1

"Март, апрель ва май ойлари бизнинг “сезонимиз”. Гуллар "орасидан" ҳар ой 15 миллион топадиган оила...

ЖАМИЯТ 25.03.2022, 15:59
"Март, апрель ва май ойлари бизнинг “сезонимиз”. Гуллар "орасидан" ҳар ой 15 миллион топадиган оила...

Гулчилик ортидан ҳам яхшигина даромад қилувчилар талайгина... Бугунги қаҳрамонимиз айнан гулчилик ортидан рўзғорини ҳавас қиларли даражада тебратаётганлардан...

“Гул навини пойтахтдан олиб кетамиз”

Шарофатбегим Алиризаева, тадбиркор-сотувчи. Ёши 55 да. Самарқанд шаҳрида яшайди. 20 йилдан буён гул етиштириб сотиш билан шуғулланади. 

"Асосан, “Сиёб” бозорида савдо-сотиқ қиламиз. Тошкентга келиб, гул олиб кетаётганимизга сабаб менда ҳали гулларнинг тури кўп эмас, аслида, сотадиган гулларимнинг тури кўп. Аммо ўзим етиштираётганларим бироз кам мен учун. Уйда кўпроқ гул етиштиришни хоҳлайман. Бир ойда бир марта ёки икки марта пойтахтга келиб, бу ердаги гул етиштирувчилардан ҳам янги гул навларини оламан, ҳам маслаҳатларини олиб кетаман".

“Гулларни сотиш масъулияти менинг зиммамда” 

"Икки йил олдин ҳовлимизга парник қилдиргандик. Икки сотих жойга. Ҳозирда унинг ичида 20 хилдан зиёд ер гулларимиз ва 50 хилдан зиёд тувак гулларимиз бор. Бизнинг бизнесимиз оилавий бизнес бўлганлиги учун турмуш ўртоғим, қизим, ўғлим, келиним, ҳатто набираларимгача ҳаммамиз бирдек меҳнат қиламиз. Шунинг учун, ростини айтсам, ишнинг асосий оғирлиги менга тушмайди. Мен асосан уларни сотиш масъулиятини зиммамга олганман". 

Даромад қанча?

Бир ойда оилавий топадиган даромад 10-15 миллион атрофида. Мавсумда эса бундан анча юқори бўлади. 

"Март, апрель ва май ойлари бизнинг “сезонимиз” (кулади). Бозордаги савдодан ташқари Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан ҳам ҳамкорликда ишлаймиз. Шаҳар кўчаларига ҳар йили экиладиган гул кўчатларининг асосий қисмини ўзимиз етиштириб берамиз", - дейди қаҳрамонимиз. 

“Гулларнинг жони бор”

"Энг аввал ишни бундан 20 йил олдин аниқ сўммаси ҳозир эсимда йўқ, тахминан 200 ёки 300 сўм пул билан помидор ва булғор қалампири етиштириб, сотишдан бошлагандик. Аммо мен ёшлигимдан гулларга жуда қизиқардим. Менимча, гулни ёмон кўрадиган, ундан завқ олмайдиган аёлнинг ўзи бўлмаса керак. Шулар қаторида мен ҳам завқ билан ишлашни хоҳлаб, хўжайинимни кўндириб, секин гул етиштиришга ўтиб олганман. Гуллар билан ишлаш мароқли-да. Бу мароқни ҳис қилиш учун гуллар орасига кириш, улар билан суҳбатлашиш керак. Ҳар куни бўлмаса ҳам, икки-уч кунда бир, албатта, гуллар билан гаплашиш учун иссиқхонага кираман. Уларнинг жони бор. Сизнинг кайфиятингизни, нима деётганингизни гуллар тушунади. Гулларни яхши кўрганим сабабми ёки меҳнатларимиз эвазигами, Аллоҳга шукр дейман, 20 йиллик фаолият давомида ҳали бирорта гулни сўлитиб қўйган ёки ўстиролмай қолган пайтимиз бўлмади. Эндиги режамиз иссиқхонани яна-да кенгайтириб, етиштираётган гулларимизнинг турини ва сонини ошириш. Ахир бунча гўзаллик орасида қанча кўп ишласа, инсон шунча ёшаради..."

Моҳинур Рустамова суҳбатлашди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1