1

“Бузилган анъана”: АҚШнинг сабр косаси тўлдими?

ДУНЁ 28.03.2024, 19:54
“Бузилган анъана”: АҚШнинг сабр косаси тўлдими?

БМТ Хавфсизлик Кенгаши душанба куни 25 мартда Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Мазкур резолюция, шунингдек, барча гаровга олинганларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод қилишни талаб қилади.

Хавфсизлик кенгаши октябр ойида уруш бошланганидан бери бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг биринчи марта ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бу каби резолюцияларга вето қўйиб келаётган AҚШ бу сафар “анъанани бузди” – бетараф қолди. Хавфсизлик кенгашининг қолган 14 аъзоси эса уни ёқлаб овоз берган.

AҚШ аввалроқ Исроил ва ҲAМAС ўртасида сулҳ ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича нозик музокаралар давом этаётган бир пайтда бундай ҳаракат нотўғри эканини айтиб, ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияларни блоклаб келаётган эди.

Нетаняҳу нобоп “от”ми?

Тўғри ёки нотўғрими, аниқ айтиб бўлмайди-ю, аммо бир ҳикматли жумла бор: отларни кечувда алмаштириб бўлмайди. Бироқ Америка ҳукумати, агар имкони бўлса, Исроилнинг амалдаги ҳукумати бошлиғи Бенямин Нетаняҳуни ҳозирги сиёсий кечув пайтида жон деб бошқа “от”га алмаштирган бўларди. Зеро, анчадан бери Америка раҳбарияти Нетаняҳу билан ишлаб бўлмаслигига ишора қилувчи сигналлар бериб келмоқда. Жумладан, АҚШ президенти Жо Байден ҳам “агар Нетаняҳу ҳозир олиб бораётган сиёсатини ўзгартирмаса, Исроил халқаро ҳамжамиятда баттар ёлғизланиб қолиши, унга қарши жамоатчилик фикри кучайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин” деган эди. 

Гарчи АҚШ Исроилга яхлит бир сиёсий тизим,  “абадий” иттифоқчи сифатида муносабатда бўлиб келаётган бўлса-да, Исроилнинг амалдаги ҳукумати ўтган йили 7 октябрдан кейин юзага келган инқирозда умумий ўйин қоидаларига амал қилмасдан, АҚШ нуқтаи-назарини менсимасдан, саркашлик қила бошлаганидан хурсанд эмас, албатта. Нетаняҳу барча халқаро қонун-қоидалар ва уруш қонунларини топтаб ҳаракат қилмоқда, инсонийлик, демократия ва бағрикенглик каби тушунчалардан мосуво сиёсат юритмоқда. 

Экспертларнинг айтишича, барча диктаторлар каби, Нетаняҳу ҳам айни шароитда кичкина бўлса-да, бир “ғалаба”га муҳтож. Зеро, унинг ташаббуси билан бошланган суд ислоҳотлари – судларни ҳукуматга бўйсундириш ва шу тарзда ўз тахтини дахлсиз қилишга интилиш – Исроил халқининг норозиликлари ва намойишларига сабаб бўлаётган эди. Шу боис Нетаняҳу учун 7 октябр воқеалари айни муддао бўлди, дейиш мумкин. Тўғри, ҲАМАСнинг ҳеч бир қаршиликсиз Исроил ҳудудларига босқин уюштириб, яҳудий фуқароларни гаровга олганига йўл қўйгани учун Исроил ҳукумати ва разведкаси ҳамда армияси қаттиқ танқидларга дучор бўлди. Бироқ курсиси “лиқиллаб” қолган Нетаняҳу учун ўз муваффақиятсизликларини ювиб кета оладиган имконият туғилди. Агар Нетаняҳу бу урушда ҲАМАСни яксон қила олса, унинг барча хатолари унут бўлиши мумкин. 

Бироқ Нетаняҳу ушбу “тарихий” имкониятдан ҳам эплаб фойдалана олмаяпти. “Аксилтеррор уруши”нинг 6 ойдан бери тугамаётгани, гаровдагилар ҳамон озод этилмагани, исроиллик аскарларнинг ўлаётгани, ҳарбий-иқтисодий ресурслар самарасиз исроф қилинаётгани яна Исроил халқи онгидаги “Нетаняҳу - нобоп раҳбар” деган шубҳа-гумонларни мустаҳкамлай бошлади.

Бунинг устига, қудратли яҳудий лоббисининг мустаҳкам тўрларига ўраб-чирмаб ташланган бўлса-да, Исроилнинг шу пайтгача амалга ошириб келаётган қонли ҳамда ваҳшиёна “шўхликлари”га панжа орасидан қараб келаётган бўлса-да, ҳатто АҚШнинг ҳам сабр косаси тўла бошлади. Шу пайтгача Ғазо секторидаги 32 мингдан зиёд тинч фуқаро (уларнинг аксарияти аёллар ва болалар – муал.) ўлдирилгани, Ғазо сектори инфраструктурасини тузатиб бўлмас даражада вайрон қилгани боис, жаҳон ҳамжамияти Исроилнинг асл башараси – прояҳудий медиа яратган “бечора жабрдийда” образига мутлақо тескари эканини секин-аста англаб ета бошлади. Нафақат аксилғарб сиёсий қатлам ва давлатлар, ҳатто Ғарб ҳамда яҳудий миллатига мансуб аҳоли вакиллари ҳам Исроилнинг фаластинликларни геноцид қилаётганига жим қараб тура олмаяпти. Намойишлар ва ОАВдаги чиқишлар ҳам шундан дарак бермоқда. Уларга қарши намойишлар ўтказиш учун Исроил давлати ҳатто одамларга пул бериб, Исроилни қўлловчи намойишларни уюштиришга ҳам мажбур бўлмоқда.

Тўғри, АҚШ Исроилга ёрдамини тўхтатмасликка ваъда бериб келади ва ваъдасининг устидан чиқиши аниқ. Бироқ қўли қон эканлиги фош бўлган нусхага ёрдам беришда давом этавериш АҚШнинг халқаро майдондаги обрўсига, унинг “холис, тинликпарвар ва демократик воситачи” имиджига жиддий путур етказиши мумкин. Қолаверса, АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун ўзи шакллантирган “юмшоқ куч”ни жуда кўп сарфлаб юбораётганидан мамнун эмаслиги аниқ. 

Таъкидлаш жоиз, Яқин Шарқда илк террорчи гуруҳлар 1920-30 йилларда, ўшанда Британия мандати остида бўлган Фаластин ерларида ташкил этилган қуролли яҳудийлар – сионистик тўдалар шаклида пайдо бўлган. Уларнинг фаолияти Британия томонидан тақиқланган бўлса-да, сионистик қуролли тўдалар одамлар тўпланувчи жойларда портлашлар уюштирар ва бошқа турли провокацияларни ташкил этишарди. 

Бироқ террор атамасини мусулмонлар, хусусан фаластинликлар билан боғлаб дунёга тақдим этган ва “мусулмонми – демак потенциал террорчи” деган тушунчани Ғарб афкор оммасига “едира” олган нусха – Бенямин Нетанҳу бўлади. Қайд этиш жоиз, Исроилнинг аввалги бош вазирлари мана шундай террорчи сионистик гуруҳларнинг аъзоси бўлишган. Бенямин Нетаняҳу эса 1949 йилда туғилгани боис,  уларнинг сафида турмаганига қарамасдан, уларнинг маслаклари ва мафкурасини мерос қилиб олган, илик-илигигача сионист раҳбар ҳисобланади. 

Нетаняҳу ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, Исроил армиясининг фаластинликларга қарши қонли босқинларида иштирок этган, кейинчалик уларга бош-қош бўлган шахс. Унинг шу даврларда ёзган деярли ҳар бир китобининг номи “Террор” сўзи билан бошланади. Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант таъбири билан айтганда, “фаластинликлар одам эмас, ёввойи ҳайвон” деган ақида асосида ҳаракат қилади.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирган резолюциясига Нетаняҳу билдирган муносабат ҳам унинг АҚШ йўриғига юришни истамаётганини яна бир бор исботлади: Исроил шу ҳафта охирида ўз делегациясининг Вашингтонга режалаштирилган ташрифини бекор қилишга қарор қилди! Қолаверса, Нетаняҳу ушбу резолюцияга амал қилмаслигини очиқ-ойдин маълум қилди. Унинг офиси маълум қилишича, ўт очишни тўхтатиш гаровга олинганларни озод қилиш учун асос бўла олмайди. АҚШ ҳам аввал шу позицияда турган бўлса-да, энди ўз режаларини ўзгартиргани Нетаяҳунинг ғазабини келтирмоқда. Шунингдек, Исроил мудофаа вазирининг айтишича, Исроил Ғазода гаровга олинганлар сақланиб қолаётган пайтда урушни тўхтатмайди.

Тўғри, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг координатори Жон Кёрби Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ва AҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан ўртасидаги режалаштирилган учрашувлар албатта ўтказилишини айтган.  Лекин АҚШнинг ўт очишга чақирилган резолюцияга вето қўймагани Исроил билан муносабатларда кичик бўлса-да, жарлик пайдо бўлганидан дарак бермоқда.

Қоғозда қолиб кетувчи навбатдаги резолюция

Ўз навбатида БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш ўт очишни тўхтатиш ва “барча гаровга олинганларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиш”ни таъминлаш учун резолюцияни “ижро этиш” кераклигини айтди. Афсуски, бу масалада энг нозик ва муҳим сўз шу – “ижро этиш”!

Тарихга қарайдиган бўлсак, Исроил БМТнинг Фаластин масаласи бўйича бирорта резолюциясини бажармаган. “Ядро таёғи” ҳамда “қаппайган кармони” мавжуд АҚШ ва Европа давлатлари каби ҳимоячилар бор экан, Исроил бундан кейин ҳам ўз билганича иш тутиши, ваҳшиёна “эркалик”ларини давом эттириши эҳтимолга яқинроқ. Исроил армияси фаластинликларни ваҳшиёна қириб ташлаётгани, сув, газ ва ёқилғидан мосуво қилаётгани етмагандек, уларга жўнатилаётган дори-дармон ва озиқ-овқатдан иборат гуманитар юкларни ҳам чегарасидан ўтказмаяпти.

Бироқ “томчи тошни кемиради” деган нақл бор. ЖАР адвокатлари Халқаро судда Исроилга қарши даъво иши очтиришганида унинг бефойда эканлиги айтилган ва натижа ҳам шунга яраша бўлган эди. Одамларнинг кўчаларга аксилисроил намойишларга чиқишлари ҳам шундай самарасиз ва бефойда уриниш, дея баҳоланганди. Бироқ бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётган кўринади: борган сари кўпроқ давлатлар Исроилни “тартибга чақириш”ни, унинг хунрезликларига чек қўйишни талаб қилмоқда. Афсуски улар, жумладан Европа давлатлари ҳам АҚШнинг вето ҳуқуқи олдида ожиз эди. Шу боис бу галги резолюцияга вето қўймаганини – АҚШнинг бу можаро ижобий ҳал бўлишига ҳисса қўшиш учун амалий қадам қўйиши, дея баҳоласак ҳам бўлади.

Тўғри, AҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши сўзловчиси Жон Кёрбининг айтишича, AҚШнинг резолюцияни қабул қилишга рухсат бериш қарори "сиёсатимизда ўзгариш юз берди" дегани эмас. Унинг сўзларига кўра, AҚШ ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлаган, бироқ резолюцияни ёқлаб овоз бермаган, чунки резолюция матнида ХAМAС ҳаракати қораланмаган.

Шунга қарамасдан, Россия-Эрон-Хитой “ўқи”нинг кучайиб бораётгани, улар эса ўқ отишни тўхтатиш ва Фаластин давлати тузилишини ёқлаб баёнотлар бераётгани келажакка умид уйғотиши табиий. Зеро, бутун маҳалла норози қараб турган шароитда, подани булғаётган битта тиррақи бузоқни ҳимоя қилавериш нафақат АҚШ обрўсига путур етказади, балки Америка халқи норозиликларини кучайтириб, Жо Байденнинг сайланмай қолиш эҳтимолини ҳам оширади. Сайловга эса оз қолди. Нега дабдурустдан вето қўйилмаганини энди тушунгандирсиз?..

                                                                                                                                                                                                   Абдуллоҳ САИД

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1