1

Хиванинг сирли маскани ёхуд Тоҳир Эшон кароматлари

МОЗИЙДАН САДО 30.01.2024, 23:24
Хиванинг сирли маскани ёхуд Тоҳир Эшон кароматлари

Туркий давлатлар ташкилоти –Туркий кенгашнинг қарори билан Хива 2020 йилда турк дунёси маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас. Чиндан ҳам ҳам Хива шаҳри туркий халқлар маданиятида беқиёс ўрин тутади. Биз бугун бу азим шаҳарнинг энг қадим ва сирли гўшаси – Ичан қалъадаги сирли манзиллардан бири ҳақида сўз юритамиз.

Тоҳир хўжа эшон мақбараси Муҳаммад Аминхон мадрасасининг қибла томонида, Ичан-қалъа деворига ёпиштириб қурилган. Бир гумбазли мақбаранинг пештоқи шарққа қараган. Мақбаранинг ичида иккита мозор бўлиб, бирида Тоҳир эшон  дафн қилинган. Тоҳир эшон Оллоқулихоннинг пири эканлиги, унинг каромати ҳақида хиваликлар орасида бир қанча афсона ва ривоятлар юради.

“Тангри меҳмон”

Оллоқулихон ҳукмронлиги даврида бир йил  баҳорда  қурғоқчилик бўлиб, дарёга сув келмайди. Бундан хавотирга тушган хон устози Тоҳир эшонни чақириб, ундан дарёга сув келтиришни илтимос қилади. Тоҳир эшон эшагини миниб, Хонқага боради, дарё бўйидаги бир деҳқоннинг  эшигини чертиб:

–“Тангри меҳмон”га жой борми? – деб сўрайди. (Хорамда кутилмаганда кириб келган меҳмонни “Тангри меҳмон, Тангри юборган меҳмон” деб алоҳида ҳурмат билан қаршилашади)

Уй эгаси меҳмонни уйга таклиф қилиб, унинг эшагини эшик олдидаги дарахтга боғлаб қўяди. Кейин меҳмонни дастурхонга таклиф қилади. Меҳмон нонушта қилмасдан,  намоз ўқиш учун хона сўрайди. Унга дарров бир хона ажратилади. Тоҳир эшон ибодатга машғул бўлади. Бу орада уй эгаси меҳмоннинг эшаги олдига ем-хашак ташламоқчи бўлади ва ташқарига чиқиб ҳайрон қолади: ўз қўллари билан маҳкам боғлаб қўйган эшак ғойиб бўлиб қолган эди. Ён-атроф кенглик, ҳеч ерда эшак кўринмайди, ваҳимага тушган деҳқон ичкарига кириб меҳмонга воқеани айтади. Меҳмон пинагини ҳам бузмасдан:

–Хавотир олманг, ўзи келади, –  дея, эрталабгача ибодатда давом этади.

Эрта тонгда хонадан чиққан Тоҳир эшон уй эгасига дарё томондан хабар олишни айтади. Уй эгаси ташқарига чиқиб қараса, эшак кеча қандай боғланган бўлса, худди шундай турганмиши. Ҳайрон бўлиб, дарё томон борса, анчадан бери ётгна  қолган дарё ўзанидан  гумбурлаб сув келаётир. Ичкарига кириб бу ҳақда меҳмонга хабар беради ва эшак ҳам топилганини  айтади. Тоҳир эшон:

– Ҳа, мақсадга етдик бу ерга, шунинг учун келган эдик, – деб, эшагини миниб уйга томон йўлга равона бўлади.

Шох чиқарган қиз

Бир кун эрта саҳарда Тоҳир эшон масжидга  бораётиб, Қутлуғ Мурод иноқ мадрасасининг девори тагида бир талабанинг чўнқайиб  ўтирганини кўради. Эътибор қилса, талаба ўрнидан туролмаяпти. Шунда унинг кўзи Тошҳовли саройининг иккинчи қаватидаги дарчадан бошини чиқариб, талабани мазаммат билан томоша қилаётган бир гўзал қизга тушади. Маълум бўлишича, қиз дуо ўқиб йигитни ўрнидан туролмайдиган қилиб қўйган экан.

 Аҳволни дарров фаҳмлаган Тоҳир эшон ичидан бир дуо ўқиганида, дарчадан қараб турган қизнинг бошидан иккита шох ўсиб чиқади. Бошини ичкарига тортиб ололмаган қиз, Эшондан шохларни йўқотишни илтимос қилади. Тоҳир эшон унга талабани озод қилишни маслаҳат беради. Қиз дуо ўқиб, талабани озод қилгач, Тоҳир эшон ҳам қизни шохларини йўқотади. Қиз кечирим сўраб, бу воқеани ҳеч кимга айтмасликларини илимсо қилади.

Тошчироқдаги пари

Айтишларича, Тоҳир эшон мадрасада таълим олишни бошлаган вақтида унга эгаси вафот этган бир ҳужрани беришади. Бу ҳужрада ҳеч ким яшай олмас, шунинг учун кўп вақтдан буён у қаровсиз қолган эди. Тоҳир эшон ҳужрага кириб, уни супуриб, тозалайди. Токчада бир тошчироқ турган эди, уни тозалаб артиб, ёқишга тайёр қилиб қўяди. Шу пайт эшик олдида гўзал бир қиз пайдо бўлади. Унинг кўзларига тик боқишга ботинолмаган талаба, ердан кўз узмай кутилмаган ташрифнинг сабабини сўрайди.

Ҳалиги гўзал қиз "Мен париман, илгари шу шу ҳужрада яшаган муллавачча мени  чироққа қамаб қўйган эди. Энди сизнинг чўрингизман", – дейди. Шундан кейин Тоҳир эшон тошчироқни ҳамма вақт ўзи билан олиб юрган дейишади.

Албатта, юқоридаги воқеалар халқ оғзида юрганлар ривоятлар, уларнинг чиндан рўй берган-бермагани Аллоҳга аён. Аммо, Оллоқулихоннинг унга ихлоси ниҳоятда баланд бўлган.

Хон   1826 йил охирида Хуросонга юриш қилиб, Жом тоғи этагидаги Умғон қалъасини эгаллаганидан сўнг, Хивадаги пири Тоҳир эшонга йўллаган мактубида пирга нисбатан Ҳақойиқ ва маорифпаноҳ (ҳақиқат ва маърифатни ҳимоя қилувчи), камолот ва латойифдастгоҳ (гўзал сўз ва фазилат эгаси), кашшофи асрори илоҳий сингари сифатларни қўллайдики, бунда ҳукмдорнинг ҳурмат ва эҳтироми яққол кўриниб туради.

Рустам ЖАББОРОВ    

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1