1

Тошкентда 40 ёшли эркакнинг жасади топилди

ЖАМИЯТ 01.07.2024, 17:57
Тошкентда 40 ёшли эркакнинг жасади топилди

Тошкент шаҳрида кўчаларнинг бирида эркак жасади топилди. Бу ҳақда darakchi.uz'га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Билдирилишича, бугун, 1 июль куни соат 06:03 ларда Бектемир тумани Бектемир маҳалласида газон устида номаълум эркакнинг қонга беланган жасади ётгани ҳақида пойтахт ИИББга хабар келиб тушган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида жасад Самарқанд шаҳрида доимий рўйхатда турувчи, 1984 йилда туғилган фуқарога тегишли экани аниқланган.

Дастлабки хулосага кўра, мурданинг иккала қўлининг билак қисмларида, бўйин қисмида ҳамда чап оёғи сон қисмида кесилган жароҳатлари аниқланган. Хулосада, эркак ушбу тан-жароҳатларни ўзига ўзи етказган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмаслиги ҳам кўрсатиб ўтилган. Воқеа жойида олиб борилган суриштирув ишлари давомида жасад ётган жойдан 1 дона лезвия қон доғлари билан топилиб, расмийлаштириб олинган.

Қўшимча қилинишича, ҳозирги вақтда воқеа содир этилган жой ва атрофдаги видеокузатув мосламалари ўрганиб чиқилган. Унга кўра, оқ рангли Nexia ҳайдовчиси (киракаш), вақтинча Бектемир туманида яшовчи 23 ёшли қашқадарёлик фуқаро билан суҳбат олиб борилган.

Унда, Nexia ҳайдовчиси марҳум спиртли ичимлик истеъмол қилгани ҳамда ўз жонига қасд қилмоқчи эканини айтгани, сўнг ўзига ўзи лезвияда тан жароҳати етказгани, автомашина қон бўлгани сабабли уни тушириб юборганини маълум қилган.

"Марҳум тўғрисида унинг яқин алоқалари, яшаш манзили ва фаолият турини аниқлаш мақсадида тезкор суриштирув ишлари давом эттирилмоқда", дейилади прокуратура хабарида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1