1

Саййид Oлимхон: Ғарибликда жон берган амир

МОЗИЙДАН САДО 04.02.2024, 23:42
Саййид Oлимхон: Ғарибликда жон берган амир

Ўзбекистон тарихида ўта зиддиятли тақдир ва феъл-атворга эга бўлган давлат ва сиёсат арбобларидан бири Саййид Олимхондир. У Бухоро амирлиги, манғитлар сулоласининг энг сўнгги ҳукмдори сифатида тарихда қолди. Амир Олимхон давлатни ўн йил бошқарган бўлса-да, унинг даврида мамлакат тарихидаги жуда катта аҳамиятга эга ўзгаришлар юз берди. Уларнинг энг муҳими Бухоро амирлигининг давлат сифатида тугатилиши эди.

Саййид Олимхон 1881 йил 3 январда Бухоро амири Абдулаҳадхон хонадонида, Карманада туғилган. Амирнинг валиаҳди саналган Олимхон тўра даставвал Бухорода, кейинчалик, 1893-1896 йилларда Петербургдаги Николаев (пажлар) корпусида таълим олган.  1898 йилда  Қаршига, кейинроқ валиаҳд сифатида Кармана беклигига ҳоким этиб тайинланган.

Бухоронинг сўнгги ҳукмдори

Амир Абдулаҳадхон  1911 йил 7 январда вафот этгач, Саййид Олимхон  ўша куни Бухоро тахтига ўтиради. Тан олиш керак, унинг даврида Бухоро амирлигининг Россияга қарамлиги янада кучайди.

Биринчи Жаҳон уруши даврида Амир Олимхон  Россияни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида  катта миқдорда пул юборган. Бундан миннатдорлик рамзи сифатида Россия императори Николай II 1915 йил декабрда уни генерал – лейтенант ҳарбий унвони билан тақдирлаган ва ўзининг генерал – адъютанти қилиб тайинлаган.

Бу пайтда Бухоро, шунингдек, Туркистон ва Хивада миллий уйғониш ҳаракатлари анча жонланиб қолган, бу эса, Россия тасарруфидан чиқиб кетолмаётган амир учун ортиқча бошоғриқ эди. Шу боис, унинг даврида Бухорода тараққийпарвар кучлар шунингдек, Ёш бухороликлар қаттиқ таъқиб қилинди. Садриддин Айнийнинг амир жаллодлари томонидан 75 дарра урилиши, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл қилиниши ҳам бевосита унинг ҳукмронлиги йилларида юз берди.

Амир Туркистонни бирлаштириб, мустақил миллий давлат тузиш ғояларини илгари сурган жадидларни ўзига душман деб билган. Чунки, жадидлар орзуси амалга ошса, унинг давлати ҳам ана шу қудратли мамлакатга қўшилиб кетишини у яхши биларди. Шу боис у 1918 йилнинг бошларида ташкил қилинган Туркистон Мухториятига ҳам ўта совуқ муносабатда бўлди.

Бухорода 1917 йил апрел намойиши, шунингдек, 1918 йил мартда юз берган Ёш бухороликлар ва большевикларнинг Колесов бошчилигидаги исёни қатнашчиларидан юзлаб  кишиларни қатл эттирди.

Жон талвасасида...

Кўпинча, Бухоро амирлигининг йўқ қилинишига асосий айбдор сифатида Амир Олимхонни кўрсатиш унчалик тўғри эмас. Зотан унинг даврида келиб, мамлакатнинг кунлари яқинлашаётгани ойдек равшан бўлиб қолганди.

1756 йилдан 1920 йилга қадар манғитлар сулоласи бошқарувида ҳукм сурган Бухоро амирлиги бир неча йил давом этган ҳарбий ҳаракатлар, урушлар ва музокаралар сўнгида 1868 йилда Чор ҳукуматига вассалликни қабул қилган, унинг протекторати остида ярим мустақил давлат мақомини олган эди.

1917 йилда феврал инқилобидан сўнг, Бухоро амирлиги тўла мустақил деб эълон қилинади. Аммо март ойида “Ёш бухороликлар” ҳаракати аъзолари амирга қарши манифест ўтказадилар. Қизил армия кўмагида бир неча бор ҳукуматни қўлга олишга интиладилар. 1920 йили Туркистон фронти раҳбари Фрунзе ва амир ўртасидаги музокаралар кутилган натижани бермагач, 1920 йил 30 августда Қизил армия томонидан амирлик батамом тор-мор этилади.

Тарихчиларнинг ёзишича, Бухоро 11 та аэроплан ёрдамида бомбардимон қилинади. Пиёда қўшинлар ҳамма ёққа ўт қўйиши, пулемётлардан узлуксиз ўқ ёғдириши натижасида 34 та гузар, 6 мингга яқин дўкон ва ҳовли, 20 га яқин сарой, 29 масжид ёниб кул бўлади. Минглаб бегуноҳ одамлар қирилади. Амир  Олимхон 1920 йил 1 сентябрь куни Бухорони тарк этишга мажбур бўлади.

Ватан озодлиги йўлида

Амир Олимхон мустақиллик учун курашмаган, у ҳукуматни русларга қўш-қўллаб топширган, деган даъволарга ҳам қўшилиб бўлмайди.

Бухорони совет қўшинлари эгаллаганидан кейин у мамлакатни қайтариб олишга қўлидан келганича ҳаракат қилди. Сентябр ойининг ўрталарида Олимхон Шарқий Бухоро (Ҳозирги Тожикистоннинг Ҳисор водийси) га бориб, Бухоро халқининг босқинчи қизил армияга қарши олиб борган мустақиллик курашига раҳбарлик қилишга ҳам уринди.

Ҳисор қалъасидаги Амир Олимхон қароргоҳи

Олимхон Ҳисор вилоятини ўзига қароргоҳ қилиб, 6 ой давомида қизил аскарларга қарши курашди. Ҳисорда янги ҳукумат ташкил қилиб, бухороликларнинг қизил аскарларга қарши олиб бораётган жанг ҳаракатларини бошқарган. Олимхон Кўлоб, Ҳисор ва Душанбе атрофида катта миқдордаги кучларни бирлаштиришга муваффақ бўлган.

1920 йил ноябр ойининг ўрталарида унинг қўшинлари Бойсун, Дарбанд, Шерободни қизил аскарлардан озод қилишди. Олимхон ихтиёрига Фарғонадан ёрдамга юборилган 4 минг йигит ҳам Шарқий Бухорога етиб келади. 1921 йил 8 январда Амир Олимхон қўшинининг миқдори 25 минг кишига етган. Ҳисордан Кўлоб вилоятига келган амир бутун қўшинларига Иброҳимбек Лақайни олий бош қўмондон қилиб тайинлайди.

Бироқ, бу уринишлар совет қўшинлари томнидан йўққа чиқарилгач, бир қатор жангларда мағлубиятга учраган Олимхон 1921 йил 4 март куни Амударёнинг Чубек кечувидан Афғонистонга ўтиб кетади.

Амирликнинг олтинлари қаерда?

Амир Олимхон билан боғлиқ яна бир шов-шув масала унинг йўқолган хазинасидир. Амирнинг ўз ватанини тарк этиши ҳақида шу пайтгача турли узуқ-юлуқ гаплар, афсоналар, мишмишлар юради. Айтишларича, Қизил армия қўшинлари томонидан мағлуб этилгач, у бутун хазинасини от-уловларга юклаб, ярим кечаси Бухородан чиқиб кетган, амирнинг битмас-туганмас хазинасини ўнлаб қоровуллар қўриқлаб боришган, карвон Ҳисор тоғ тизмалари орасида беркитилиб, хазинани яширган одамлар бирма-бир ўлдирилган, амир фақат энг яқин одамлари, оила аъзолари билан Афғонистонга кириб борган эмиш...

Кейинчалик бир қатор мутахассислар, экспертларнинг айтишича, Амир Бухородан фақат шахсий эҳтиёжларини қоплайдиган даражадаги пул ва буюмлар билан кетган холос. Чунки, ўнлаб от ва туяларга юкланган хазина билан “қизил”лар назорати остидан бемалол “сирғалиб” чиқиши мумкин эмасди.

Агар унинг қўлида етарлича маблағ бўлганида, 1920 йилнинг 12 октябрь куни Буюк Британия қироли Георг V га мактуб битиб, ундан 100 минг фунт-стерлинг ва қурол-яроғ жўнатишни сўрамаган бўларди. Большевиклар билан муносабатлари бузилишини истамаган Буюк Британия қироли собиқ амирнинг илтимосини жавобсиз қолдиради.

Босмачилар ҳаракатининг фаолларидан бири бўлган Иброҳимбек қўрбоши 1930 йилда амирга ёзган мактубида “мен 7 йил мобайнида советларга қарши жанг қилдим, аммо сиз ваъда қилган ёрдамдан ном-нишон бўлмади” деган сатрлар учрайдики, бу Саййид Олимхоннинг босмачиларга ёрдамлашиш учун моддий имконияти етарли бўлмаганини кўрсатади.

Россиялик публицист Игорь Буничнинг "Партиянинг олтинлари" китобида ёзилишича, болшевиклар ҳокимиятни Германия қўшини ёрдамида босиб олиб, Россия хазинасини талон-тарож қилиб бўлгач, Бухоронинг олтин хазинасини эгаллаш илинжида бу ерга бостириб келишган.

Фрунзе 1917 йилдаёқ Бухоро хазинасидаги бойлик микдорини аниқлаш учун махфий буйруқ берган, бу вазифани бош вазир Мирзо Насруллобий Қушбеги ўта махфий равишда адо этган. Қушбегининг ҳисоботида кўрсатилишича, амир хазинасидаги олтин ва кумуш тангалар, ёмбилар, қимматбаҳо тошлар, қоғоз пуллар, тақинчоқлар, олмосларнинг 73 252 380 подшолик рубли миқдорида баҳоланган. Экспертларнинг баҳолашича, 1913 йилдаги 2 подшоҳ рубли тахминан бугунги 700 Россия рублига тенг бўларкан. Бундан ташқари, Чор Россияси банкларида унинг 27 миллион рублдан ортиқ маблағлари сақланган...

Кўпгина тадқиқотчилар бу бойликнинг катта қисми ўша пайтдаёқ Қизил армия ва большевиклар раҳбарлари томонидан ғорат қилингани, турли хорижий банкларга олиб чиқиб кетилганини таъкидлашади.

Ўзига хос хулқ-атвор

Амир Олимхоннинг қаттиққўллиги, хусусан жадидларга адоватини тушуниш мумкин эди. Ҳар бир ҳукмдор ўз тож-тахтига, салтанатига кўз тиккан кучларга қарши курашишга, уларни янчиб ташлашга интилади. Амирнинг ҳам бундан бошқа чораси бўлмаган.

Амирнинг ҳарами, унинг ахлоқсизлиги ҳақида ҳам турли гап-сўзлар юради. Албатта, бунда буржазия даври, эскилик сарқитлари, хонлар ва амирларни ёмонлашга асосланган совет даври мафкурачиларининг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

Ҳарам масаласида амир ўша пайтдаги бошқа ҳукмдорлар, монархияга асосланган давлат раҳбарларидан унча фарқ қилмасди. Унинг ҳарамида шаръий никоҳидаги хотинлардан ташқари, ўнлаб жориялар сақлангани ҳам ҳақиқат.

Зотан, Бухоро амирлиги замонавий қарашлар ва мезонларга асосланган давлат эмасди. У ўзидан аввалги темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар сингари ўрта аср сулолаларининг навбатдаги вориси эди, холос.

Ситораи моҳи-хоса, Бухоро

Шунга қарамай, Амир Олимхоннинг ўз даврида қатор масжид, мактаб ва мадрасалар, кўприклар, карвонсаройлар, Ситораи моҳи-хоса мажмуасини  қурдирган, 1911 йилда Санкт-Петербургда мусулмонлар учун катта жомеъ-масжиди қурилишига ҳомийлик қилган. Фақирлар, муҳтожлар, талабаларга доимий нафақа тайинлаган, тўйлардаги ортиқча исрофгарликларга йўл қўймаган.

Амирнинг сўнгги кунлари

Олимхонни Кобулга Афғонистон амири Омонуллахон қабул қилиб, доимий яшаши учун унга Қалъаи Фотуҳда маҳсус қароргоҳ ажратиб беради. У Кобулда яшаса ҳам Бухородаги озодлик ҳаракатига ғоявий жиҳатдан раҳбарлик қилишда давом этади.

Олимхон Кобулда ўзининг эсдаликларини (“Тарихи ҳузни милали Бухоро) ёзиб тугаллайди. Форс тилида битилган бу асар кейинчалик турли тилларга таржима қилинган ва ўзбек тилида “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” номи билан чоп этилган.

Асарда биз шу пайтгача тасаввуримизда жойлашиб улгурган ношуд, ишратпараст ва қаттиққўл амирни эмас, ўз халқи учун жондан кечишга тайёр, бухороликларнинг меҳр-муҳаббати қозонган, миллат бирлиги ва озодлиги учун ўз ҳаётини бахш этган инсонни кўрамиз.

Асар шундай жумлалар билан якун топади: “Бу банда шаҳзодалик пайтимдан тортиб то Бухоройи шарифда салтанат тутганимга қадар, шу билан бирга вилоятларга тааллуқли гапларни ёздим. Большевикларга қарши, бинобарин, инқилоб замонида хам курашдим. Бундан сўнг кўчишни ихтиёр қилиб, Дорус-салтана Қобулга ўтдим. Бухоро ахолиси ва унга тааллуқли вилоятлар менинг тарафдорим бўлиб, большевикларга қарши етти йил давомида курашдилар...”

Собиқ амир Кобул шаҳрида Афғонистон ҳукумати томонидан тайинланган нафақа ҳамда шахсий бизнеси - қоракўл савдосидан тушадиган фойда ҳисобидан кун кечирган. Яқинларининг эслашича, у умрининг сўнгги йилларида қанд касали билан оғриган ва кўзлари ожизлашиб қолган. Шунга қарамай, у ўлими олдидан оила аъзоларидан она Ватани томодан эсаётган шамолдан бир зумгина баҳра олиш, сўнгги она юрт ҳавосидан нафас олиш учун Амударё соҳилига олиб боришни илтимос қилган.

Саййид Олимхон узоқ давом этган ҳасталиклардан сўнг 1944 йил 5 май куни у Қалъаий Фотуда вафот этади. Кобул атрофидаги Шаҳидони ислом” қабристонига дафн этилган.

Амир мақбарасида “бу қабр соҳиби алам-ситамга тўла амир бўлмиш ва салтанат сурмиш зоти олийнинг бир кафт тупроғидан хотира” деган жумлалар битилиб, форс тилида яна бир байт илова қилинади:

Амири беватан хору фақир аст,

Гадо гар дар ватан мирад, амир аст.

(Ватансиз амир хор ва фақирдир, гадо ҳам ўз ватанида ўлса у амирдир)

Амир Олимхон мақбараси, Кобул


Рустам ЖАББОРОВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1