1

Хасталик ҳақида мутахассисдан тавсиялар

САЛОМАТЛИК 21.05.2024, 22:50
Хасталик ҳақида мутахассисдан тавсиялар

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева ўз вақтида муолажа қилинмаган   астма касаллигининг нохуш оқибатлари ҳақида маълумот берди.

 Қайд этилишича, астма жиддий юқумли бўлмаган касалликлар сирасига кириб, нафас йўлларининг яллиғланиши ва торайиши билан тавсифланувчи сурункали ўпка хасталиги ҳисобланади. Астма сўзи юнон тилидан таржима қилинганда “бўғилиш”, “оғриқ” деган маъноларни англатиб, у доимий ва такрорланиб турадиган бўғилиш хуружлари билан кечади.

Бронхиал астма — бронхларнинг аллергик ёки инфекцион сабабларга кўра сурункали тарзда яллиғланиши ҳисобланиб, хасталик аллерген омилларга боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган турларга бўлинади.
 

Тиббиётда аллергенлар асосан тўрт гуруҳга ажратилади: дарахт гулларининг чанги, уй чанглари, ҳайвон юнги ва бошқалар. Ноаллергик сабаблар сифатида жисмоний юкламаларнинг кўплиги, руҳий тушкунлик, совуқ ҳаво кабиларни киритиш мумкин. Тўғри, совуқ ҳаво, вирусли инфекциялар, ўткир ҳидлар, асабийлашиш аллерген ҳисобланмайди, бироқ мазкур омиллар астма хуружига туртки бўлиши мумкин.

Хасталик кечаю кундуз мунтазам йўтал, бўғилиш ва нафас чиқаришнинг қийинлиги, жисмоний машқлар пайтида бўладиган йўтал, кўкракнинг “ҳуштак” чалиши, аллергенлар

 билан мулоқотда бўлганда хуружларнинг қўзғалганлиги ҳамда кўкрак қафасидаги ноқулайлик каби белгилар билан кечади.

 Беморнинг нафаси қисилганда тананинг диафрагма соҳасида кучли оғриқ пайдо бўлади. Хуруж йўтал тутиши билан бирга келиб, бронхлар ички юзасидаги балғам чиқариб ташлангач, бемор аҳволи бирмунча яхшиланади. Касаллик хуружида ўпка альвеолаларида газлар алмашинуви кескин сусаяди. 

 Шунингдек, баъзиларда касаллик хуружи жисмоний юкламалардан сўнг янада кучаяди. Айримлар эса совуқ ҳавода нафас олганида ҳам ўзини ёмон ҳис қилади. Бу, албатта, тананинг индивидуал хусусиятига боғлиқ. 

Ушбу хасталикка жиддий эътибор қаратиш ва шифокор кўрсатмаларига сўзсиз риоя қилиш зарур. Акс ҳолда турли кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқади. Агар ўз вақтида муолажа қилинмаса, астма, ҳатто, интенсив даво талаб қилувчи оғир ҳолатларга ҳам олиб келиши мумкин. Шу боис унга эътиборсиз бўлиш асло ярамайди.

Бу дард билан оғриган инсонларга шифокорлар йилда икки бор табиат қўйнида, айниқса, арча кўп экилган сиҳатгоҳларда ҳордиқ чиқаришни тавсия этади. Шунингдек, истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам аллергик таъсирлардан холи бўлиши талаб қилинади. Унутманг, агар ҳаёт тарзингизда тартибга риоя қилмас экансиз, бу хасталик билан курашиш анчайин қийин кечади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1