1

ЙПХ ходимлари фаолиятини ёритишга «ихтисослашиб олган» ижтимоий тармоқ фаолларининг ҳаракатлари «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга зид — Шохрух Ғиёсов

ЖАМИЯТ 24.03.2022, 19:49
ЙПХ ходимлари фаолиятини ёритишга «ихтисослашиб олган» ижтимоий тармоқ фаолларининг ҳаракатлари «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга зид — Шохрух Ғиёсов

Аввалроқ, "Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчакиритиш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилингани ҳақида хабар бергандик.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Матбуот котиби Шохрух Ғиёсов Darakchi.uz'га маълумот берди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низом»нинг 19-бандига «ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик» нормаси киритилаётганлиги айрим ижтимоий тармоқ фаолларида салбий фикрлар уйғотмоқда.

Масалага ойдинлик киритсак.

1. Ҳозирги кунда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритишга «ихтисослашиб олган» ижтимоий тармоқ фаолларининг деярли барчасини ҳаракатлари амалдаги «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга зид. Яъни ҳар қандай маълумот, фақат текширилиб, холислигига ишонч ҳосил қилинганидан сўнг, ахборот сифатида тарқатилиши шарт.

Бу қоидага риоя этиляптими? Аксарият ҳолда, йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг фаолияти тасвирланган видеолавҳалар, айнан зиддиятли, шов-шувли ёки ходимни обрўсизлантирувчи шарҳлар билан, иккинчи томоннинг муносабатисиз ижтимоий тармоқларда тарқатилиши давом этмоқда.  

Ҳа, сиз тўғри тушундингиз. Киритилаётган янги нормасиз ҳам нохолис ахборот тарқатиш ноқонуний. Қани айтингчи, барча ижтимоий тармоқ фаоллари холисликка риоя қиляпти-ми? Тўғри, ахборотга аниқлик киритиб, уни холис тарқатиш, ушбу контентга омманинг қизиқишини кескин пасайтириб юборади, бу эса томошалар сони қисқаришига, пировардида даромадни камайишига олиб келади. Лекин, ким айтди, давлат органи ходимини обрўсизлантириш орқали даромад топиш, бу очиқлик, деб?

2. Орқага қайтиш, жамоатчилик назоратини бўғиш бўлаётганлигини иддао қилаётган ижтимоий тармоқ фаолларига савол, сизга ким жамоатчилик назоратини олиб боришингизга тўсқинлик қилмоқда? Ходимнинг фаолиятига халақит бермаган ҳолда тасвирга олинг, ноқонуний ҳаракат бўлди десангиз, муносабат сўранг, шикоят қилинг, холис ахборотни қўлга киритганингиздан сўнг, тарқатиш масаласини кўтаринг. Ким сизга халақит беради? Тўғри озгина кўпроқ ишлаш керак, изланиш керак, суриштириш керак. Лекин, ким айтди, ахборот тарқатиш фаолияти, осон даромад манбаи, деб?  

3. Кўчада атайлаб зиддиятли вазиятларни уюштириш, ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаслик, ҳаттоки буни тарғиб қилиш, қоидани бузиб аламзада бўлаётган ҳайдовчиларнинг жазавалари, салбий ёки ноқонунийликка урғу берилган ёзувлар ёҳуд контекстдан юлиб олинган шарҳлар ва ҳоказо салбий контент, очиқликми? Ёки айнан шу мазмундаги видеолавҳаларга «заказ» бериб, уларни сотиб олиш ва тарқатиш, очиқликми? Ким бу саволларга жавоб беради?

Фикр қилишингиз учун, мана бу рақамларга аҳамият беринг, 2021 йилда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 707 та салбий ахборот тарқатилган бўлса, уларни текшириш натижасига кўра, бор-йўғи 55 таси ўз тасдиғини топган. Айтишингиз мумкин, ҳа, буям бир ишда, тасдиқланмаган бўлса, кафтдек муносабат бериб қўйинг, шуни ўзи бўладида, деб.

Лекин, бу қонунсизликнинг оқибатичи? Ҳеч бир фуқаро ҳақиқатни билмасдан туриб ёзган салбий комментариясини ўчирмайди, ижтимоий тармоқ фаоли ўша ходимни обрўсизлантиришга олиб келган контентини олиб ташламайди, ходимнинг яқинлари ёки фарзандларидан бориб, мен нотўғри қилибман, деб, узр сўрамайди.  

Қани бу ерда очиқликни бўғилиши? Қонунга риоя қилишни талаб қилиш, очиқликни таъминланишини тартибга солиш бўйича норма ишлаб чиқиш, орқага йўлми?  

Янги норма, юқорида баён этилган ноқонуний ахборот тарқатиш фаолиятга барҳам бериб, ҳақиқий шаффофликни таъминлашга қаратилганлиги айни ҳақиқат. Буни инкор этишга ҳаракат қилманг. Очиқлик бу қонунсизлик эмас. Қонунни талаб қилишдан олдин, қонунга риоя қилишни ўрганиш керак.

Бу масала юзасидан қўшимча саволлар бўлса, марҳамат, мен билан боғланинг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1