1

2030 йилгача иқлим ўзгариши бўйича стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда — депутат

ЖАМИЯТ 13.05.2021, 11:16
2030 йилгача иқлим ўзгариши бўйича стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда — депутат

Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси уни ҳал этишнинг атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда кузатилаётган ва кутилаётган иқлим ўзгаришларига мослашиш йўналишларини белгилади. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик ва атмосферада иссиқхона газлари миқдорини бундан кейин ҳам кўпайиши ҳолатида мамлакатлар иқлим ўзгариши борасидаги ҳаракатлар учун катта маблағларни мобилизация қилишларига тўғри келади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ислом ХУШВАҚТОВ ушбу мавзуда уз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. 

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида Ўзбекистон 2017 йилда Париж Битимини қабул қилди. Янги келишувнинг асосий қирраларидан бири ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган. Келишувнинг асосий мақсади иссиқхона газлари ташланмаларини сезиларли даражада камайтириб, сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 1,5-2 градус чегарасида ушлаб туришга эришишдан иборат. 2020 йилдан бошлаб ижрога кирган Париж тарихий шартномаси дунё сатҳида иқлим масаласи бўйича келишилган биринчи шартномадир. 

Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги янги Қонуни, “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги Қонунининг қабул қилиниши, “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ва бир қатор хукумат қарорлари ушбу халқаро хужжат доирасида қабул қилинган мажбуриятлар ижросини таъминловчи хуқуқий асослар бўлиб ҳисобланади.

Шунингдек, сўнги 3-4 йил ичида Орол денгизининг қуриган тубидаги 2 млн ер майдонида ўрмонлаштириш ишларининг хамда “яшил худудлар” ва “яшил белбоғ”ларнинг барпо этилиши Конвенция ижросининг амалий тадбирларидир.

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача иқлим ўзгариши бўйича стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур Стратегия асосида ишлаб чиқиладиган “Йўл харитаси” мамлакатимизда иқлим ўзгаришларига мослашиш борасида манзилли чора-тадбирларни мақсадли амалга ошириш имконини беради.

Париж келишувининг ратификация қилиниши Ўзбекистон учун қатор манфаатли имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича Давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурслари (асосан грантлар)ни жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатлар (Орол фожиаси, чўлланиш, қурғоқчилик)га қарши курашиш кабиларда имконият яратади.

Париж битимида қатнашиш инвестиция ресурсларини жалб қилиш ҳамда халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг кредитларини олиш учун индикатор ҳисобланади. Мазкур битимга мувофиқ, Иқлим соҳасидаги ҳаракатлар келажакдаги савдо келишувлари учун шарт бўлиши мумкин. Франция ҳукумати Париж битимига аъзоликни Европа Иттифоқи савдо келишувларидаги муҳим элемент сифатида қабул қилиш таклифини билдирди. Бу Европа Иттифоқи Париж битимини ратификация қилмаган ёки уни амалга оширмаётган мамлакатлар билан бошқа савдо-сотиқ қилинмаслигини англатади.

Шу жиҳатларни, энг муҳими, халқимиз манфаатларини, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсади устувор эканини инобатга олган ҳолда, Париж битимини ратификация қилиш Ўзбекистон Республикасининг умуминсоний қадриятлар, битимда акс эттирилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларига содиқлигини кўрсатади. Айни пайтда бу Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияга аъзо давлатлар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1