қуршовидаги малика

Тарихдан Темурий маликалар ўзининг ақлу заковати, истеъдоди, фасоҳати, бунёдкорлиги билан ўзига хос ном қолдирган.

Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Гулбаданбегим, Зебунисо сингари маликалар ана шулар жумласидандир. Аммо, улар орасида антиқа феъл-атвори ила тарихда нохуш из қолдирганлари ҳам йўқ эмас. Ана шундай ҳукмрон аёллардан бири Хадича бегим эди. 

Манбаларда келтирилишича, у 1451 йилда Ҳиротда, Амир Муҳаммад Сариқ оиласида туғилган. Маълумотларга кўра, унинг отаси дастлаб Шоҳрух мирзо, кейинчалик Абулқосим Бобур саройида хизмат қилган. 1456 йилда  Абу Саид мирзо Ҳиротни эгаллагач, унга қаршилик кўрсатган бир қатор амирлар ва бекларни тутиб қатл эттиради. Бир қисми қочиб қутулади. Чамаси, Муҳаммад Сариқнинг ҳам бошига шундай кун тушган ва унинг аҳли аёли Абу Саид мирзо ҳарамига олиб келинган. Худди шу пайтда Хадичабегим 15 ёшда эди. Абу Саид мирзо уни кўриб ёқтириб қолган ва никоҳига олган.

1469 йилда Абу Саид Қорабоғда Узун Ҳасан билан бўлган жангда енгилиб, қатл қилингач, Ҳирот тахтини Ҳусайн Бойқаро эгаллайди. Бу ҳодиса ёш маликанинг ҳаётини тамомила ўзгартириб юборади. Ўн саккиз ёшли Хадича Бегим ҳам Ҳусайн Бойқаронинг ҳарамига ўтади. Ўша пайтда унинг Абу Саид мирзодан Оқбегим исмли қизи ҳам бўлган. 

Хадичабегим ўзининг ўткир закоси, илтифоти, ҳусну малоҳати билан бошқа канизак ва маликалардан ажралиб турарди. Шу боис, янги султонни у осонгина ўз асирига айлантира олди. Маълум фурсатдан сўнг султон уни озод қилиб ўз никоҳига олади. Шу тариқа Хадича бегим ҳарамнинг улуғ бекаси мақомига эришди. У шоҳнинг ўзига бўлган муҳаббатидан айёрлик ила фойдаланарди.

Мамлакатда юқори рутбада турган Алишер Навоий ҳам Хадичабегимни ниҳоятда ҳурмат қилган, айрим ғазалларида унга ишора қилиб ўтган.  Шоир ғазалларида маликани таърифловчи байтлар бисёр:

Авжи давлат узра бўлсун доимо Билқиси аҳд.

 Ким, Зуҳал қасрида ҳар тун посбоне беш эмас.

(Сулаймон пайғамбарнинг аёли - Билқисдек обрўга эга малика ҳамиша давлат тепасида бўлсин, ҳатто Зуҳал юлдузи ҳам унинг саройида соқчилик қилишдан бошқасига арзимайди).

Хадича бегим Бойқародан икки ўғил кўрган: Шоҳ Ғариб ва Музаффар мирзо. Шоҳ Ғариб мирзо ўзининг табъи назми, адабиёт ва санъатга иштиёқи билан ҳатто буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳам эътиборини қозонганди. Иккинчи ўғил Музаффар мирзони эса, адабиётдан кўра кўпроқ тож-тахт, салтанат қизиқтирарди.

Аммо таомилга кўра, тахт отадан сўнг катта ўғил Ҳусайн Бойқаронинг катта хотини Бека Султон бегимдан туғилган Бадиуззамон Мирзога, ундан кейин ёш шаҳзода Мўмин Мирзога қолиши керак. Буни Музаффар мирзо ҳам, онаси Хадича бегим ҳам истамасди.

Тож-тахт курашлари авжига чиққан бир пайтда 1497 йилда Мўмин мирзо амакиси Музаффар мирзо томонидан асир олинади ва Ҳиротдаги Ихтиёриддин қалъасига юборилади. Хадича бегим вазир Низомулмулк билан тил бириктириб, 11 ёшли шаҳзодани қатл этиш ҳақидаги фармонни тайёрлашади ва шоҳнинг мастлигида унга муҳр бостириб олинади. Шу тариқа ҳазрат Навоийнинг суюкли шогирди маликанинг фитнаси сабабли хоинона қатл этилади. Шоҳ бу фожианинг сабабчиларидан аёвсиз қасос олади. Жумладан, вазири Низомулмулкнинг кўз ўнгида икки ўғлини қатл қилиб, ўзини ҳам минг уқубатда ўлдиртиради.  Аммо асосий айбдор Хадича бегим шоҳнинг ғазабидан омон қолади.

1506 йил апрелда Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Хадича бегимнинг салтанат ишларига аралашуви натижаси ўлароқ, тахтга икки шаҳзода — Бадиуззамон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо баравар ўтирадилар. Бу эса салтанат таназзулини янада тезлаштиради.

Ҳусайн Бойқаронинг таъзиясини эшитиб, Ҳиротга борган Заҳириддин Муҳаммад Бобур марҳумнинг яқинлари қатори Хадичабегим, аммаси Оқбегим ва унинг ўғиллари билан кўришиб, таъзия билдиради. (Хадичабегим Бобурнинг ўгай бувиси бўлиб, отаси Умаршайх мирзо Абусаид мирзонинг ўғли эди. Хадичабегимнинг катта фарзанди - Оқбегим Бобурнинг аммаси эди.)

Ака-ука Бадиуззамон ва Музаффар мирзолар Бобурни иззат-икром билан кутиб оладилар. Бобур Хадичабегимнинг қароргоҳига ҳам бориб, унга шахсан таъзия билдиради, у билан ҳамсуҳбат бўлади.  “Бобурнома”да Хадича бегим ҳақида сўз юритиларкан, “ўзини ақлли кўрсатса-да, аслида ақлсиз ва сергап хотин эди” дея баҳо берилади.

Бобур узоқ қариндошлари бўлган Бадиуззамон ва Музаффар мирзолар билан суҳбат асносида умумий рақиб - Шайбонийхонга қарши иттифоқ тузишни таклиф қилади. Аммо унинг бу таклифи Хуросон ҳукмдорларига маъқул келмайди ва Бобур ортга қайтишга мажбур бўлади.

Шайбонийхон Хуросонга ҳужум бошлаганда, Бадиуз-Замон Қораработда, Музаффар Ҳусайн Мирзо Тарнобда турардилар. Биринчи тўқнашувдан сўнг икки шаҳзода икки тарафга — Бадиуззамон сафавийлар пойтахти Табризга, Музаффар Астрободга қочадилар. Ҳирот мудофааси эса Хадичабегим раҳбарлигидаги уқувсиз беклар ва мулозимларга  қолган эди. Хадичабегим ҳужумга пухта ҳозирлик кўриш ўрнига мунажжимларга фол очтириб, ўз қўл остидаги бекларнинг садоқати ва қудратига маҳлиё бўлиб ўтирганда, Шайбонийхон Ҳирот ва унинг тобелигидаги вилоятларни тез фурсатда  қўлга киритади.

Шайбонийлар даврида Хадича бегим Ҳиротдан ташқарига чиқмай, уй қамоғида яшаган. Маълумотларга кўра, Шайбонийхон маликани шахсий сарой котиби Мансур бахшига тортиқ қилган. 1509 йили ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзонинг Астрободда эканлигини эшитгач, Шайбонийхон тарафидан Ҳирот доруғаси  қилиб тайинланган Жон Вафо Мирзодан рухсат олиб, ўғлини кўргани Астрободга боради. Хадича бегим Астрободга етиб борганда, ўғли Музаффар Ҳусайн Мирзо ўлим тўшагида ётарди. Айрим маълумотларга кўра, Хадича бегим шу ерда  ўғлининг таъзиясини ўтказгач, яна Хиротга қайтиб келади.

Хадичабегим ҳаётининг сўнгги йиллари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ҳар қалай, 1510 йил, Ҳирот Шоҳ Исмоил томонидан забт этилганидан кейинги маълумотларда Хадичабегим номи учрамайди. Хадичабегим тахминан шу даврда вафот этган бўлиши мумкин.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1